ОМОНАТГА ХИЁНАТ ЁХУД МОЛ-МУЛК МОЖАРОСИ ОҚИБАТИ

Бу ёруғ дунёда одамларни бир-бири билан боғлаб турадиган ришталар жуда кўп. Улардан бири қон-қардошликдир. Бир оилада униб-ўсган ака-ука, опа-сингиллар бутун ҳаёт давомида бир-бирига ёрдам бериши, қўллаб-қувватлаши айни ҳақиқат. Бироқ ора-сирада бўлса-да, бу ҳаёт ҳақиқатига қарши борадиганлар ҳам учраб туради. Бундайларни қандай қисмат кутишини қуйидаги воқеа тафсилотидан билиб олиш мумкин.

Тақдир тақозоси билан боғотлик Кенжабой Мамиевнинг 12 йиллик ҳаёти олис Америкада кечади. Шунда у эндигина мактаб ёшига етган фарзанди Алишер учун алоҳида уй сотиб олишни режалаштиради. Бу ниятини акаси Комилжон Мамиевга айт­ганда,  ун­га ҳам маъқул тушади. Бундан хурсанд бўлган ука акасидан вояга етмаган фарзанди учун уй сотиб олиш ва уни ўзининг номига расмий­лашти­риш­ни илтимос қилади. Ака унинг илтимосини ер­да қолдирмайди.

Урганч шаҳри, Хонқа кўчасидаги 58-уйнинг 2-хонадони 72 миллион сўмга баҳоланади. Ушбу хонадон 2014 йилнинг 16 сентябрида Комилжон Мамиевнинг номига расмийлаштирилади.

Орадан етти ой ўтгач, ака-укалар шу кўчада жойлашган яна бир хонадонни сотиб олишади. Уч хонали ушбу хонадоннинг нархи нотариал идорада тасдиқланган олди-сотди шарт­номасида 120 миллион сўм қилиб белгиланган бўл­са-да, аслида у 34 минг АҚШ долларига баҳоланган эди.

Келгусида Кенжабой Ма­миев­нинг эгалигига ўтказилиши кўз­­­­­­да тутилган ушбу хонадон унинг хоҳишига биноан жияни Мақсудбекнинг хотини Сайёра Рў­зибоеванинг номига расмийлаштирилади. Ол­ди-сот­ди­ жараёнида Кенжабой Мамиевнинг ўзи ҳам иштирок этади. Кўчмас мулкларга эга бўл­ган Кенжабой Мамиев хотиржам ҳолда яна уммон ортига қайтади.

Афсуски, орадан кўп вақт ўт­май Комилжон Мамиев, Мақсуд Мамиев ва Сайёра Рўзибоева Кенжабой Мамиевнинг омонатига хиёнат қилади. Улар Сайёра Рўзибоеванинг номига расмийлаштирилган уйни ҳа­қи­­­қий эгасининг розилигини ол­май туриб, 2019 йилнинг декабрь ойида 165 миллион сўмга сотиб юборишади. Бундан хабар топган Кенжабой Мамиев тезда Хо­разм­га қайтиб келади. Ам­мо қа­рин­дош­лари унинг уй­га эгалик ҳуқуқи­ни тан олишмайди. Улар сотиб юборилган уйнинг пулини ўзлари тўлашганини даъво қилишади.

Шундан сўнг Кенжабой Мамиев ўзининг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Унга асосан жиноят иши қўзғатилади. Тергов ва суд муҳокамаси чо­ғида Мақсудбек Мамиев, унинг турмуш ўртоғи С. Рўзибоева ва бошқалар Кенжабой Мамиев келтирган далилларнинг сохта ва асосиз эканини таъкидлашди (улар келтирган важлар шу қа­дар турли-туман ва бир-бирига зидки, уларнинг тафсилотини батафсил баён этишнинг имкони йўқ).

Бу жараёнда кўрсатма берган Кенжабой Мамиев хорижда ишлаб топган маблағни отаси Аминбой (у 2019 йил октябрь ойида вафот этган) отага ва у билан бирга истиқомат қилувчи жияни Мақсудбекка «Money Gram» халқаро пул ўтказиш тизими орқали жўнатиб турганини маъ­­­лум қилиб, ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни тақ­дим этди. Қолаверса, у З. Мамиевга қарашли уй­ни 34 минг АҚШ долларига со­тиб олганини ва пулни шахсан берганини таъкидлади. Ўз нав­батида гувоҳ З. Мамиев Кенжабой Мамиев рост гапиргани, ҳақиқатан ҳам, ўзаро келишилган пулни шахсан Кенжабойнинг қўлидан санаб олгани, бун­га умр йўлдоши Ш. Оллаёрова ҳам гувоҳ эканини маълум қилди.

Энг муҳими, Кенжабой Мамиев тергов органи ва судга тақдим этган аудио ва видео ёзувларда ҳам ушбу ҳолатлар тўлиқ исботини топган.

Суд тарафларнинг кўрсатмаларини ишдаги ҳужжатлар асосида синчиклаб ўрганиб чиқди ва қонуний баҳо берди. Бу жараёнда ўз­ганинг пулини ўзлаштириш, талон-торож этишда айбдор ҳисобланган тарафнинг важлари анча мавҳум ва исботсиз экани маълум бўлди. Жабрланувчи тарафнинг далиллари ишончли бў­либ чиқди. Шу боис тергов ор­­гани ва суд Кенжабой Мамиевни жабрланувчи сифатида эътироф этди. Унга тегишли катта миқдордаги маблағни ўз­лаш­ти­ришда гумон қи­линган марҳум Комилжон Мамиев (у 2020 йилда вафот этган), унинг ўғли Мақсудбек Мамиев, келини С. Рў­зи­бо­еванинг жиноий хатти-ҳаракатлари амалдаги Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» бандига асосан малакалан­ди. Шу асосда чиқарилган ҳукмга мувофиқ, айбдорлиги тўлиқ исботланган Комилжон Мамиевга вафот этгани сабабли жазо тайинланмади.

Мақсудбек Мамиев ва Сайёра Рўзибаева тарафидан амалга оширилган жиноий қилмишга ҳам қонун талаби асосида баҳо берилди. Уларнинг муқаддам судланмагани, оилавий ша­рои­ти ка­би омиллар жазони енгиллатувчи ҳамда ға­разли қил­миш­ла­ри жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳоланиб, тегишли жазолар тайинланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, суд муҳокамаси жараёнида жабрланувчи Кенжабой Мамиевнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам тикланди. Унга етказилган 165 миллион сўмлик моддий зиённи қоплаш мажбурияти Мақсудбек Мамиев ва Сайёра Рў­зибоеванинг зиммасига юк­ла­тил­ди. Айни пайт­да Урганч шаҳри, Хонқа кўчасидаги 58-уй­нинг 2-хонадони аслида К. Мамиевга тегишли экани қайд қилинди. Уй жабр­ла­нувчига қайтарилди.

Хайриятки, шундан сўнггина Мақсудбек Мамиев ва унинг яқинлари суднинг ҳукмидан тегишли хулоса чиқаришди. Жабрланувчи К. Мамиевга 165 миллион сўм пул қайтариб берилди. Апелляция инстанция­си судида бу ҳолат инобатга олинди ва судланувчиларга та­йинланган жазо турлари ўзгартирилди. Мақсудбек Мамиев 2 йил, Сайёра Рўзибоева эса 1 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. М. Мамиев суд залидан озодликка чиқди. Ғирром «ўйин» — яқин қариндошларнинг ўз жигарига қилган хиёна­ти ана шу тарз­да якун топди.

Бу ҳаётда ҳамма нарсани топиш мумкин. Бироқ қариндош-уруғ, ака-ука, опа-сингилларни топиш мушкул. Бундай мустаҳкам инсоний ришталарни узиш эса, янада оғир оқи­батларга олиб келиши та­йин. Пул, мол-давлатни инсонийлик ва қариндошлик туйғуларидан устун қўй­ганлар ҳар доим адашишган. Зеро, омонатга хиёнатнинг охири ҳамиша ачинарлидир.

Руслан Бобожонов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: