МИСИ ЧИҚҚАН ҚИНҒИРЛИК ЁХУД ФОШ ЭТИЛГАН ҚЎШАЛОҚ ЖИНОЯТ
Болалигимизда ота-онамиз кўчадан пул ёки шунга ўхшаш қимматбаҳо буюм топиб олганда, аввало эгасини сўраб-суриштириш лозимлигини уқтиришган. Аксинча, топилмани индамай чўнтакка солиб кетиш гуноҳ эканини тушунтиришган.
Қўқон шаҳрида яшовчи Мирфозил Тошмирзаев (исм-шариф ўзгартирилган) 2021 йил кўчадан 2 та 50 АҚШ доллари купюрасини топиб олгач, бундай йўл тутмади. Аксинча, у пулни шоша-пиша чўнтагига солиб яшириб қўйди. Шу тариқа унинг кўчадан валюта топиб олганини ҳеч ким сезмади. Аммо кейинчалик топиб олинган валюта қалбаки экани маълум бўлди. Шунда ҳам М. Тошмирзаев ҳеч кимга лом-мим демади. Кўп ўтмай эса, қалбаки валюта уни қўшалоқ жиноятга етаклади.
Гап шундаки, 2021 йил 9 октябрь куни у Учкўприк туманининг Милтиқчи қишлоғида жойлашган, тадбиркор Гулнорахон Қўчқоровага қарашли савдо дўконига киради. Дўконда Гулнорахон Қўчқорова ўғли Озодбек билан бирга савдо қилиб туришганди.
М. Тошмирзаев дўкондан 310 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти, ювиниш анжомлари ва битта 5 литр ҳажмдаги кунгабоқар ёғи сотиб олади. Эвазига эса, ўша қалбаки 50 АҚШ долларини беради.
— Бошқа пулим йўқ эди, — дейди у чўнтагидан 15 000 сўмни чиқариб кўрсатаркан.
Бинобарин, Г. Қўчқорова унга ишониб, хорижий валютани қабул қилади.
Қайтимига унга 225 000 сўм беради. М. Тошмирзаев нақд пул ва харид қилган маҳсулотларини олиб, дўкондан шоша-пиша чиқиб кетади. Харидор кетгач, Гулнора опа ўғлига ҳалиги 50 АҚШ долларини бериб, қўшни дўкондан миллий валютага айлантириб келишни буюради.
Орадан кўп ўтмай Озодбек шошган кўйи қайтиб келиб, долларнинг қалбаки эканини айтади. Г. Қўчқорова дарров алданганини тушуниб, ҳудуд профилактика инспекторига мурожаат қилади. Қолаверса, эртаси куни «102» қисқа рақамига ҳам қўнғироқ қилиб, воқеа хусусида хабар беради.
Буни қарангки, 2021 йил 10 октябрь куни Мирфозил Тошмирзаев Учкўприк туманининг Саланг қишлоғида тадбиркор Ғайратжон Йўлдошевга қарашли савдо дўконида жиноий қилмишини давом эттиради. Ўша пайтда дўконда Ғ. Йўлдошевнинг вояга етмаган ўғли Ихтиёржон Ваҳобовнинг савдо қилаётгани унга жуда қўл келади. М. Тошмирзаев дўкондан ҳар бирининг нархи 81 500 сўм бўлган 4 та 5 литр ҳажмли кунгабоқар ва пахта ёғи харид қилади. Сўнг миллий валютада пули йўқ эканини айтиб, Ихтиёрга қалбаки валютани беради. Буни кўриб, И. Ваҳобов ўйланиб қолади.
— Шошмай туринг, дадамдан сўраб кўрай-чи, — дейди у ва отасига қўнғироқ қилади.
Ўз навбатида, Ғайратжон ака ўғлига долларни қабул қилишга рухсат бергач, Ихтиёржон уни олиб, қайтимига 204 000 сўм санаб беради.
Ўша кун тушдан сўнг Ғ. Йўлдошев уйига қайтиб келгач, ўғли ҳалиги 50 АҚШ долларини беради. Ғ. Йўлдошев хорижий валютани кўздан кечиргач, қалбаки эканини дарров сезади. Шундан сўнг вақтни бой бермай ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилади.
Жабрланувчиларнинг мурожаатига биноан фирибгар тез орада қўлга олинди ва жиноят иши қўзғатилди. Яқинда ушбу қилмиш жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани судида кўриб чиқилди. Тўғри, суд мажлисига қадар судланувчи жабрланувчиларга етказган моддий зарарини тўлиқ қоплади. Бироқ моддий зарарнинг қопланганлиги жиноятчини жазодан озод этмайди.
Шу боис Мирфозил Тошмирзаев Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди ва 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Жиноят кодексининг 15-моддаси (жиноятларни таснифлаш) да қайд этилишича, жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларга бўлинади. Лекин жамият тараққиёти учун жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди.
Бундан ташқари Олий Суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги «Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида»ги қарори 7-бандига асосан судлар жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришга доир қонун талабини бажаришда иш бўйича аниқланган ва жиноят содир этилишига олиб келган муайян ҳолатларни хусусий ажримда кўрсатиши лозим.
Хусусий ажримда аниқланган камчилик ва хатоликлар моҳияти баён этилади, шунингдек, улар билан содир этилган жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ўртасидаги сабабий боғланиш кўрсатилади ва уларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўриш тавсия этилади. Бинобарин, суд томонидан келгусида баён этилгани каби жиноят содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кучайтириш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, судланувчи истиқомат қилган Қўқон шаҳри «Исфара Гузар» маҳалла фуқаролар йиғинига юборилди. Бу ҳамюртларимизни фирибгарларнинг ҳийла-ю найрангларидан яна бир бор огоҳлантириш ҳам демакдир.
Нодиржон САЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Бешариқ тумани суди судьяси
Фикр қолдириш