РАД ЭТИЛГАН ИШ СТАЖИ СУД ҚАРОРИГА БИНОАН ИНОБАТГА ОЛИНДИ
Бу ҳаётда ҳар бир киши кексалик нафақасини олиб, набиралар қуршовида умргузаронлик қилишни истайди.
Ховослик Абдулҳошим Жуманов ҳам 2016 йил май ойида кексалик нафақасига чиққанди. Унга 26 йилу 11 ойлик меҳнат стажи асосида ёшга доир пенсия тайинланди. Аммо Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ховос туман бўлими томонидан унинг 2014 йил 1 мартдан 2016 йил 1 мартга қадар «Нафс Нур Баракот» масъулияти чекланган жамиятида ишлаган даври инобатга олинмади. Ҳолбуки, А. Жумановга тегишли ГТ-1 3446388 рақамли меҳнат дафтарчасининг 20-21 варақларида ҳақиқатдан ҳам, унинг 2014 йил 1 мартдан 2016 йил 1 мартга қадар «Нафс Нур Баракот» масъулияти чекланган жамиятда ҳисобчи лавозимида ишлаганлиги қайд этилган, ҳатто жамият муҳри билан тасдиқланган.
Бундан ташқари Ховос туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан 2022 йил 23 февралда берилган 15-00419-сонли маълумотномада Ховос туманида фаолият кўрсатган «Нафс Нур Барокат» масъулияти чекланган жамияти ҳақиқатдан ҳам, 2022 йил 16 февраль куни бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси суғурта бадали учун 1 140 133,2 сўм тўлангани маълум қилинган.
Бинобарин, Абдулҳошим Жуманов Гулистон туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ховос туман бўлимининг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва бўлим зиммасига юқорида тилга олинган даврларни иш стажи сифатида қўшган ҳолда пенсияни қайта тайинлаш мажбуриятини юклашни сўради.
— Ҳужжатлардан ташқари менинг ушбу муассасада ишлаганимни бирга ишлаган ходимлар, қолаверса, жамият раҳбарлари ҳам тасдиқлаши мумкин, — деди А. Жуманов суд мажлисида.
Дарҳақиқат, меҳнат дафтарчаси ва Ховос туман Давлат солиқ инспекциясининг маълумотномаси А. Жумановнинг 2014-2016 йилларда тўлиқ ишлаганлиги ва ойлик иш ҳақи олганини тасдиқлайди. Бироқ Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ховос туман бўлими мансабдор шахслари Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 252-сонли қарори талабларини важ қилиб, унинг мурожаатини асоссиз равишда рад этишган.
Айтиш керакки, амалдаги Меҳнат кодексининг 81-моддаси ва «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддасига биноан меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Бироқ Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ховос туман бўлими масъуллари қонун талабига риоя этишмаган. Бундай ҳолатда бўлим ходимларининг пенсия тайинлашни рад қилиш билан боғлиқ хатти-харакатларини қонуний ва асосли деб бўлмайди.
Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига асосан, суд устидан ариза қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Ана шу асосларга таянган суд А. Жумановнинг аризасини қаноатлантириб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ховос туман бўлими мансабдор шахсларининг хатти-харакатларини қонунга хилоф деб топиш ҳамда бўлим зиммасига фуқаронинг 2014 йил 1 мартдан 2016 йил 1 мартга қадар «Нафс Нур Баракот» масъулияти чекланган жамиятда ҳисобчи лавозимида ишлаган даврини қўшган ҳолда пенсия тайинлаш мажбуриятини юклаш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.
Шу тариқа фуқаронинг бузилган ҳуқуқи суд томонидан тикланди.
Алиакбар БЎриев,
Гулистон туманлараро
маъмурий суди судьяси
Фикр қолдириш