ВАСВАСА ОРТИДАГИ ФОЖИА

Шу йилнинг 23 январ кечаси Бешариқ туманининг Телов қишлоғида яшовчи Ғани Холмирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг уяли телефони бехосдан жиринглаб қолди. Қаттиқ уйқудан чўчиб уйғонган Ғани телефонни кўтарганда нариги томондан ҳеч ким гапирмади. Фақат аёл кишининг йиғи товуши эшитилди, холос.

Шунинг учун у гўшакни хотинига бериб, сўра-чи, ким қўнғироқ қилаяпти, — деди. Ҳалима Холмирзаева бир-икки оғиз гаплашиб, овсини Ёқутхонни дарров таниди. Сўнг­ра телефонни яна эрига узатди.

— Тез бизникига етиб келинг, укангиз нафас олмаяпти, — деди Ё. Холмирзаева йиғлаган куйи.

Бу гапни эшитиб, Ғани апил-тапил кийиниб, укаси Орифнинг уйига жўнади.

Аммо у етиб келганда, укаси ҳаётдан кўз юмганди. Шундай бўл­са-да, Ғ. Холмирзаев ишонгиси келмай, «Тез ёрдам»га қўн­ғироқ қилди. Орадан кўп ўтмай етиб келган шифокорлар ҳам хонадон соҳибининг жон таслим қилганини тасдиқлашди. Уларни марҳумнинг кийим-бошлари ҳўл экани ва бежо ҳолатда ётгани шубҳалантирди.

— Ички ишлар бўлимига хабар бериш керак, — деди нав­батчи шифокор.

Бироқ Ёқутхон унинг бу фикрига қарши чиқди. Келинининг шифокор гапига қар­ши чиқ­қани ўанининг ҳам кўнглида шубҳа уйғотди. Шунга қарамай «Тез ёрдам» ходимлари Бешариқ тумани ички ишлар бўлимига хабар беришди.

Орадан кўп вақт ўтмай тезкор ходимлар етиб келишди. Улар дастлаб Ориф ётган хонани, унинг қандай ҳолатда ётганини текшириб, сўнгра суратга олишди. Кейин марҳумни суд-тиббий экспертизасига олиб кетишди. Шундан сўнг О. Холмирзаевнинг ўли­ми тасодифий эмас, балки қотиллик натижасида рўй бергани аён бўлди.

Ориф билан Ёқутхон бундан 25 йил муқаддам турмуш қу­ришганди. Ҳар бир ёш оила каби улар ҳам ўшанда бахтдан масрур эди. Бу бахтиёрлик орадан бир ўтиб катта ўғиллари Жаҳонгир туғилганда икки ҳисса ортди. У тўрт ёшга кирганда иккинчи фарзанд Ифтихор дунёга келди.

Шундан сўнг болалар бир-бирини суяшиб катта бўла бошлашди. О. Холмирзаев ишдан, уй юмушларидан қўли бўшади дегунча ўғиллари билан овунар, уларга меҳр берарди. Эрининг худди ёш боладек ўғиллари билан ўйнашини кўрган Ёқутхон хурсандчилигидан энтикиб қўяр­ди.

Шу зайлда бир-бирини қувлаб, йиллар ўтди. Нимадир бўлди-ю, 2016 йилда кенжа ўғил Ифтихор ўз жонига қасд қилди. Бу мусибатдан эр-хотиннинг ичига чи­роқ ёқса, ёришмасди. Айниқса, онаси ён-атрофдагилардан беркиниб ёки ўзи ёл­ғиз қолган кезларда тўйиб-тўйиб йиғлаб оларди. Буни сезган эри ҳам ич-ичидан эзиларди-ю, бироқ эр­как киши бўлгани боис оҳу-воҳ қилмасди. Хуллас, йиғлаб-сиқтаб, охир-оқибат иккиси ҳам тақдири азалнинг ҳукмига кўнишга мажбур бўлишди.

Ҳаётда инсон эртага нима бўлишини, ўзини қандай қисмат кутаётганини билмас экан. Шу маънода айтганда, сўнгги икки-уч йил ичида Ориф ичкиликка муккасидан кетди. У ҳар куни эрталаб уйидан чиқиб кетар, тушдан кейин ёки кечки пайт кайфи тароқ ҳолда уйга қайтарди.

Маҳалладаги савдо дўконлари унинг асосий «қў­ноғи» эди. Баъзан оёқда туролмайдиган даражада ичарди. Бундай пайтда ҳамқишлоқлардан бирортаси ёхуд ўзининг қариндош-уруғи уни етаклаб уйга олиб келарди.

Кейинчалик эса, у уйга қайтгач, хотини билан ғижиллашишни одатга айлантирди.

Устига-устак, у ҳеч қаерда ишламагани боис деярли ҳар куни ичкиликка пул сўраб жанжал кўтарарди.

Айрим ҳолларда Ёқутхон билан ўғли Жаҳонгир унинг жанжалу дағдағасидан қўрқиб кўчага қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлишарди.

Шундай кезларда акаси Абдусаттор ёки Абдусамад келиб, Орифни тинчлантириб, жанжални бостиришарди.

Ўғил бола ориятли бўлади. Шунинг учун бўлса керак, отасининг хурмача қилиқларидан безиган, қолаверса, зиммасига рўзғор ташвишларини олган онасига ачинган Жаҳонгир ўтган йили Тошкентга келиб, иситиш печлари ишлаб чиқарадиган хусусий корхонага ишга кирди. Ишлаб, уйига — онасига пул жўнатиб турди.

Ўша куни ҳам О. Холмирзаев хотини билан жанжаллашиб, ундан пул сўради.

— Пул йўқ, — деди Ёқутхон қатъий оҳангда.

— Пул йўқ бўлса, тўйга ҳам рухсат йўқ, — дея жавоб қайтарди Ориф.

Гап шундаки, шу маҳалда Ёқутхон холасининг тўйга шошаётганди.

Бинобарин, эри би­­лан «ади-бади» айтишиб ўтирмай, унга 50 минг сўм пул берди. Эри чиқиб кетгач, у ҳам тугунини қўлтиқлаб, тўйга жў­нади. Ёқутхон кечга томон қайт­ганда эри уй­да йўқ эди. Фақат у сигир соғаётгандагина Ориф чайқалиб ҳовлига кириб келди. Келди-ю, ётоғига кириб, диванга чўзилди. Ёқутхон эса, сигир соғиб бўлгач, унинг кўзига кў­ринмай, уй юмушларини бажариб юраверди. Қоронғу тушиб, қўли бўшагач, эридан хабар олиш учун ётоқхонага кирди. У кирганида эшик очилишидан уйғониб кетган О. Холмирзаев яна ҳақорат қилишга тушди. Ундан қочиб, оғилхонада яширинган аёлнинг хаёлига бирдан жанжалкаш эрдан қутулиш фикри келди. Васвасага тушган аёл ётоққа кириб, ухлаб ётган эрининг қўл-оё­ғини ингичка ар­қон билан боғлади. Сўнгра печка ёнида турган ғўла билан уни тўх­товсиз ура бошлади. Шунда кетма-кет зарбалардан гангиб қолган эр хотинни сў­киб, ҳа­қоратлай кетди. Кўзи қонга тўлган аёл эса энди эрининг оғиз-бурнига латта тиқиб қўйди. Оқибатда О. Холмирзаев кўп вақт ўтмай, боши ва танасига тушган зарбалар таъсири, қо­вурға­ла­рининг синиши ҳам­да нафаси бўғилиши туфайли жон таслим қил­ди. Ке­йин ўз қилмишидан қўрқиб кетган Ёқутхон йиғлаганча қайноғасига қўнғироқ қилди.

Шундан сўнг Ё. Холмирзаевага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида қа­биҳлик ўз исботини топди. Уш­бу жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Беш­ариқ тумани суди эрининг қотили бўлган бу аёлни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» бандига асосан айбдор деб топди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ичкилик — иллат ва жиноятлар дояси. У инсон ҳаётини издан чиқариб, тузатиб бўл­мас аянчли ҳолатларга йўл очади. Шундай экан, ичкилик туфайли айни пайтда нотинч бўлиб турган оилалар, уларнинг яқинлари ва ён-атрофдагилар баён этилган воқеадан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олиши зарур. Чунки Холмирзаевлар хонадонидаги ҳолатни жамоатчилик ёрдамида бартараф этиш мумкин эди. Агар ҳудуддаги масъуллар Орифни бирор-бир фойдали меҳнат билан банд этишганда ёки оиласидаги носоғлом муҳитни тузатишганда эди, балки фожеа ҳам юз бермасмиди? Афсуски, бу саволга энди жавоб топиб бўлмайди…

Нодиржон САЛОМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Бешариқ тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: