МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ОҚИБАТИ ЁКИ ҚОНУН ҲАММАГА БАРОБАР
Ҳеч кимга сир эмаски, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг ўрни жуда муҳимдир. Кейинги йилларда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари асосида юридик хизмат соҳаси тубдан такомиллаштирилиб, соҳа ходимларининг мавқеи, манфаатдорлиги ва масъулияти оширилди.
Бундан кўзланган мақсад — давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Қолаверса, ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади.
Бироқ айрим юридик хизмат ходимлари зиммасидаги вазифаларга лоқайд ва масъулиятсизлик билан ёндошаётгани, қонунбузилиш ҳолатига йўл қўяётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бундай салбий ҳолатларни судда кўрилган қуйидаги ишлар ҳам тасдиқлайди.
Маълум бўлишича, Жондор туманидаги «Ботиржон» фермер хўжалиги ва «Қоракўлдонмаҳсулотлари» акциядорлик жамияти ўртасида 2021 йил 20 майдаги бошоқли дон харид қилиш бўйича шартномани расмийлаштириш жараёнида шартнома лойиҳасига маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммаси ҳақидаги ёзувлар киритилмай қолган. Натижада жиддий қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган.
Мазкур қонунбузилиши ҳолатларига шартнома тузиш учун масъул бўлган юрисконсульт Л. Мамиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва бошқа масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараши натижасида йўл қўйилган. Бунинг оқибатида тарафлар ўртасида шартномага асосан етиштирилган буғдой маҳсулотининг нархи бўйича низо келиб чиққан ва фермер хўжалиги судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Шунингдек, «Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси» давлат унитар корхонаси ва «Бекзод Фурқат саховати» фермер хўжалиги ўртасида 2019 йил 10 апрелда тузилган «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестициялашни амалга ошириш тўғрисидаги шартнома фермер хўжалиги раҳбари Н. Қўшаева томонидан эмас, балки унинг ўғли Б. Нарзуллаев томонидан имзоланган. Бу ҳам тарафлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлган.
Айтиш керакки, иқтисодий судлар томонидан қайд этилган қонун бузилиш ҳолатларини муҳокама қилиш, келгусида бундай ҳолатларни такрорламаслик ва юрисконсульт ходимларнинг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаш мақсадида хусусий ажримлар чиқарилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун талабларига қатъий риоя этиш, ўз вазифасини масъулият билан бажариш ҳар қандай ишни олға силжитиши баробарида турли низо ва оворагарчиликлар келиб чиқишининг олдини олади. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Илҳом Юлдашев,
Бухоро вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш