ОДОБСИЗЛИК ЖАЗОСИ
Кундалик турмушда ҳар нарсанинг ўз мезони ва ўлчови бор. Амалда белгилаб қўйилган тартиб-қоидаларни менсимаслик, талабларини бажармаслик, ўзгалар осойишталигини бузиш ёки худди шундай хатти-ҳаракатларни содир этиш ҳуқуқбузарлик саналади. Ахлоқ-одоб доирасидан четга чиқиш ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.
Шеҳруз Худойназаров (исм-шарифлар ўзгартирилди) шу йилнинг 29 август куни жамоат жойи — Ургут шаҳридаги шоҳ кўчада никоҳ маросимида иштирок этаётган автомашиналар гуруҳига қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ўзининг бошқарувида бўлган «Ласетти» русумли автомашинасида ҳар хил қилиқлар қилиб, фуқароларнинг тинчини бузган.
Эртаси куни Шеҳруз ва унинг шериклари профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида туман ички ишлар бўлимига таклиф қилинган. Шунда Ш. Худойназаров қайд этилган ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб бораётган профилактика инспектори Т. Элназаров ва бошқаларнинг қонуний талабига бўйсунмагани етмаганидек, бошқаларни ҳам шунга даъват этган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар Ш. Худойназаров айбига иқрорлик билдирди.
Оқибатни ўйламай шу ишга қўл ургани, ҳозирги кунда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд маъмурий иш ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тегишли ҳужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Ҳуқуқбузар Ш. Худойназаровнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг фуқароларнинг осойишталигини бузиб, майда безорилик қилиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик ва ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажаришга тааллуқли қонуний талабларини бажармасликка омма олдида даъват қилиш аломатлари назарда тутилган моддалари билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.
Суд ҳуқуқбузар Ш. Худойназаровга нисбатан ўн суткалик маъмурий қамоқ жазоси белгилади. Ҳуқуқбузардан маъмурий қамоқнинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш фоизи миқдорида қамоқ харажатлари ундириладиган бўлди.
Бир кунлик тўй учун жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик ана шундай якун топди. Бундан бошқалар, айниқса, ёшлар тегишли хулоса чиқариши зарур.
Акмал АҲМАДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Ургут тумани суди судьяси
Фикр қолдириш