БОШ МАҚСАД — ИНСОН ҚАДРИ

Адолат — давлатнинг мустаҳкам пойдевори ва устуни. Шу маънода, юртимизда судларни чинакам адолат қўрғонига айлантириш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасини Фарғона вилоя­ти судлари фаолиятида ҳам яқ­қол кў­риш мумкин. Айниқса, дастлабки терговда қилмиши но­тўғри малакаланган ёки муқаддам ноҳақ айбланган шахс­ларнинг оқланаётгани давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсонпарварлик сиё­сати ҳамда «Инсон қадри учун» тамойилининг яққол намунасидир.

2022 йилнинг дастлабки яр­ми мобайнида вилоятимизда биринчи босқич судида 3 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳук­ми чиқарилган бўл­са, 12 нафар шахс апелляция инстанция судида оқланган. Шу билан бирга, 712 шахсга нисбатан 539 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қў­йилган айблов ўз­гарти­ри­либ, ҳукм чиқарилди. Шундан 223 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органи эълон қилган айблов иш ҳужжатларидан тўлиқ чиқариб ташланди.

Модомики, гап оқлов ҳукми ва ажримлари хусусида борар экан, бунда судья масаланинг ҳамма жиҳатига эътибор қаратиб, тарафларни атрофлича эшитиб, ҳар бир ҳолат ва далилни синчиклаб ўрганиб, сўнг барчасини адолат тарозисига қўйган ҳолда қарор қабул қилиши шарт. Ана шундагина ҳамюртларимизнинг судларга нисбатан ишончи янада мустаҳкамланади.

Фарғона вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Равшанбек Тожибоевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кў­риб чиқилди.

Р. Тожибоевнинг куёви — Қўштепа тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи маъмурий амалиёт инспектори Ж. Аҳмедов 2014 йил куз ойларида жиноят устида ушланган.

Равшанбек Тожибоев куёвига нисбатан қўзғатилган ва Мар­ғилон шаҳар прокуратураси иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича енгиллик берилиши учун Фарғона вилояти ИИБ тезкор вакили С. Қорабоев ва МХХ Фарғона вилоя­ти бошқармаси собиқ ходими Б. Ҳакимовга 35 335 800 сўмга тенг 15 000 АҚШ долларини пора тариқасида берганликда айбланган.

Жиноят кодексининг 9-моддасига мувофиқ, шахс қонунда белгиланган тартибда ай­би исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.

Жиноят процессуал кодексининг 22-моддаси талабига кўра, терговчи, прокурор ва суд ҳақиқатни аниқлаш мақсадида жиноят юз берганини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Бунда иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак.

Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ва судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

Бироқ дастлабки тергов ор­гани томонидан мазкур қо­нуний талабларга риоя қилинмаган. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилмаган.

Қолаверса, С. Қорабоев тергов жараёнида Р. Тожибоевнинг пора берганлигини тасдиқлаган бўлса-да, судда гувоҳ тариқасида сўралганда бу кўр­сатмаларни тазйиқ ва босими остида бергани, айб­ланувчи куёвининг ишини ҳал қи­лиш учун унга мурожаат қилмагани ҳамда пул бермаганлигини билдирди.

Шу асосларга таянган жи­ноят­ ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди Равшанбек Тожибоевни айбсиз деб топиб, оқ­лади. Унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий зарар оқибатларини тегишли тартибда бартараф қи­лиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Айтиш керакки, Фарғона вилояти судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида 780 та иш бўйича 943 нафар шахсга нисбатан қонун санкциясида кўрсатилганидан камроқ жазо тайинланган. Бу давлатимиз сиёсатининг кечиримлилик ва инсонпарварлик тамо­йил­лари тақозосидир.

Араз ва гина-кудуратни унутиб, ўзаро келишмовчиликни бартараф этиш, бир-бирини тушуниш, ярашиш каби фазилатлар миллий қадриятларимизнинг ўзига хос кўринишидир. Мана шундай яхшиликка ундовчи урф-одатлар судлар томонидан ишларни кўриш жараёнида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 1 минг 804 нафар шахс­га нисбатан 1 минг 737 та жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан тарафлар ярашганликлари сабабли тугатилгани бу фикримизнинг амалий исботидир.

Албатта, бу ҳаётда ҳеч ким хатодан холи эмас. Айниқса, ёшлар ора­­сида билиб-билмай, кў­пинча ножўя хатти-ҳаракатларининг оқибатини ўйламай жи­­ноят содир этиш ҳоллари уч­раб туради.

Бундай ҳолатда содир этилган қилмишнинг даражасига қараб, шахсга нисбатан кафолат хатлари асосида енгиллик берилиши қонунчилигимизга хос хусусиятлардан биридир. Вилоят судлари томонидан шахс­га нисбатан жазо тайинлашда Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги эъ­тиборга олинмоқда.

Аввало, жазоларни енгилроқ тури билан алмаштиришда, судланувчининг қилмишидан тегишли хулоса чиқаргани,  меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, бундан буён тўғри йўл­дан тоймай юришга қатъий­ ин­тилаётгани инобатга олин­моқда. Бу ҳам қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигидан далолат.

Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида вилоятимизда пора олиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, пора бериш, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари камайган. Аммо фирибгарлик, ўғирлик, транспорт воситалари ҳа­ракати ёки улардан фойдаланиш хавф­сизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўз­лаштириш ёки рас­трата йўли билан талон-тарож қи­лиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, ҳақо­рат қилиш, босқинчилик жиноятлари кўпайган.

Бу, ўз навбатида, жойларда кенг жамоатчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқий тар­ғибот ва ташвиқот ишларини янада жонлантириш, шу орқали ҳам­юртларимизга ҳар бир жиноятнинг ҳуқуқий оқибатларини, янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини халқчил тарз­да тушунтириб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун давлатимиз раҳбарининг «Суд остонасига қа­дам қўй­ган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётга­нига тў­лиқ ишонч ҳосил қи­лиши керак», деган сўзлари судлар фаолияти учун муҳим дастуриламалдир.

Шуҳрат КАМОЛОВ,

Фарғона вилояти суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: