«ЧАҚАЛОҚ»НИНГ ОРЗУСИ 40 ЁШГА ЕТГАНИДА УШАЛДИ

Шу йил 29 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судида қизиқ бир масала муҳокама қилинди. Суд мажлиси сайёр тартибда, Ҳазорасп туманидаги ўафур ўулом номидаги маҳаллада ўтказилди. Суд мажлисида Тупроққалъа туманида истиқомат қилаётган Нодира Машарипованинг аризаси муҳокама қилинди.

Даъвогар судда кўрсатма бераркан, отаси Ўрозбой Машарипов ва онаси Светлана Тиматева 1976 йил қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда турмуш қуришгани, бу жараёнда 5 нафар фарзанд дунёга келгани, ўзи эса, 1991 йилнинг 11 май куни Питнак шаҳрига қарашли Тупроққалъа мавзесида туғилганини баён қилди.

Афсуски, ўшанда туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ота-онанинг қонуний никоҳсиз туғилган қизчанинг номига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш ҳақидаги сў­ровини рад этади.

Шу боис у туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини олмай туриб вояга ет­ди. Аниқроқ айтганда, фуқаролиги бўлмаган шахс рўпара келиши эҳтимол тутилган қарама-қаршиликларнинг аксари унинг йўлини кесиб чиқди. Оқибатда мактаб таълими ора йўлда қолди.

Нодира Машарипова таълим-тарбия жараёни авж паллага кўтарилган, ақли ва билими рўйи-рост чечак ёзаётган бир вақтда ўз қадрдон мактабини тарк эт­ди. Бу во­қеа 2004 йил рўй берди.

Саъй-ҳаракатларнинг ба­ри зое кетди. Бу ҳол юртимизда адолат, одиллик, холислик, қонунийлик, чинакам ҳурлик эпкинлари эса бошлаган, халқ давлат идораларига эмас, давлатнинг ўзи ом­ма ҳузурига дадил ошиққан айни дориломон кунларимизгача давом этди.

…Нодира фуқаролиги бўл­маган шахс сифатида туғилганлик фактини белгилашни сў­раб, судга мурожаат қил­ди. Суд томонидан аризада келтирилган талаблар атрофлича ўрганилди. Ҳудуддаги 13-сонли умумтаълим мактаби судга Нодира Машарипова ҳақиқатан ҳам, ушбу масканда 1999 йилдан 2004 йилгача билим олгани, аммо ўқишни охиригача етказмагани боис унинг номига шаҳодатнома расмийлаштирилмагани ҳақида маълумотнома тақдим этди. Тумандаги «Ҳазорасп» маҳалла фу­қаролар йиғини томонидан берилган маълумотномада эса, Н. Машарипова айни пайтда ушбу маҳаллада истиқомат қи­лиши баён этилган. Бошқа далиллар ҳам тўпланди. Уларнинг бари салкам 30 ёшга ет­са-да, туғилганлик ҳа­қидаги гувоҳномаси, бинобарин фуқаролик мақомидан ҳам бебаҳра қолиб келаётган Н. Машарипова чиндан ҳам, 1991 йил 11 майда Ў. Машарипов ва С. Тиматева ои­ласида дунёга келганини тасдиқлади. Ўттиз ёшли Н. Маша­ри­пова жонажон Ўзбекистон учун бегона ёки номатлуб шахс эмас. Аксинча, шу юртнинг чин фуқароси ва тасдиғини топган ушбу ҳақиқат тан олинмоғи керак. Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасида уқдирилишича, туғилганлик факти суд тарафидан белгиланади.

Олий суди Пленумининг «Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорида қайд этилишича, фуқаролик ҳо­лати далолатномаларини қайд қилиш органида архив ҳужжатлари йўқолган, тегишли ёзувлар сақланмаган ва бундай ёзувларни тиклаш фуқаролик ҳо­лати далолатномаларини қайд қилиш органлари томонидан рад қилинган бўлса ёки бундай ёзув фақат суднинг фуқаролик ҳолатини рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳал қилув қарори (масалан, вафот этганларга нисбатан) асосида тикланиши мумкин бўлган ҳолатларда судлар туғилганлик, болаликка олиш, ни­коҳ, ажралиш ва ўлимни рўйхатга олиш фактини белгилашга ҳақли.

Фуқаролик процессуал кодексининг 297-моддаси иккинчи қисмига кўра, фуқа­pолик ҳолати актларини қайд этиш органлаpида pасмийлашти­pилиши лозим бўлган факт­лаp­нинг аниқланганлиги тўғ­pи­сида суд чи­қаpган ҳал қилув қаpоpи бу органлаp томонидан беpиладиган ҳуж­жатлаpни қайд қилиш ёки расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги факти, шунингдек, туғилган вақтини аниқлаш борасидаги ишлар эса, ушбу кодекснинг 295-моддасига мувофиқ суд томонидан кў­риб чиқилади ва ҳал қилинади.

Суднинг ҳал қилув қарорида ушбу тартиб-таомилларнинг бари назарда тутилди.

Нодира Машарипованинг 1991 йил 11 майда туғилгани факти эътироф этилди. Юртимизнинг яна бир фуқароси салкам ўттиз йил орзиқиб кутган ниятига эришди.

Аммо бу оиланинг барча муаммоси шу орқали ҳал бўл­ди десак, хато қиламиз. Чунки ушбу хонадоннинг яна бир фарзанди 1986 йил туғилган Наташа Машарипованинг тақдири ҳам айнан шу алфозда кечди.Маълум бўлишича, у ҳам синг­лиси сингари 13-сонли мактабда бор-йўғи 6-синфни тугаллаган.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлмагани сабабли, 1999 йил бу даргоҳдан оё­ғини узган. Ўқув дастурини тў­лиқ ўзлаштирмагани боис таълимга доир шаҳодатнома ҳам ололмаган.

Унинг ушбу мактабда ўқигани ва тумандаги «Ҳа­зорасп» маҳалласида истиқомат қи­лаётгани ҳақидаги маълумотномалар унинг шу юртда туғилгани ва шу ерда камолга етганини тўлиқ исботлади.

Суд Наташа Машарипованинг туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризасини қа­­ноатлантирди. Унинг 1986 йил 7 апрелда туғилгани факти эътироф қилинди. Алқисса, бундай ҳаяжонли онлар оиланинг яна бир аъзоси 1983 йил туғилган Умида Машариповани ҳам ўз оғу­шига олди. Уқдирилганидек, бахт қўшалоқ келди: ўкинчли, армонли онлар қу­вончли ва ҳаяжонли дамларга дўнди. Туғилганлиги ҳақи­да­ги гувоҳнома уни ёши 40 га етган чоғда йўқлаб келди. Дар­ҳақиқат, шундай. Умида ҳам сингиллари Нодира ва Наташа сингари неча ўн йиллар мобайнида фуқаролик мақомисиз умргузаронлик қил­ди. Аммо исми-жисмига монанд тарзда умидини йў­қотмади. Опа-сингиллар бир бў­либ, юқори турувчи ор­ганлар, жумладан, тегишли суд маҳкамасига ҳам мурожаат қилишди. Учовлон опа-сингилнинг ўзларига нисбатан фуқаролик мақомини белгилаш ҳақидаги аризаси суд томонидан кўриб чиқилди. Ҳақ­ли талаб қаноатлантирилди. Ҳар учала фуқаронинг юртимиз бағрида туғилгани факти қайд қи­линди. Айни пайтда опа-сингилларни наинки туғилганлик ҳақи­даги гувоҳнома, балки фуқаролик паспорти са­ри элтувчи йўл­лар ҳам очилди.

Куни кеча эса, Тупроққалъа туманидан хушхабар келди. Маълум бўлишича, туман ФХДЁ бўлими учала опа-сингил номига янги туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни битиб, уларга тантанали равишда топширган. Суднинг бу борадаги ҳал қилув қарори ижроси таъминланган.

Баён этилган ҳолатларнинг бари давлатимиз ўзининг бу борадаги бурч ва мажбурият­ларини оғишмай адо этгани, Конституциямизнинг 14-моддасида белгиланган талаблар амалда рўёбга чиққанидан дарак беради. Дарҳақиқат, ушбу моддада инсонпарварликнинг ибратли тамойили мужассам. У суд мажлиси асносида ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Сардор Каримов,

фуқаролик ишлари бўйича

Боғот туманлараро суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: