КЕЛИНГА НИСБАТАН НОҲАҚЛИК СУД ТАРТИБИДА БАРТАРАФ ЭТИЛДИ
Ҳеч кимга сир эмаски, оилавий ажралиш, фарзандларнинг ота ё она меҳридан мосуво бўлиши ҳар бир жамият учун ўта оғриқли ҳолат ҳисобланади. Аслида никоҳдан ажралишдан ҳар икки томон бирдек жабр кўради. Бундан ташқари икки ўртада уй-жой билан боғлиқ низолар ҳам келиб чиқади.
Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги қонунчиликда турар жой эгаси ва собиқ оила аъзолари ўртасида уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи қатъий тартибга солинган. Масалан, уй эгасининг ўғли ва унинг хотини ўртасидаги никоҳ бекор қилинган тақдирда келинни собиқ эрининг уйига кириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Шу ўринда ҳаётий мисолларга тўхталадиган бўлсак, Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, 30-мавзе, 6-уйнинг Н. хонадони 2017 йил 30 августда тасдиқланган ҳадя шартномасига асосан Н. Собировага тегишли. Ушбу уйда оила бошлиғи Э. Собиров турмуш ўртоғи Г. Собирова, қизи Н. Собирова ва ўғли К. Муродов бирга яшаб келишган. Райҳона оиланинг ягона ўғли Келдиёр билан турмуш қуради. Уларнинг никоҳи ФҲДЁ идорасида 2018 йилнинг 28 апрелда расмийлаштирилади.
Ёш оила дастлаб аҳил-иноқ яшашади. 2019 йилнинг 2 майида оилада фарзанд дунёга келади.
Аммо кейинчалик оилада турли хил низолар келиб чиқа бошлайди.
— Шундай жанжаллардан бирида эрим ота-онамни чақиртириб, бирга яшамаслигини айтди ва мени уйдан ҳайдаб чиқарди, — деб ёзади даъвогар Р. Муродова судга берган даъво аризасида. — Ҳозирда ота-онамнинг қарамоғидаман, фарзандим тарбияси билан бандман, ҳеч қаерда ишламайман. Эрим эса, ҳали қонуний никоҳимизни бекор қилмай туриб, шаръий никоҳ асосида бошқа аёлга уйланиб олди.
Даъвогар Р. Муродованинг судда кўрсатма беришича, ўзи келин бўлиб тушган уйга вояга етмаган фарзанди билан бир неча марта борган. Бироқ К. Муродов, Э. Собиров, Г. Собирова ва Н. Собирова уни уйга кириб яшашига имкон беришмаган. Шу боис Р. Муродова судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ҳақиқатан ҳам, унинг низоли хонадонда истиқомат қилгани ишдаги мавжуд ҳужжатлар, тарафлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаси билан ўз тасдиғини топди. Яна шуниси ҳам аниқ бўлдики, ҳозирги кунда даъвогар фарзанди билан низоли хонадонга кириб яшашига жавобгарлар тўсқинлик қилмоқда.
Суд даъвогар Р. Муродованинг вояга етмаган фарзанди билан низоли хонадонга киритиб қўйиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантирди. Суднинг бундай тўхтамга келишига Уй-жой кодексининг 32-моддаси асос бўлди.
Гап шундаки, кодекснинг ушбу моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳолат қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хонадонлардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидир. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақли.
Оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритиши мумкин.
Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, мулкдор ўзга шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахл қилишга ҳақли эмас. Миллий қонунчилигимизга кўра, келин оиланинг собиқ аъзоси сифатида оилавий муносабатлар бузилгунга қадар ўзи яшаган турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шу боис суд Р. Муродованинг даъво талабини қаноатлантирди.
Одил ЭГАМБЕРДИЕВ,
Судьялар олий мактаби
тингловчиси
Фикр қолдириш