СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯЛАНИШ КАФОЛАТЛАРИ
Амалдаги Жиноят-процессуал кодексига апелляция тартибида иш юритиш институтининг киритилгани фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясига хизмат қилмоқда. Шу билан бир қаторда апелляция инстанцияси қуйи судлар томонидан йўл қўйилган хато-камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, ҳукмнинг қонуний, асосли ва адолатли эканини текшириш, процессуал қонунчилик талабларига қай даражада риоя этилганини таҳлил қилишга имконият яратмоқда.
Бундан ташқари апелляция инстанцияси суди билиб-билмай хатога йўл қўйган, етказилган зарар ўрнини қоплаган шахсларнинг тўғри йўлга тушиб олишига сабаб бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Буни қуйидаги мисоллар ҳам яққол тасдиқлайди.
«Н.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари С. Жумақулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ноқонуний йўллар билан жиноий бойлик орттиришни режалаштирган. У шундай ғаразли ниятда корхонага тегишли иссиқхонага ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунасига қасддан шикаст етказган. Аниқроғи, сунъий равишда ҳисоблагични тўхтатиб қўйиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. Бунинг натижасида С. Жумақулов «Ҳудудгаз Навоий газ таъминоти» филиали манфаатларига 252 миллион 946 минг сўмлик моддий зарар етказган.
Биринчи босқич судининг 2021 йил 30 августдаги ҳукмига кўра, С. Жумақулов Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 4-қисмига асосан айбдор деб топилиб, унга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Суднинг С. Жумақуловга нисбатан чиқарилган ушбу ҳукмига Навоий шаҳар прокурори томонидан апелляция тартибида протест киритилган.
Унда жиноят иши юзасидан етказилган моддий зарар судланувчи томонидан қопланмагани боис унга нисбатан оғирроқ жазо тайинлаш сўралган.
Ўз навбатида, С. Жумақулов ҳам апелляция инстанциясига мурожаат қилиб, унда газ идораси ходими Ф. Муродуллаев билан ўрталарида келишмовчилик борлигини важ қилиб кўрсатган ва суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Аввалдан айтиш керакки, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш жараёнида С. Жумақулов жиноят оқибатида етказилган зарарнинг асосий қисми қоплангани ҳақида тўлов паттасини тақдим қилди. Шу сабабли судлов ҳайъати прокурор протестида баён этилган масалани муҳокама қилмади.
Апелляция шикоятида баён этилган С. Жумақуловнинг важи текширилганда у асоссиз экани, газ идораси ходими Ф. Муродуллаевнинг ўз хизмат вазифасини бажаргани маълум бўлди.
Гап шундаки, С. Жумақулов 70 сотихли иссиқхонасининг 50 сотихига помидор, 20 сотихига бақлажон ва полиз экинлари эккан. Қишлоқ хўжалигида билим ва бошқа инновациялар миллий Маркази Навоий вилояти бўлимининг илмий-таҳлилий маълумотномасида 2020 йилнинг 23 октябридан 2021 йил 25 январига қадар бўлган муддатда иссиқхонада помидор ва бодринг етиштириш учун иссиқлик тизимидан фойдаланмасдан туриб, маҳсулот етиштириб бўлмаслиги баён этилган.
Бироқ «Н.» масъулияти чекланган жамияти иссиқхонасида қишнинг қорли-қировли кунларида ҳам икки-уч кунлаб газдан фойдаланмаслик ҳолатлари кузатилган. Қолаверса, бошқа иссиқхоналар билан таққослаганда газ кам сарфлангани аниқланган. Бу С. Жумақуловга тегишли иссиқхонани текшириш учун асос бўлган.
Қонунчиликда истеъмолчилар газдан фойдаланаётган вақтида куннинг исталган пайтида газ идораси ходими газ қурилмаларини кўздан кечириш учун бориши мумкинлиги, истеъмолчи газ идораси ходимига текшириш учун эркин шароит яратиб бериши лозимлиги белгилаб қўйилган. Ушбу талаб газ идораси билан истеъмолчи ўртасида расмийлаштирилган шартномада ҳам назарда тутилган. Аммо текширувчилар С. Жумақуловга қарашли иссиқхонага боришганида газ ҳисоблагич ўрнатилган хона эшиги очиб берилмаган. Бу Ф. Муродуллаев билан бирга келган холислар ҳамда профилактика инспекторида шубҳа уйғотган. Шундан сўнг улар қулфни бузиб, ичкарига киришганда, ҳисоблагичдан газ ўтаётган бўлса-да, аммо у қасддан ишламаётгани маълум бўлган.
Судлов ҳайъати биринчи босқич суди содир этилган жиноят тафсилотларини тўғри аниқлаган, судланувчининг айби исботлангани тўғрисида асосли хулосага келган ва С. Жумақуловнинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 185-2-моддаси 4-қисми билан тўғри малакалаган, деган тўхтамга келди. Бундан ташқари қуйи суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида кўрсатилган раҳбарий тушунтиришларга риоя қилган. С. Жумақуловнинг муқаддам судланмагани, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарарнинг қопланмагани ва ишнинг бошқа ҳолатларини инобатга олган ҳамда у айбдор деб топилган модда санкциясида назарда тутилган озодликни чеклаш жазоси тайинлаш ҳақида адолатли қарор қабул қилган.
Бироқ апелляция судлов ҳайъати ишни мазмунан кўришда Жиноят кодексининг 70-моддаси талабларига таяниш лозим, деган хулосага келди. Чунки ушбу моддада жиноят содир этган шахс агар иши судда кўрилаётган вақтида намунали хулқи, меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатса, унинг қилмиши ижтимоий хавфлилигини йўқотди, деб эътироф этилса, жазодан озод қилиниши белгиланган. Бундан ташқари Олий суд Пленумининг юқорида қайд этилган қарори 2-бандида ҳам судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган, етказилган зиённи қоплаган шахсларни Жиноят кодексининг 65, 66, 70, 71-моддаларига мувофиқ жавобгарлик ёки жазодан озод қилиш масаласини муҳокама қилиши лозимлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 497-30-моддасида ҳам апелляция инстанцияси суди биринчи босқич судининг айблов ҳукмини ўзгартириш чоғида жазони енгиллаштиришга ёки маҳкумга нисбатан енгилроқ жиноятга оид қонунни қўллашга ҳақли экани белгиланган.
Апелляция судлов ҳайъати ана шундай инсонпарварлик тамойилларини ўзида акс эттирган меъёрларга асосланиб, биринчи босқич судининг С. Жумақуловга нисбатан чиқарган ҳукмини ўзгартириш ҳақида ажрим чиқарди. С. Жумақулов Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан, тайинланган жазодан озод қилинди. Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Навоий вилояти ҳудудий бўлимининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 251 миллион 250 минг сўм «Ҳудудгаз Навоий газ таъминоти» филиали ҳисоб рақамига ўтказилиши ва яна С. Жумақуловдан газ филиали фойдасига етказилган моддий зарарнинг қолган 1 миллион 696 минг сўмини ундириш белгиланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари ва унинг қонуний манфаатларини суд орқали адолатли ҳимоя қилиш одил судловнинг асосий мезонидир. Судланувчи С. Жумақуловнинг тайинланган жазодан озод қилиниши у ва яқинларида жамиятимизда қонун ҳамиша устуворлиги ҳамда адолат одил судлов мезони эканига мустаҳкам ишонч уйғотгани шубҳасиз.
Абдуманноб ШАЙДОЕВ,
Навоий вилояти суди
раиси ўринбосари,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш