ҲОКИМЛАРНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС.Маъмурий судлар бундай тўхтамга келишининг сабаблари нимада?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Мазкур кодекснинг 27-моддаси 1-қисми 2-бандига кўра, маъмурий суд: маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Ҳокимларнинг қарорлари маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши сабаблари ҳақида сўз борганда, аввало, аксарият туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилганидан сўнг аризачининг талаблари қисман қаноатлантирилган ҳолда туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорларини қайта муҳокама қилиб, амалдаги қонунларга мувофиқлаштириш, амалдаги қонун нормалари тартибида қабул қилиш мажбурияти юклатилганини қайд этиш лозим.
Ваҳоланки, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан маъмурий судлар томонидан аниқланиб, ҳақиқий эмас, деб топилган қарорлардаги аниқланган қонунбузилишлар мунтазам такрорланганининг гувоҳи бўлаяпмиз.
Ушбу муаммо Тошкент вилояти мисолида таҳлил қилинганда, аксарият қонунбузилиш ҳолатлари бўйича қарорларнинг ҳақиқий эмас, деб топилганлик ҳолати юзасидан тегишли тартибда иш юзасидан хусусий ажримлар чиқарилиб, вилоят ҳокимига юборилгани маълум бўлди.
Шунга қарамай, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан такроран қонунбузилиш ҳолатларига мунтазам йўл қўйиб келинганки, бу уларнинг ўз хатосидан тегишли хулоса чиқармаганини кўрсатади.
Ушбу ҳолат эса ҳоким қарорлари устидан фуқаролар ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари томонидан маъмурий судларга кўплаб ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилинишига сабаб бўлмоқда.
2020 йил 23 декабрда қабул қилинган “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Ер кодексининг 36- ва 38-моддаларига тегишли ўзгартишлар киритилди.
Шу асосда эндиликда ер участкасини олиб қўйиш фақат судга даъво аризаси киритиш йўли билан амалга оширилади.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2021 йил 1 августдан бошлаб қонунчилик ҳужжатларида ушбу фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар тўлиқ бекор қилинди.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланди.
Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу асосда ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида туманлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари бирмунча қисқарди.
Бундан ташқари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишга улар томонидан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган асосий принциплари бузилганлиги сабаб бўлган.
Яъни, ҳокимларнинг қарорлари билан қонунийлик, мутаносиблик, ишончлилик, тингланиш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги, мазмунан қамраб олиш, маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши, тенг ҳуқуқлилик, ишончнинг ҳимоя қилиниши, маъмурий ихтиёрийликнинг қонунийлиги, текшириш принциплари бузилган.
Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Дейлик:
– фермер хўжалиги раҳбари туман ҳокимининг фермер хўжалигининг ер майдонини туман захирасига қайтариб олиш ҳақидаги қароридан хабардор қилинмаганлиги ва унга қарордан нусха берилмаганлиги;
– туман ҳокимлиги томонидан Ер кодекси, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда қарор қабул қилиниши;
– фермер хўжалигининг иш фаолияти ўрганилмаганлиги, унинг иш фаолиятини ўрганиш юзасидан тегишли ташкилотларнинг хулосалари мавжуд эмаслиги;
– туман ҳокимлиги билан фермер хўжалиги ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси бекор қилинмасдан туриб, ер участкаси туман захирасига қайтариб олинганлиги ҳолатлари аниқланган.
Шу боис фермернинг ерига боғлиқ масалалар юзасидан фермер хўжалиги раҳбарининг иштирокисиз ноқонуний қарорлар чиқарилишига нисбатан асосли эътирозлар билдирилмоқда. Бу каби салбий ҳолатлар эса вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг қабул қилган қарорларининг маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилишига сабаб бўлмоқда.
Гулсун Раҳимова,
Тошкент вилояти
маъмурий суди судьяси
Фикр қолдириш