НОБАКОРЛАР ҚИСМАТИ

Суднинг қора курсисида она ва унинг қизи исноддан бошларини кўтаролмай ўтиришибди. Бу икки нобакор инсонийликка хос бўлмаган мудҳиш жиноят — одам савдосига қўл уришган. Хўш, аслида бу қилмиш қандай рўй берди? Уларнинг мақсад-муддаоси нима эди?

…Ўшанда 2016 йилнинг ёз ойлари эди. Шоҳиста (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўрта мактабни битириб, олий таълим муассасасида ўқиш мақсадида ҳужжатларини топширганди. Шу боис у тенг­қўр қизлар билан Са­мар­қанд шаҳрида ижарага уй излаб юрганда, Зоҳида Калонхоновани учратиб қо­лади. У бу аёлнинг уйида бор-йўғи бир кун яшайди. Чунки бу хонадонда муҳит соғлом эмас, аллақандай бегона эркакларнинг қа­да­ми узилмасди. Шу сабабли Шоҳиста эртаси куниёқ уйдан чиқиб кетади.

Орадан бир неча йил ўт­гач, аниқроғи, ўтган йилнинг март ойи бошларида Шоҳис­та Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғонида жойлашган банк муассасасига борганида тасодифан Зоҳида Калонхонова ва унинг қизи Шамсияни учратиб қолади. З. Калонхонова суҳбат орасида ёнида турган қизи Шамсиядан нолийди. Ҳа­ли ои­ла қурмасдан ҳомиладор бўлиб қолгани, 2018 йилда ўғил фарзанд кўр­ганини айтаркан, болани боқишга қийналаётгани, қи­зининг фарзандига қа­рашга вақти йўқ эканидан ёзғиради, ях­ши бир оила чиқса, набирасини бериш нияти борлигини билдиради.

Шоҳиста уларнинг гап-сўзларини эшитиб туриб, бирдан кайфияти тушиб кетади. Инсон ўз фарзандини худди буюм каби қандай ўзгага бериб юбориши мумкин?… Ахир, фарзанд юрак қўридан яралмаганми?

Орадан бир ойча вақт ўтса-да, Шоҳиста бу гап-сўзларни эсидан чиқаролмайди. Шу боис у Зоҳида билан Шамсия фарзандини сотиш ния­тидан қайтган-қайт­ма­ганини билиш мақсадида уларнинг уйига боради.

— Биз битта гапирамиз, — дейди Зоҳида. — Агар 1 минг АҚШ доллари берсанг, Шамсия сенга яна битта бола туғиб беради.

Зоҳиданинг безбетларча бу гапни айтишига Шоҳистанинг ўғилчаси бўла туриб, ёлғондакам фарзанд кўрмаётганини айтгани сабаб бўл­­­­ганди. Шунда Шо­ҳис­та уч ёшли ¤ткирбек учун қанча сўрашларини сўрайди.

— Ўзинг олсанг, 300 АҚШ доллари берсанг етади, — дейди З. Колонхонова.

Шу пайт нариги хонадан Шамсия чиқиб келади ва онасига бобиллаб беради: — Ме­нинг ҳақ­қим-чи? 300 АҚШ доллари эмас, 600 АҚШ доллари берасиз.

Шоҳиста болани сотиб олишни ўйлаб кў­ришини айтиб, кетишга чоғланади. Она ва қизининг тубан ния­ти унинг буткул ғазабини қўзғатган эди. Шу боис уларнинг мудҳиш ниятига чек қўйиш мақсадида тўп­па-тўғри Самарқанд шаҳар 5-сонли ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Бу пайт­да Зоҳида Шоҳистага қайта-қайта қўн­ғироқ қи­либ, Ўткирбекни сотиб олиш ёки олмаслигини сўраётганди. Шо­ҳиста ички ишлар идораси ходимларига ушбу тадбирда ўз ихтиёри билан иштирок этишга розилик билдиради. «Салим» исмли шахс тадбирга жалб этилади.

Гўёки улар эр-хотиндек З. Калонхонованинг ҳовлисига келишади.

Кечга яқин пулни келтириб, болани олиб кетмоқчи эканини айтишади.

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига холислар иштирокида кимёвий ишлов берилган 600 АҚШ доллари тақдим этилади.

Қисқаси, пул, бойлик илинжида фарзандини пуллашдан тап тортмаган нобакорлар жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Улар тергов ва судда болани моддий томондан таъминлашга қийналгани учун яхши ои­лага фар­занд­ликка бериш ниятида экани, уни сотишни хаёлларига келтирмаганини важ қи­либ келтиришди.

Суд судланувчиларнинг бу важини ўзларига тайинланадиган муқаррар жазодан қутулишга уриниш деб топди.

Афсуски, судланувчи Зоҳида ва Шамсия Колонхоновалар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2018 йилнинг 26 март куни туғилган, вояга етмаган Ўт­кир­бекни сотишни кўз­лашган.

Суднинг ҳукми ўқилди. Ҳар икки судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми «а» бандида кўз­да тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Судланувчи З. Колонхонова суд залидан қа­моққа олинди ва тўрт йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд судланувчи Ш. Колонхоновага жазо та­йинлашда унинг ёлғиз она бў­либ, оиласи моддий етишмовчиликка ҳамда ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд кам таъминланган оила ҳисобланишини, бир оилада ик­ки киши судланаётгани ҳам­­да жиноятдаги иштирокчилик даражасини инобатга олиб, жамиятдан ажратмасдан туриб ахлоқан тузатиш имконияти мавжуд, деган қатъий хулосага келди. Суд Ш. Колонхоновага Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаб, айбланган модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо тайинлашни лозим топди.

Ун­га беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Суд ҳукми билан келгусида Ўткирбекнинг тарбияси ва парваришланишини таъминлаш ҳамда уни фарзандликка бериш масаласини ҳал этиш Самарқанд шаҳар Васийлик ва ҳомийлик органи зиммасига юклатилди.

Хулоса қилиб айтганда, фарзанд сотиладиган буюм эмас, бундай қилмиш фақат ва фақат афсус-надоматга сабаб бўлади. Одам савдоси жи­ноятига қўл урган кимсалар муқаррар жазодан ҳеч қачон қочиб қутулолмайди.

Ориф ПАРДАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: