МАЪНАВИЙ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ: ТАРИХИЙ ТАЖРИБА ВА АМАЛИЁТ
Маълумки, шаън ва қадр-қиммат инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари ҳисобланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида барча инсонларнинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканлиги кафолатланган.

1966 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактларда хавфсиз ва гигиена талабларига мос шароитда меҳнат қилиш, яшаш жойининг дахлсизлиги ва ёзишмаларнинг сир сақланиши, эркин фикрлаш ва диний эътиқод эркинлиги, эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи каби бир қатор муҳим ҳуқуқлар ўз ифодасини топган.
Маънавий зиённи қоплаш институти ана шундай ҳуқуқларнинг таркибий қисмидир. Тарихи қадим даврларга бориб тақаладиган ушбу ҳуқуқий институт қоидалари дастлаб товон тўлаш тўғрисидаги даъволар шаклида бўлган. Масалан, жиноят содир этган шахсга жазо тайинлашда жабрланувчининг хоҳиш-иродаси инобатга олинган. Жабрланувчи айбдор шахсни жазолаш ҳуқуқига эга бўлган, аммо тарафларнинг товон тўлаш эвазига келишиши ҳолатлари ҳам учраб турган.
Қадимги Рим давлатида ишлаб чиқилган «XII жадвал» қонунларида жабрланувчига товон тўлаш тартиби жорий қилинган. Ўша даврдан бошлаб қотиллик, тан жароҳати етказиш ва ҳақорат қилиш натижасида жабрланувчига етказилган маънавий зиён учун товон тўлаш ҳуқуқи белгиланган.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудларида ҳам содир этилган жиноят учун товон тўлангани тўғрисида тарихда қизиқарли маълумотлар кўп. Эрамиздан аввалги VII-VI асрларда Ўрта Осиё ва Эрон ҳудудларида кенг тарқалган зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлган «Авесто»да ёмонлик ва яхшилик тушунчалари, қандай ҳаракатлар жиноят экани ва ушбу содир этилган жиноятларга бериладиган жазо турлари қайд этилган.
«Авесто»да бешта санаб ўтилган жиноятлардан ташқари барча жиноятлар учун товон тўлаш мумкин бўлган. Бундан ташқари айрим жиноятлар учун товон тўлашдан ташқари ҳуқуқбузарнинг чин кўнгилдан пушаймон бўлиб тавба қилгани ёки зардуштийлик динини қабул қилгани учун жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш билан ҳуқуқбузарларга енгилликлар берилган.
VIII асрдан Ўрта Осиёда ислом дини кириб келиши билан жамиятдаги муносабатлар шариат асосида тартибга солинган.
Ислом ҳуқуқида ҳам жабрланувчи жиноят содир этган шахсни жазолаши ёки ундан товон олиши ёхуд уни кечиришга ҳақли экани қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, шариат қоидаларида жазо меъёри содир қилинган қилмишга тўлиқ мос келиши кераклиги талаб этилади.
Жазо турлари тўсқинлик қилувчи (ҳад), қасос олувчи (қасос, дия, каффора, меросдан маҳрум қилиш) ва огоҳлантирувчи (таъзир) дан иборат бўлган.
Шариатда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун тўланадиган товон «дия» деб аталган. Диянинг миқдори ва шакли қози томонидан белгиланса-да, бироқ тарафлар бу масалада хусусий келишувга эришиши мумкин бўлган.
Кўриниб турганидек, моддий ва маънавий зиённи қоплаш давлатчилик пайдо бўлганидан бери ҳуқуқ олдидаги муҳим масалалардан бўлиб келмоқда. Бу бағрикенглик ва ярашув институтларининг туб илдизи қадим замонларга бориб тақалишидан далолатдир.
Мамлакатимизда маънавий зиённи қоплаш билан боғлиқ қоидалар илк марта 1997 йил 1 мартда Фуқаролик кодексига киритилган бўлиб, айни вақтда бу масала қизғин баҳс ва мунозаралар билан ўрганилаётган ўзига хос йўналишга айланди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, маънавий зарарнинг қопланиши азалдан ижтимоий адолатни таъминлашга ёрдам берган. Ҳозирги вақтда маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган маънавий азобларнинг хусусиятига қараб суд томонидан аниқланаётгани фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларни тиклаши баробарида жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Лола Саидова,
Судьялар олий мактаби
тингловчиси
Фикр қолдириш