ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШНИ ЯНАДА ЭРКИНЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга суд-ҳуқуқ со­ҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, судга шикоят қилиш муддатининг қисқалиги аксарият ҳолатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­лари­нинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш имконини бермайди. Аниқроқ айтганда, бу омил судга мурожаат қилиш имкониятини бир мунча чекламоқда.

Шунинг учун ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш ва узайтириш бўйича кенг жамоатчилик, ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар, шунингдек, суд амалиёти таҳлили натижалари бу борада тегишли чора-тадбирлар­ни­ жорий этиш заруриятини кун тартибига қўйди.­

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекснинг 262-моддасига кўра, апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати ши­коят­ (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инс­тан­ция­си суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протес­тини) бериш муддати ўт­казиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Бироқ амалиётда тадбиркорлик субъектлари турли сабабларга асосан апелляция шикоятини икки ойлик муддат ичида беролмаётгани, бу эса, биринчи инс­танция су­ди қа­рори устидан юқори инс­тан­ция судларига шикоят қи­лиш ҳуқуқларини чеклаётган ҳо­латлар кўпайиб бормоқда. Шу боис тадбиркорлик субъектлари ушбу муддатни олти ойга узайтиришни таклиф қилишмоқда.

Бундан ташқари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасида маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқа­риш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳа­ра­кати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахс­га ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қо­нуний манфаатлари бузилгани маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу даъво муддатининг ҳам қисқалиги, аксарият ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқ­ла­рини тиклаш имконини бермасдан, судга мурожаат қи­лиш имкониятини чеклаб қўй­моқда. Шу сабабли кенг жамоатчилик бу муддатни ҳам узайтириш бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазаларни илгари сурмоқда.

Бу, ўз навбатида, судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш, аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида давлат органлари қарори устидан судга шикоят қи­лиш муддатини олти ойгача узайтиришга зарурат юзага келганидан далолатдир.

Юқорида баён этилган муаммоларни бартарф этиш, судга мурожаат қилиш имко­ния­тини янада кенгайтириш мақсадида қо­нунчилик ташаббуси ҳуқу­қи асосида Олий суд томонидан «Судга му­рожаат қи­лишни янада эркинлаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойи­ҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу қонун лойи­ҳаси билан Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­ларга:

биринчидан, иқтисодий суд ишларини юритишда апелляция шикоятини (про­тес­тини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси су­ди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қи­­линган кундан эътиборан кечиктирмасдан берилиши белгиланган икки ойлик муддатни олти ойга узайтириш;

иккинчидан, маъмурий ор­ганнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қа­рори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят­ қи­лишнинг уч ойлик муддатини олти ойга узайтиришга оид ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Бу тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш баробарида уларнинг бузилган ҳу­қуқ­ларини ишончли ҳимоя этишга муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Маълумки, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунда давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўл­ган бош­қа органлар, фуқаролар ўзи­ни ўзи бошқариш ор­ган­ла­ри­нинг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳа­ра­катлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (ши­коят­лар) бўйича фуқаролардан базавий ҳисоблаш миқдори­нинг 1 баравари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан базавий ҳи­соблаш миқдори­нинг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ҳи­моя қилинишини кенгайтириш мақсадида фуқаролар томонидан давлат хизматларини кўр­сатишга ваколатли идораларнинг хатти-ҳаракатлари устидан маъмурий судларга бериладиган аризалардан ундириладиган давлат божи миқдорларини камайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳа­қиқий эмас деб топиш, уларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топишга доир 6 минг 920 та иш кўриб чиқилган. Бу ишларнинг 5 минг 257 таси қаноатлантирилган. 2021 йилда бу рақамлар 5 минг 761 тани ташкил этиб, шундан 3 минг 538 таси қаноатлантирилган.

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар ушбу тоифадаги низолар бўйича кўриб чиққан ишларнинг 90 фоизидан ортиғини ай­нан давлат хизматларини кўр­­сатишга ваколатли бўл­ган мансабдор шахсларнинг ҳаракати ё ҳаракатсизлиги юза­сидан берилган ариза ва ши­коят­лар ташкил этмоқда.

Ушбу тоифадаги низолар бўйича бериладиган аризалардан давлат божини камайти­ри­лиши фуқароларга одил судловга эришиш учун янада қулайликлар яратади.

Шу муносабат билан Олий суд томонидан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақи­да»ги қонун ло­йи­­ҳаси ишлаб чиқилди.

Айни пайтда ҳар икки қо­нун лойиҳаси юзасидан манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари олинмоқда.

Шундай қилиб, амалдаги қо­нунларга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар:

– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали самарали ҳи­моя этилишини таъминлашга;

– турли сабабларга кўра, вақ­тида шикоят қила олмаган тарафларнинг суд қарори устидан шикоят қилиш имкония­тини кенгайтиришга;

– давлат хизматларини кўр­сатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилиниши имкониятларини кенгайтиришга;

– фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини, аҳо­лининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи

 

 

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: