ТАВБА ҚИЛМАГАН ФИРИБГАР
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида яшовчи Фахриддин Мирзаев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳозир 46 ёшда. Бироқ у айни пайтга қадар беш маротаба фирибгарлик жиноятини содир этиб, судланган.

У бешинчи марта Республика ногиронларни реабилитация қилиш марказида даволанаётган, ночор аҳволдаги Набижон Холматовни чув туширди.
Гап шундаки, фирибгарликнинг ҳадисини олган Ф. Мирзаев бир куни пўрим кийиниб, реабилитация марказига йўл олади. У ерда ўзини бадавлат ва саховатли инсон сифатида таништириб, моддий жиҳатдан қийналган ногиронларга ёрдам кўрсатишини айтади. Буни эшитган тиббиёт ходимлари унга Набижон Холматовни рўбарў қилишади.
— Ўзим тадбиркорман. Худога шукр, топиш-тутишим ёмон эмас. Қолаверса, сиздек муҳтож инсонга ёрдам қилсам, ишим янада ривожланади, — дейди Фахриддин.
«Менга шундай инсонни учратгани учун Аллоҳга шукр!» — дея ич-ичидан хурсанд бўлади Н. Холматов. Сўнг ҳаяжонланиб, яна Ф. Мирзаевга қулоқ тутади.
— Менга бирорта пластик карточка берсангиз, банкка бориб, ҳисоб рақамимдан пул ўтказиб келаман, — дейди «ҳотамтой».
Бу гапга лаққа ишонган Набижон Холматов ўша заҳотиёқ ўзининг номига очилган пластик карточкасини унинг қўлига тутқазади.
Аммо фирибгар мазкур картадаги Н. Холматов кўпдан буён пенсиясидан жамғариб келаётган 950 000 сўмни ечиб олади-да, пластик картани ташлаб юборади. Қўлга киритган пулни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлайди.
Шундан сўнг орадан бир-икки кун вақт ўтади. Лекин шунда ҳам «ҳожатбарор»дан дарак бўлмагач, Н. Холматов алданганини англаб етади.
«Шу ёшга кириб, бундай алданиб қолиш тушимга ҳам кирмаганди. Ҳа, содда, Наби-я», — дея ўзини-ўзи койийди ногирон амаки. Кейин юз берган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.
Натижада Фахриддин Мирзаев қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Албатта, тергов жараёнида у жабрланувчининг пулларини қайтариб беради. Суд мажлисида қилмишидан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўрайди. Шу боис унга қилмишидан тегишли хулоса чиқариб олиш, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланади.
Бироқ унинг суддаги пушаймонлиги шунчаки жазодан қутулиш учунгина айтилган гап бўлиб чиқди. Чунки у жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 2021 йил 13 августдаги ажрими билан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган 1 йил 4 ой 18 кун озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли озод этилгач, яна эски «ҳунар»ини бошлайди. Бу сафар фирибгар Зангиота туманидаги маҳаллаларни кезиб, ўзига «ўлжа» излашга тушади. Шунда кўчада 2 нафар аёл ўзаро суҳбатлашиб турганини кўриб қолади. Уларнинг ёнига бориб, салом-алик қилгач, аввалгидек ўзини катта тадбиркор, нуфузли мебель цехи соҳиби сифатида таништиради. Сўнгра савоб умидида кам таъминланган оилаларни қидириб юрганини маълум қилади. Ўша аёллардан бири — Зангиота туманининг «Қорасув» маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган Озода Иброҳимова унинг гапларига лаққа тушади.
Унинг кўзига Ф. Мирзаев чинакам саховатпеша бўлиб кўринади.
Бинобарин, аёл Ф. Мирзаевни уйига таклиф қилиб, онаси билан таништиради. Кейин бирин-кетин ўзининг муаммоларини айтиб беради.
Яъни уйининг томидан чакка ўтаётгани, деразалари сингани — хуллас, яшаш шароитини яхшилаш кераклигини билдириб, ёрдам беришини илтимос қилади. Ўша пайтда Ф. Мирзаев она-боланинг ишончини янада қозониш учун бир «роль ўйнайди».
— Пешин вақти бўлиб қолибди. Менга жойнамоз берсангиз, бирор хонада намоз ўқиб олсам, — дейди у.
Шунда Озода ва онаси унинг тақводор инсон эканига тўлиқ амин бўлиб, саховатли бир бойга дуч келганидан роса қувонишади.
— Менга пластик картангизни берсангиз, ҳисоб рақамимдан пул ўтказиб бераман, — дея у худди Набижон Холматов сингари она-болани ҳам лақиллатади.
О. Иброҳимова ўзини тақводор кўрсатган бу кимсага пластик карточкасини бериб юборади. Фирибгар пластик картада мавжуд бўлган 500 000 сўмни нақдлаштириб олади-ю, қайтиб қорасини кўрсатмайди. Аммо қонун ҳимоячиларидан қочиб қаёққа ҳам борарди?
Жабрланувчининг мурожаатига биноан қўлга олингач, унга нисбатан олтинчи маротаба жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, озодликни чеклаш жазосига маҳкум этди.
Судда фирибгар яна илгаригидек тавба-тазарру қилди — айни пайтда касал экани, ўзининг уй-жойи йўқлиги, ижарада яшаши ва қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Унинг пушаймонлигини эшитган кишининг хаёлига доно халқимизнинг «Букрини гўр тўғрилайди» деган пурҳикмат нақли келади.
Зафар ШАРОПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани суди судьяси
Фикр қолдириш