ҚОТИЛГА АЙЛАНГАН ҚАРИНДОШ
Тўрақўрғон туманининг «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи Исмат Алиназаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ёшлигидан анчайин манман, калондимоғ бўлиб улғайди. У ўтган йилнинг август ойи охирларида уйига меҳмон бўлиб келган тоғасига қўл кўтарди.

Исматнинг бу қилиғи қариндош-уруғларини қаттиқ ранжитди. Кўпчиликнинг ундан кўнгли қолди. Айнан ана шу воқеа сабаб у 2021 йил 5 сентябрь куни яна бир қариндоши Ботир Абдулҳамидов билан ҳам жанжаллашиб қолди.
Афсуски, бу жанжалнинг охири фожиали якун топди.
Воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, ўша куни И. Алиназаров дўконга борганида Ботир унга кинояли сўз қотади:
— Тоғасини урган «полвон», ишлар қалай?
Табиийки, бу гап Исматга ёқмайди. Пировардида иккаласи муштлашиб кетишади. Лекин атрофдагилар уларни ажратиб қўйишади. Ботир у билан жанжаллашмаслик мақсадида уйига кириб кетади. Бироқ И. Алиназаров уни телефон орқали ҳақорат қилиб, сўкишда давом этади. Қолаверса, ўртадаги зиддиятга ойдинлик киритиш мақсадида қариндошини туманнинг «Олчин» маҳалласи марказига чақиртириб, бир неча маротаба қўнғироқ қилади. Жавоб бўлмагач, SМS хабарлар юборади. Аммо Б. Абдулҳамидов кейинчалик телефон аппаратини ўчириб қўяди. Бу эса зўравон йигитга жуда алам қилади. Натижада у ғазабланиб, Ботирнинг акаси Баҳром Абдулҳамидовга телефон қилади. Улар ўзаро баҳслашиб, орани очиқ қилиш учун туманнинг жанубий чегарасидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси бўйида учрашишга келишади.
Эртаси куни Исмат уйидан чиқиб кетаётган вақтида укаси Жавоҳир Алиназаров кечқурун бўлиб ўтган воқеа тафсилотини сўрайди.
— Майли, ўтган ишга саловат. Сиз борманг, Баҳром ака ва Ботир билан ўзим гаплашаман, — дейди Жавоҳир.
Шунинг учун акасини уйда қолдириб, ўзи Баҳромнинг уйи томон йўл олади.
Манзилга яқинлашганда Баҳром тоғаси Азамат Акромалиев билан кўчада турганига кўзи тушади. Ж. Алиназаровга тоға-жиян гўёки акаси Исматни сўроқ-савол қилиш учун йиғилишгандек туюлади. Шу боис у акасига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда хабар беради. Сўнгра Баҳром ва Азаматнинг ёнига боради. Шу пайт Б. Абдулҳамидов бор кучи билан Ж. Алиназаровнинг юзига мушт туширади. Оқибатда у ҳушини йўқотиб, ерга йиқилади.
Укасининг қўнғироғидан кейин ғазаб отига минган И. Алиназаров ошхонада турган ўткир пичоқни олиб, киракаш машинада Баҳром Абдулҳамидовнинг олдига жўнайди.
Исмат етиб келгач, укаси Жавоҳирнинг ерда қимирламай ётганини кўриб, «Укамни ўлдириб қўйибди» деган фикрга боради. Шу боис машинадан туша солиб, куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинганча Баҳромга ташланади ва ёнидаги пичоқни олиб, унинг кўкрак қафаси ва ўнг елка қисмига зарб билан санчади. Оғир жароҳат олган Б. Абдулҳамидов воқеа жойида вафот этади. Пировардида қотил шу куниёқ қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида Исматнинг хонадонидан соф вазни 3,22 граммга тенг «Марихуана» гиёҳвандлик моддаси ҳам топилади.
Шундан сўнг ҳар икки жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон тумани судида кўриб чиқилди. Суд И. Алиназаровни Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш) ва 276-модда (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) лари 1-қисмига асосан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, манманлик ва ўжарлик каби иллатлар ҳамиша инсонга панд бериб, аянчли қисматларга гирифтор этиб келган.
Жаҳли чиққанда ўзини босолмаслик эса, бундан ҳам хавфлироқдир. Шу боис оила, маҳалла ва бутун жамиятимизда ана шундай иллатларга қарши қатъий курашиш зарур. Юз берган қотиллик барчани ҳушёр торттириши, ҳамиша огоҳ бўлишга ундайди. Зеро, жиноятчиликнинг олдини олишга барча бирдек масъулдир.
Отабек СИДДИҚОВ,
жиноят ишлари бўйича
Тўрақўрғон тумани суди раиси
Фикр қолдириш