АЛДАНГАНЛАР
… Сўнгги йилларда автоуловлар бозори сердаромад масканга айланганини кўпчилик яхши билади. Машина бозорининг кунда-шундалари ҳам бор. Ўзгаларни алдаш-авраш, чув тушириш, ишонтиришга қаратилган ноёб “маҳорати” боис ҳамтовоқлари ишончи ва эътиборини қозонган Фарруҳ Истамовнинг дастлабки жиноий қилмиши 2020 йилнинг октябрь ойи бошида шериги Алишер Баҳронов билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Ғиждувоннинг А. Қодирий маҳалласида яшовчи Музаффар Собиров уларнинг пуч ваъда ва алдовларига учиб, 25 минг АҚШ долларини оила аъзолари рухсатисиз Алишерга тутқазди. Шу билан қайтарилиши кафолатланган пул ҳам, унинг эвазига ваъда қилинган машина ҳам бедарак кетди.
Бировнинг мулкига кўз тикканлар дастлабки “ов”нинг ўзидаёқ бунча миқдордаги пул чўнтакка киришини кутишмаганди. “Ов” бароридан келса овчининг шижоати ортаркан. Бу ҳол ўзгаларнинг ҳалол пулига кўз тиккан нияти бузуқ кимсаларнинг галдаги фаолиятида ҳам кузатилди. Икки шерик ўша йилнинг ноябрь ойида Ғиждувон шаҳрида яшовчи Меҳригул Пўлатованинг хонадонига қилинган ташриф асносида, унинг 6 минг доллар миқдоридаги пули ғараз ниятларда шилиб олинди. Ҳамтовоқлар уни аввалига “ўзингиз орзиқиб кутган яп-янги “Спарк” машинаси ҳадемай ҳовлингизни безайди”, дея аврашди. Пул қўлга киргач эса машина нарёқда турсин, ўзлари ҳам буткул ғойиб бўлишди.
Орадан кўп ўтмади. Фарруҳ тағин йўлга отланди. Бу гал унга Анвар Толипов ҳамроҳлик қилди. Улар томонидан қўйилган тузоқ яна иш берди.
Шериклар фуқаро Ўткир Ҳабибовга тегишли 80 V 775 NA давлат рақамига эга бўлган “CОВАLT” машинасига “харидор” бўлишди. Уловни 9 минг 700 АҚШ доллари эвазига харид қилиш ҳақидаги таклиф машина эгасига мойдай ёқиб тушди. У сотилаётган уловнинг нархи ҳеч кутилмаганда бунчага етишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Шу сабабки, таклиф этилган нархга ўйламаёқ розилик билдирди.
“Харидорлар” ҳам қараб туришмади. Машина учун тўланиши зарур бўлган пулнинг 5 минг долларини шу ернинг ўзида унинг қўлига тутқазишди. Қолган 4 минг 700 доллар миқдоридаги пулни 15 кун ичида тўлаш мажбуриятини зиммага олган ҳолда харид қилинган машинага ўтиришди ва… ғойиб бўлишди.
Фарруҳ навбатдаги “ов”ни бошқа бир жиноий шериги Одил Яхшиев билан биргаликда амалга оширди. 80 К 079 РА рақамли “COBALT” машинаси эгаси Отабек Абдуллаев улар қазиган чоҳга қулади. 2020 йилнинг 9 декабрь куни Ф. Истамовнинг “Гулистонобод” маҳалласида яшовчи қариндоши К. Истамовнинг хонадонида эришилган келишувга мувофиқ, мазкур машина 9 минг 300 АҚШ доллари эвазига сотиб олинди.
Савдо бу гал ҳам насия тарзида амалга ошди. Икки харидор келишилган пулнинг 2 минг 300 долларини бўнак тарзида О. Абдуллаевнинг қўлига тутқазишди ва қолган тўлов учун узоғи билан бир ҳафта муддат сўрашди. Сотувчи рози. Натижада ваъда ваъдалигича қолиб кетди.
Шунингдек, ғиждувонлик Акмал Акрамовнинг давлат рақами 85 P 426 GA бўлган автомашинаси 9 минг 400 АҚШ долларига “сотиб олинди”. Ф. Истамов ва А. Толиповдан иборат машинафурушлар савдо пишигач автоулов эгасига 6 минг 800 доллар миқдоридаги бўнак пули беришди.
Қолган пулни ўн кун ичида сотувчининг хонадонига элтиб бериш мажбуриятини зиммасига олган машинафурушлар бу даргоҳга қайта қадам босишмади. Харид қилинган машинани эса қайта савдога қўйишди ва 8 минг 500 долларга пуллашди.
Чўнтакка тўхтовсиз оқиб келаётан беҳисоб пул машинафурушларни ҳар мақомга йўрғалатди. Бу жараёнда алдов ва ҳийланинг турфа турлари ишга солинди. Ҳийлагар машинафурушлар тарафидан пухта ўйлаб ташланган тўрга илинганлар сони ортгандан-ортди. Бировларнинг кулфати, азияти, кўз ёши олғирларга беҳисоб лаззат, роҳат, ҳузур-ҳаловат бахш этди, ўзгаларнинг зиёни уларнинг фойдасига дўнди.
Олғирларга “ҳай” дегучи валломат топилмади. Оқибатда қилмиш кўламлари янада кенгайди. Ва галдаги чакки қадамлар боис яна тўрт нафар фуқаро кулфат домига тушди. Олғирларнинг ҳакалак отган нафси ва қуюшқондан чиққан қилмиши дастидан Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи С. Турдиев 52 миллион сўм, А. Ғайбуллаев 53 миллион сўм, О. Ҳасанов 67 миллион сўм, самарқандлик И. Қиличев эса 73 миллион сўм миқдорида моддий зиён кўришди.
Ниҳоят, бухоролик олғирларга алданган содда инсонларнинг сабр косаси тўлди. Гал арз ва шикоятбозликка етди. Натижада олғирлар тумшуғидан илинди. Тергов органи Ф. Истамов ва А. Баҳроновни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, О. Яхшиев ва А. Толиповни эса ушбу модданинг 3-қисми “а” банди бўйича жавобгарликка тортди. Мазкур айб судда ўз тасдиғини топди.
…Бухорои шарифда автоуловлар олди-сотдиси билан боғлиқ ҳолда бир гуруҳ нафси бузуқ кимсалар тарафидан содир этилган мазкур қинғирлик машъум қилмишга қўл урганларни ўзлари кутганидек шоҳона турмуш бағрига етакламади. Бари аксинча бўлди. Зеро, жиноят учун жазо мудом муқаррар.
Бобир Умаров,
жиноят ишлари бўйича
Ғиждувон туман суди раиси
Фикр қолдириш