САРОБГА АЛДАНГАНЛАР
Андижон шаҳрида яшовчи Элдор Нўъмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳозир 40 ёшда, тўрт нафар фарзанднинг отаси. Аммо айни пайтда фарзандларининг боши эгик, ичларига чироқ ёқса, ёришмайди. Нега деганда, ота бўлмиш содир этган фирибгарлиги учун жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг 2020 йил 22 июндаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Энг ачинарлиси, Э. Нўъмонов жазо муддатини ўтаётган маҳали муқаддам, яъни 2018-2019 йилларда содир этган яна бир фирибгарлиги фош этилди.
Гап шундаки, 2018 йилнинг январь ойида андижонлик Р. Ашуралиевнинг ўғли Солижон кўчадан шундай гап топиб келди: шаҳардаги «HISTORICAL TRAVEL» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хусусий бандлик агентлиги фуқароларни чет давлатларга ишлаш учун юбораётган экан.
Эртаси куни ота-ўғил ҳам ушбу агентлик раҳбари Элдор Нўъмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) га учрашишди.
— Ҳа, тўғри эшитибсизлар. Ҳақиқатдан ҳам, фуқароларни турли хорижий давлатларга ишга юборяпмиз, — деди Э. Нўъмонов ота-ўғилга.
— Ўғлим Корея давлатига бориш ниятида эди. Шунга ёрдам сўраб келгандик, — деди Р. Ашуралиев.
— Албатта, ёрдам берамиз. Шу пайтгача бир неча кишини жўнатдик. Ўғлингизни ҳам узоғи билан олти ой ичида Кореяга жўнаб кетади. Фақат бунинг учун олдиндан муайян миқдорда тўловни амалга оширасиз, фуқаролик паспортидан нусха ҳам берасиз, — деб тушунтиради хусусий бандлик агентлиги раҳбари. Сўнг у яна қўшиб қўйди: — Сиз тўлаган пул эвазига биз виза расмийлаштирамиз. Бундан ташқари ўғлингизни ҳеч қандай муаммосиз суҳбатдан ҳам ўтказамиз.
Ота-ўғил бу умидбахш гапларни эшитиб, кайфияти бирдан кўтарилиб кетди. Бинобарин, улар 2018 йил 8 январь куни 41 550 000 сўм нақд пулни Э. Нўъмоновнинг қўлига тутқазишди.
— Шошмай туринг, бирйўла шартномани ҳам имзолаб кетасиз, — деди Э. Нўъмонов отасидан бир қадам орқароқда турган Солижонга.
Дарҳақиқат, ўша куни хусусий агентлик билан мижоз ўртасида шартнома ҳам тузилади. Шартномада хусусий бандлик агентлиги С. Орифжоновни Жанубий Кореяга ишга юбора олмаса, тўланган маблағни қайтариши ҳам ўз ифодасини топади.
Қисқаси, шартнома имзолангач, ота-ўғилнинг кўнгли янада хотиржам тортади.
Аммо орадан 6 ой ўтса-да, Солижон Жанубий Кореяга ишлашга жўнаб кетолмайди. Элдор Нўъмонов эса, турли баҳоналарни рўкач қилиб, ота-болани алдашдан чарчамайди. Бунинг устига у шартномада белгиланганидек, уларнинг пулини ҳам қайтармайди. Охир-оқибат ота-ўғил алданганларини англаб етишади.
Буёғини сўрасангиз, Р. Ашуралиев юзлаб жабрланувчилардан бири холос.
Ҳа, шундай, Элдор Нўъмонов — 2018-2019 йилларда 79 нафар фуқарони Жанубий Кореяга, 11 нафарини Германияга, 6 нафарини Чехияга, бир нафарини Руминияга, 2 нафарини Венгрияга ва 4 нафарини Литва-Латвия давлатларига ишлаш учун юборишга ваъда бериб, алдаган. Уларнинг ҳар биридан 1 000 АҚШ долларидан 5 000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда хорижий валюта ёки нақд пулни санаб олган. Охир-оқибат эса, у ваъдасининг устидан чиқмагани етмагандек, олган маблағларни ҳам қайтариб бермаган. Жанубий Кореяга бориб ишлаш ниятидаги аксарият жабрланувчиларга корейс тилидан имтиҳондан ўта олишмаганини рўкач қилиб, ўз айбини хаспўшлаган. Э. Нўъмонов 2018 йил ноябрь ойида «HISTORICAL TRAVEL» масъулияти чекланган жамиятини «ХУСУСИЙ БАНДЛИК АГЕНТЛИГИ HISTORICAL TRAVEL» масъулияти чекланган жамияти шаклида қайта ташкил қилган. Сўнг Теlеgram орқали «ХБА HISTORICAL TRAVEL» номи билан янги саҳифа очиб, фуқароларни жалб қилган.
Энг ёмони, нафс йўлида ҳар қандай ғараз ниятдан қайтмайдиган «қаҳрамон»имиз 2019 йилда муқаддас ҳаж ва умра зиёратига бориш ниятида юрган 10 нафар фуқарони чув туширишдан тап тортмаган.
Масалан, Ботирбек Акрамов ўзи ва онаси Латифахон Ходжимирзаеванинг ҳаж зиёрати учун 15 500 АҚШ доллари, фуқаро Ҳалимжон Атабаев эса, турмуш ўртоғи Сожида Топилдиева билан бирга ҳажга бориш мақсадида 63 750 000 сўмни Э. Нўъмоновга беришади. Бироқ уларнинг орзуси орзулигича қолиб кетади.
Шундан сўнг жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилиб, фирибгарга қонуний чора кўришни сўрашади. Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида айбдорнинг 113 нафар фуқарони 3,7 миллиард сўмга чув туширгани аниқланади. Шунга қарамай, Элдор Нўъмонов галдаги фирибгарликка қўл уради. Аниқроғи, у ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилгандан сўнг — 2019 йил декабрь ойида «ХУСУСИЙ БАНДЛИК АГЕНТЛИГИ HISTORICAL TRAVEL» масъулияти чекланган жамиятининг устав фондида шакллантирилган 50 000 АҚШ долларини ўзининг улуши эканини, жамияти билан боғлиқ бирон-бир муаммоси йўқлигини айтиб, жамиятни Дилмурод Раҳмоновга 50 000 АҚШ долларига сотиб юборади. Д. Раҳмонов эса, унинг фирибгарлигидан тергов органи томонидан сўроққа чақиртирилганда, қолаверса, 50 000 АҚШ долларига нисбатан банд солинганидан сўнг хабар топади.
Албатта, ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шу маънода айтганда, Э. Нўъмоновнинг қилмишлари жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман судида кўриб чиқилди. Суд уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, муқаддам тайинланган жазо муддатини ҳам қўшган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Қолаверса, тергов органи томонидан ҳатланган 50 000 АҚШ доллари ҳам жабрланувчиларга тенг тақсимланди. Шу боис суд ҳукмида айбдордан жабрланувчиларга етказилган қолган зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Бу дунёда нопок қилмиш ҳеч кимга яхшилик келтирмаган. Ҳалол меҳнат ортидан яшаш ўрнига осон бойиш мақсадида жиноий йўлга қадам босгани Э. Нўъмоновга жуда қимматга тушди. Бошқача айтганда, у ўзи қазиган чоҳга ўзи тушди. Бу воқеа тафсилоти фирибгарликка мойил кимсалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.
Муҳайёхон ТУРДИЕВА,
жиноят ишлари бўйича
Хўжаобод тумани суди раиси
Фикр қолдириш