БАРТАРАФ ЭТИЛГАН КАМЧИЛИК ЁХУД МЕҲНАТ НИЗОЛАРИНИ КЎРИШДА ДАЪВО МУДДАТИНИНГ ЎРНИ
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини суд орқали таъминлаш бўйича кенг кўламли тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ судга мурожаат қилаётган шахсларнинг мурожаатлари қонуний муддатларда кўриб чиқилиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ таъминланмоқда. Бунда Олий суд кассация инстанцияси сифатида қуйи турувчи судлар томонидан йўл қўйилган айрим хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмоқда.
Шу ўринда ҳаётий мисолга мурожаат этадиган бўлсак, Давлат меҳнат инспекциясининг судга киритган даъво аризасида Ички ишлар вазирлиги 1-сонли Тошкент академик лицейи директорининг шу йил 12 мартдаги буйруғини бекор қилиб, А.Воҳидовни ишга тиклаш, мажбурий прогул юрган кунлари учун иш ҳақи хамда маънавий зарарни ундириш сўралган.
Айтиш керакки, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг шу йил 8 июндаги ҳал қилув қарорига асосан ушбу даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан суднинг ушбу ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Яқинда Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ушбу иш кассация тартибида кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати биринчи ва апелляция инстанцияси судлари қарорларини бекор қилиб, даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ажрим чиқарди. Унга мувофиқ, 1-сонли Тошкент академик лицейи директорининг жорий йил 12 мартдаги 61-сонли буйруғи бекор қилиниб, А. Воҳидов лицейнинг юридик таъминлаш гуруҳи юристконсульти лавозимига ишга тикланди ва унга мажбурий прогул учун 13 725 901 сўм ҳамда 2 миллион сўмлик маънавий зарар ундириб берилди.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: хўш, кассация инстанцияси суди даъво аризасини нега қаноатлантирди? Нима учун қуйи судларнинг ҳал қилув қарорлари бекор қилинди?
Бунга жавобан шуни айтиш зарурки, биринчи ва апелляция инстанцияси суди томонидан даъво муддатига оид қонун меъёрлари нотўғри қўлланилган. Қолаверса, меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат вазифаларининг бир маротаба кўпол равишда бузиш деб ҳисобланган хатти-ҳаракатларнинг айнан қайсини содир этилгани аниқламаган.
Шунингдек, қилмишларнинг оғирлик даражаси ва содир этиш ҳолатлари инобатга олинмаган.
Кўриниб турганидек, кассация инстанцияси қарорида даъво муддатини қўллашга оид қонун талаблари тўғри қўлланилган ва ишнинг ҳақиқий ҳолатлари инобатга олинган. Бошқача айтганда, А. Воҳидовнинг прокуратура ва давлат меҳнат инспекторига мурожаат қилгани, маълум вақт давомида мамлакатимиз ҳудудида бўлмагани даъво муддатини узрли сабабларга кўра, ўтказиб юборилган деб топилган.
Ҳеч кимга сир эмаски, амалиётда ишдан ноқонуний бўшатилган шахсларнинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда ишга тиклаш учун қонунда белгиланган даъво муддатини ўтказиб юбориши ҳолатлари тез-тез учраб туради. Аслида мазкур муддат узрли, яъни фуқаро ваколатли идораларга мурожаат қилгани натижасида ўтказиб юборилган ва ходим ноқонуний бўшатилган бўлса-да, даъво муддатини рўкач қилиб, ишга тиклашни рад этиш ҳолатлари ҳам учрайди. Шу боис судлар ишга тиклаш бўйича ишни кўриб чиқаётганда аввало даъво муддатининг ўтказиб юборилгани сабабларини синчковлик билан текшириши, масалага қонун ва адолат нуқтаи назардан ёндашиши зарур. Ана шунда фуқароларни қонуний ҳақ-ҳуқуқлари тезда тикланиб, уларнинг ортиқча овора бўлишининг олди олинади. Бу эса, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилади.
Фируза АЗИМОВА,
Олий суд катта консультанти
Фикр қолдириш