МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАНИШИ: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, уларнинг қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, меҳнат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаш лозим.

Бунда Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти, «Аёллар дафтари» амалиёти, Хотин-қизларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш марказлари каби тузилмалар фаолияти алоҳида аҳа­мият касб этмоқда.

Меҳнат қонунчилигида хотин-қизлар, ҳомиладор ва уч ёшгача боласи бор аёллар ҳуқуқларига оид кўплаб кафолатлар мавжуд. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида эса, бундай қоидалар янада аниқроқ ифодаланган.

Жумладан, ишга қабул қилиш ёки иш ҳақи миқдорини камайтириш масаласида — аёлларни ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра, ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.

Ишга қабул қилиш рад этилганда эса, рад этиш сабаблари ёзма равишда уч кун ичида тақдим қилиниши шарт. Бу масалада рад жавобини олган хотин-қизлар судга мурожаат қилиши ҳам мумкин.

Маълумки, қонунчиликда «ишга кабул қилишда дастлабки синов» тушунчаси амал қилади. Меҳнат кодексининг 129-моддасига кўра, ташкилот раҳбари, унинг ўринбосари, ташкилот бош бухгалтерини ишга қабул қилишда даст­лабки синов олти ойгача узайтирилиши мумкин. Бошқа ҳолатларда синов муддати 3 ой бўлиб, ушбу синов ҳомиладор, уч ёшга кирмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз тарбиялаётган отага нисбатан қўлланилмайди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига асосан, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар, уч ёшга тўлмаган боланинг ҳамда бюджет ҳи­собидан таъминланадиган ташкилотларда ишлаётган ота-онадан бирига нисбатан иш вақти қисқартирилади. Бунда қисқартирилган иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмаслиги керак.

Қўшимча тарзда, икки ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига ёки васийсига овқатлантириш учун ҳам ҳар уч соатда ярим соат қўшимча танаффус берилиши лозим. Икки ёшга тўл­маган икки ёки ундан ортиқ нафар фарзанди бўлган тақдирда, танаффуснинг давомийлиги камида бир соатга узайтирилиши мумкин.

Бундан ташқари ходим ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Таътил ҳуқуқи биринчи иш йили учун узлуксиз ишланган олти ой муддатдан сўнг юзага келади.

Олти ой ўтгунига қадар, ходимнинг хоҳишига кўра, қуйидагилар:

– аёллар — ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;

– ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ун­дан ортиқ болани ёхуд ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган шахслар, шунингдек, ёлғиз ота-она, жумладан, бева аёллар, бева эркаклар, никоҳдан ажралганлар, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари, ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар;

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

– резервга бўшатилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчилар;

– ўриндошлик асосида ишлаётганлар — асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда, ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиши мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, таътил турлари орасида «иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил» бериш тартиби ҳам бор. Бундай таътил:

– икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига ё васийси, бувиси, бобоси ёки бошқа қариндошига;

– ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилади.

Меҳнат қонунчилигида аёллар билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилиниши масаласи ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Айтиш керакки, янги Меҳнат кодексининг 408-моддасига биноан, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шарт­номаси иш берувчининг ташаббуси асосида бекор қилинишига йўл қў­йилмайди. Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномаси тузилган бўлса, ходимнинг аризаси ва тиббий маълумотнома асосида шартноманинг амал қилиш муддати ҳомиладорлик тугагунига қадар, унга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган тақдирда эса, бундай таътилнинг охирига қадар узайтирилиши шарт.

Меҳнат шартномаси ҳомиладорликнинг охирига қадар узайтирилган аёл иш берувчининг сўровига биноан, лекин уч ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши лозим.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳо­миладорлик ва туғиш таътилида ҳамда уч ёшгача боласи бор аёлларнинг бола парвариши таътили даврида иш ўрни сақланиши қоидаси айнан аёллар манфаатлари кафолатланишига аҳамият берилганини англатади. Ушбу ҳолатда уч ёшгача боласи бор аёл ёхуд уч ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота ё васий билан меҳнат шарт­номасини иш берувчининг ташаббусига кўра, бекор қилишга фақат корхона тугатилгани, ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузиши ва бир марта қўпол бузиши юз бер­ганда йўл қўйилади.

Хорижий давлатларда ҳомиладор ва уч ёшгача боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинишида бироз бошқачароқ амалиёт шаклланган. Масалан, Япониянинг «Меҳнат стандартлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, аёлни ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан сўнг 30 кун ичида ишдан бўшатиш мумкин эмас. Германияда эса, ҳомиладор ва туғиш таътили тугагач, ходимнинг ишга чиқиши 4 ойгача кутилади.

Шу маънода, мамлакатимизнинг ян­ги таҳрирдаги Меҳнат кодексига «Аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чоралар»га оид норма киритилгани ниҳоятда муҳим. Унда аёллар меҳнатидан фойдаланиш чекланадиган айрим ишлар рўйхати ҳам белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларида уларнинг манфаатларини кафолатлаш давлат ва жамиятнинг асосий мақсадларидан бирига айланган, десак, муболаға бўл­майди. Бинобарин, хотин-қизларни ўқитиш, салоҳиятини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, дав­лат органларида аёл ходимлар, раҳбар хотин-қизлар улушини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жамиятимизда аёлларга нисбатан юксак маданият шаклланаётганининг амалдаги ифодасидир.

Фарангиз Нурбобоева,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот

институти масъул ходими

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: