МЕРОСГА ОИД ҲУҚУҚИНГИЗНИ БИЛАСИЗМИ?

Фуқаролик ишлари бўйича судларда энг кўп кўрилаётган ишлардан бири – мерос масаласи билан боғлиқ. Бу ҳолатни ҳамюртларимизда ворислик ҳуқуқи бўйича тушунчаларнинг етарли эмаслиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бинобарин, мерос мавзусига яна бир бор эътибор қаратмоқчимизки, бундан кўпчилик ўзига керакли жавобларни олади, деган умиддамиз.

Албатта, айни масалада асосан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига таянилади. Унга кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради. Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин. Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт ҳисоб­ланади.

Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўладилар. Қолаверса, мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно. Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахс­ларнинг ворисликка чиқарилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахс­ларга тегиш­ли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйи­­ча ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-она­лар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек, мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйи­­ча мерос­хўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли.

Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Васиятномага киритилган, бироқ меросхўр ўз саломатлигининг аҳволига кўра ёки бошқа объектив сабаблар туфайли бажара олмайдиган шартлар меросхўрнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бош­­қа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бош­­қа шахс имзо қўйиши мумкин. Аммо нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс, васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек, васият қилувчининг қонун бўйича мерос­хўрлари, тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар, саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар, ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас.

Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади.

Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалиғича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойиш­ларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек, васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилиши мумкин эмас.

Меросхўрлар ўзаро келишиб, васиятноманинг ижросини меросхўрлардан бирига ёхуд бошқа шахсга топширишга ҳақлидирлар.

Васият қилувчи мерос сифатида уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун бериб қўйиш мажбуриятини юклашга ҳақли.

Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйи­­ча биринчи навбатдаги ворис­лик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар. Мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган ва у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар қонун бўйича меросхўрлар жумласига киради.

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра, унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт. Бундай гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.

Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича мерос­хўрлар жумласидан бўлмиш бош­­қа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатиши керак.

Мадина ЙЎЛДОШЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Наманган туманлараро

                                                                              судининг судья ёрдамчиси     

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: