ОТА ҚАРАМОҒИДАГИ БОЛА СУД ҚАРОРИ БИЛАН ОНАСИ БАҒРИГА ҚАЙТАРИЛДИ
Кундалик ҳаётимизда ака-ука ва опа-сингилларга нисбатан “жигарлар” деган сўз ишлатилади. Бу туғишган инсонларнинг нақадар бир-бирига яқин эканлигига ишорадир. Аслида ҳам шундай. Битта ота-онадан дунёга келган фарзандлар худди эт билан тирноқдек гап.
Айниқса, жигарлар болалигида бир-бирига жуда яқин бўлади. Юриш-туриши, ўйнаши, овқатланиши, хуллас, эрта-ю кеч бирга бўлади улар.
Ана энди ақлини таниганидан буён битта оилада яшаб келаётган болаларни бир-биридан ажратишни тасаввур қилиб кўраверинг.
Фурқат туманида яшовчи Хислатжон Бекмирзаев бундан 9 йил аввал – 2013 йил 4 октябрда қўшни Ўзбекистон туманидан бўлган Зуҳрахон Бекмирзаева билан қонуний никоҳ асосида турмуш қурган пайтида орадан шунча йил ўтиб, ажрашиб кетишларини хаёлига ҳам келтирмаганди. Негаки, икки ёш бир-бирини аввалдан таниб-билиб, кўнгил қўйиб, турмуш қуришганди.
Шундан сўнг бир йил ўтгач – 2014 йил 1 октябрда ўғли Ҳусниддинбек Раҳмонов туғилади. Ўшанда ёш оилада қанчалик шодиёна бўлганини таърифлашга тил ожиз. Ҳусниддинбек 2 ёшга кирганда, айнан туғилган кунида, яъни 2016 йил 1 октябрда синглиси Солиҳабону Раҳмонованинг туғилиши эса қўшалоқ байрамга айланган. Шунинг учун Ҳусниддинбек ва Солиҳабону бошқа ака-сингилларга нисбатан бир-бирига яқинроқ, меҳрибонроқ бўлиб улғайишарди. Аммо…
Аммо кутилмаганда, аниқроғи, ота-онасининг бебошлиги туфайли уларнинг мурғак қалби бир муддат озор чекди. Гап шундаки, арзимас оилавий келишмовчилик ҳамда ҳурматсизлик сабабли Хислатжон билан Зуҳрахоннинг орасига шайтон оралади, ўртага совуқчилик тушди.
Оқибатда эр-хотин ажрашишга қарор қилишди: З. Бекмирзаева 2022 йил январь ойида отасиникига кетиб қолди. Ҳусниддинбекни отаси ўзи билан олиб қолди. Солиҳабону эса онасига эргашиб кетди. Бу ҳолат ака-сингилнинг кўнглини бирдек вайрон қилди. Хислатжон-ку эркак кишилигига бориб, ўзини қўлга олгандир. Бироқ Зуҳрахон қизининг аҳволини кўриб, отаси билан қолган ўғлини ўйлаб, баттар эзилаверди.
Охир-оқибат фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судига мурожаат қилиб, ўғлини Х. Бекмирзаевнинг қарамоғидан ўзининг тарбиясига олиб беришни сўради.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбасининг 2022 йил 8 апрелдаги хулосасида З. Бекмирзаеванинг ота уйида вояга етмаган фарзанднинг яшаши ва келгусида таълим-тарбия олиши учун шарт-шароит ҳамда қулайликлар мавжудлиги, болалар тарбиясига монелик қиладиган ҳолатлар аниқланмагани, шу боис Ҳусниддинбекнинг манфаатини, ёшини инобатга олган ҳолда онаси қарамоғида бўлиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилган. Жавобгар томон истиқомат қиладиган Фурқат тумани ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбасининг 2022 йил 4 апрелдаги хулосасида эса Х. Бекмирзаевнинг яшаш хонадонида вояга етмаган фарзанднинг яшаши учун шароит мавжудлиги, лекин фарзандларни бир-биридан ажратмаслик мақсадида болаларни ўз розилиги асосида тарафларга бериш мақсадга мувофиқ, деб топилган.
Оила кодексининг 75-моддасига асосан, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 15-моддасига кўра, оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақлидир.
Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак. Ана шу асосларга таянган суд З. Бекмирзаеванинг жавобгар Х. Бекмирзаевга нисбатан болани ўз тарбиясига олиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган. Аммо ота бўлмиш суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти берган.
Апелляция суди мажлисида аён бўлдики, биринчи инстанция суди даъвогарнинг уйида вояга етмаганлар учун шароитлар мавжудлиги, вояга етмаган болалар бир оилада тарбияланиши ва камол топиши мақсадга мувофиқлиги, болаларнинг бир-биридан узоқда яшаши уларнинг руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкинлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган.
Қолаверса, апелляция инстанцияси Ҳусниддинбекнинг кичик ёшдалиги, отасининг бола тарбиясида иштирок этиш ҳуқуқини инкор этмаган ҳолда болага, аввало, онанинг меҳри ва парвариши зарурлигини инобатга олишни лозим топди. Бинобарин, Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдирди.
Доно халқимизнинг “Она борки, бола бор” деган пурҳикмат гапи бежиз айтилмаган. Чунки она фарзанд тарбияси ва тақдирида ҳамиша устун ҳуқуққа эга бўлиб келган. Шундай экан, тилга олинган ҳолат бошқа оилаларга ҳам сабоқ бўлиши лозим. Зеро, нафақат битта оила, балки қушнинг ҳам ини бузилмасин.
Бузрукхон АБРОРОВ,
Фарғона вилоят судининг судьяси
Фикр қолдириш