ОДИЛЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ҚОНУНЧИЛИК ВА СУД ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИДИР

Баъзан киши билиб-билмай хато қилади. Ҳатто оқибатни ўйламай жиноятга қўл уради. Жиноят содир этгач, ўзини муқаррар жазо кутаётганидан қаттиқ ташвишга тушади, ҳаловатини йўқотади. Унинг кўнгил хуфтонлиги оила аъзолари ва яқинларига ҳам кўчади.

Яқинда А. Мамарасулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) айни шундай ҳолатни бошдан кечирди.

Умарали Қудратов 2015 йилда «Гул­обод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган коллежга ўқишга қабул қилинганди.

Бир йил ўқи­гач, у ўқишни ташлаб, иш­лаш мақ­садида хорижга жўнаб кетади ва 2020 йилнинг бошларида қайтиб келади. Шундан сўнг Умарали ўқи­шини тиклаш ва диплом олиш мақсадида коллежга боради. Коллежда у А. Мамарасуловни учратиб қолиб, мақсадини айтади.

А. Мамарасулов коллеж тугатилиб техникумга айлантирилганини таъкидларкан, агар диплом олмоқчи бўл­са, ҳужжатларни қайта топшириш лозимлигини айтади. А. Мамарасулов гап орасида ўқишга киритиб қўйиш ва бир йилдан сўнг диплом олиб бериш қўлидан келишини писанда қиларкан, бунинг эвазига 1 минг АҚШ доллари сўрайди.

Бу таклифни эшитиб, Умарали ўй­ланиб қолади. А. Мамарасулов эса, «бир минг АҚШ доллари берсанг, ўқишга келмасанг ҳам майли, ҳаммасини ўзим ҳал қиламан, диплом олсанг бўлди-да», дейди.

Таъмагирликнинг ҳадисини олган А. Мамарасулов уш­бу техникумда ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлайди, мансабдор шахс ҳи­собланади. Нафс балоси уни тўғри йўл­дан адаштирди, ўз­ганинг ишончини суиистеъмол қилиш йў­ли билан унинг мулкини қўлга киритишга ундади.

Қисқаси, Умарали А. Мамарасуловнинг «таклифи» жиноий қилмиш эканини англаб, Самар­қанд вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилди. У А. Мамарасуловнинг ҳаракатларидан шубҳалангани сабабли ўрталарида бў­либ ўт­ган суҳбатни уяли телефонига ёзиб ҳам олганди.

Жабрланувчининг аризаси юзасидан ўтган йилнинг 1 ноябрь куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Ургут тумани бў­лими ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Жабрланувчи таъмагир А. Мамарасулов билан олдиндан келишилгандек техникум ҳовлисида учрашишади. А. Мамарасулов Умаралидан кимёвий ишлов берилган пулларни олгач, тезкор ходимлар томонидан холислар иштирокида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Дастлабки тергов органи томонидан А. Мамарасуловнинг қилмиши Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қис­ми «в» банди ва Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми билан малакаланди. Аммо суд жараёнида А. Мамарасуловнинг жиноий ҳаракати Жиноят­ кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми билан нотўғри малакалангани маълум бўлди.

Чунки жиноят ишида тўпланган объектив далиллар ва судда аниқланган ҳа­қи­қий ҳолатларга қараганда, судланувчи А. Мамарасулов жабрланувчига 2022 ўқув йили якуни билан диплом олиб беришни ваъда қилган, бунинг учун ундан 1 минг АҚШ доллари миқдорида пулларни олиб, ушбу дипломни ўзи тўғ­рилаб беришини, бирон-бир мансабдор шахс орқали амалга ошириши ҳақида гапирмаган. Судда сўралган жабрланувчи У. Қудратов ҳам худди шундай кўрсатма берган.

Жиноят процессуал кодексининг 464-моддасида жиноий ҳодиса юз бермаган бўл­са, судланувчининг содир этган қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, шунингдек, жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса ҳамда судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан ке­йин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандида назарда тутилган асосга кўра, судланувчини оқлашлиги кўрсатилган. Суд А. Мамарасуловнинг ҳаракатида Жиноят­ кодексининг 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби бўл­маган­ли­ги сабабли, уни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан Жи­ноят­ кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми билан оқ­лаш­ни лозим топди.

Энди Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисми мазмун-моҳиятига эътиборни қаратамиз. Гап шундаки, ушбу қонун нормасида «Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди» деб қайд этилган.

Суд юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, судланувчига нисбатан жа­зо тури ва миқдорини белгилашда А. Мамарасуловнинг қилмишида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблади, унинг қилмишидан чин кўн­гил­дан пушаймон экани, зарарни қоплагани ҳамда содир этилган жи­ноят­нинг ижтимоий хавфлилик да­ражасини инобатга олди. Судланувчи А. Ма­мара­су­ловга ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳи­со­бига ушлаб қолган ҳолда ик­ки йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди. У икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳу­қуқидан маҳрум қилинди.

Ҳаётда ҳамма экканини ўради. А. Ма­марасулов ҳам қилмишига яраша жазоланди. У бундан тўғри хулоса чиқарадими ё йўқ — буни вақт кўрсатади…

Нодир РАЖАБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: