НАФСИГА АЛДАНГАНЛАР
Ҳеч кимга сир эмас, коррупция жамият тараққиётини издан чиқариб, уни ич-ичидан емирувчи энг хавфли иллатдир. Шу боис тараққиёт йўлини танлаган давлатлар бу иллатга қарши муросасиз курашиб келади. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши муҳим чора-тадбирлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратилгани амалда кутилган натижаларни бермоқда.
Ҳаётда нафс қутқусига учиб, шундай иллатга қўл ураётган кимсалар ҳали-ҳануз учраб туради.
Тўрткўл туманидаги санаторий типидаги 5-ихтисослаштирилган мактаб интернати директори лавозимида фаолият юритган Хайрулла Козимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам иродасизлиги туфайли шундай қилмишга қўл уриб, юзи шувит бўлди. Гап шундаки, айни туманда яшовчи Интизор Жуманиёзова қизи Саида Жуманиёзовани ишга жойлаштириш мақсадида эски таниши — мактаб-интернат тарбиячиси Зулфия Мавлонова орқали Х. Козимовга мурожаат қилади. Ўзаро мулоқот чоғида З. Мавлонова И. Жуманиёзова дугонаси экани, қизини интернат ошхонасига ишга олса, «қуруқ қўймаслиги»ни айтади. Х. Козимовга эса, нафсининг хуруж қилиши панд беради.
— Майли, келаверсин, — дейди у.
Шундан сўнг Интизор Жуманиёзова унга учрашади. Суҳбат мобайнида ишга жойлашиш ҳақи 200 АҚШ доллари миқдорида белгиланади.
Буни эшитиб, И. Жуманиёзованинг кайфияти тушиб кетади, бунча маблағни қаердан топаман, дея ташвишга тушади. Шу боис у ўйлай-ўйлай охири мактаб-интернат раҳбарига қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг тезкор тадбир ўтказилади. Яъни тезкор тадбир режасига кўра, икки дугона директорни тушликка таклиф қилишади. Оқибатда Хайрулла Козимов туман марказидаги ошхоналарнинг бирида И. Жуманиёзовадан 200 АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайтда ушланади.
Шунингдек, Тўрткўл туманидаги 10-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Ўктамхон Ниёзметова ҳам пора олиш жиноятига қўл урди.
Тумандаги педагогика коллежи ўқитувчиси Рисолат Тўражонова эса, айни жараёнда воситачилик қилди. Аниқланишича, Р. Тўражонованинг дугонаси Муяссар унга Дилноза Рустамовани таништириб, ишга жойлашишда ёрдам беришни сўрайди.
— Аввал суриштириб кўраман. Мабодо иш топилса, айтаман, — дейди Р. Тўражонова.
Шундан сўнг у Ў. Ниёзметовадан Д. Рустамовани тарбиячи вазифасига ишга олишни илтимос қилади.
— Хўп деяверинг, танишим «харажати»га тайёр, — дейди у.
Ў. Ниёзметова ҳам иккиланмай рози бўлади. Пировардида Р. Тўражонова Д. Рустамовага ишга жойлашиш «ҳақи» 300 АҚШ доллари эканини айтади.
Тўғриси, Д. Рустамова буни эшитиб ҳам таажжубланиб, ҳам ўйланиб қолади. Бунинг устига ўртадаги «элчи»га нима деб жавоб беришни билмайди. Шу боис тез орада жавобини айтаман, дея хайрлашади. Лекин уйига келгач, у пул эвазига ишга кириш фикридан қайтади. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилиб, Р. Тўражоновага қонуний чора кўришни сўрайди. Натижада Р. Тўражонова туманнинг «Жайҳун» маҳалласи ҳудудида Д. Рустамовадан 300 АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайтда ушланади. Шундан сўнг унинг айбига иқрор ва пушаймон бўлиб берган тушунтиришига кўра, тезкор тадбир давом эттирилади. Пировардида Ўктамхон Ниёзметова туман почта алоқа бўлими ёнида Р. Тўражоновадан келишилган маблағни олаётганда тузоққа тушади.
Албатта, юқорида баён этилган ҳар икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл тумани судида эса, жиноят ишига қонуний баҳо берилди. Суд мактаб-интернат директорини Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «в» банди, боғча мудирасини кодекснинг 210-моддаси 1-қисми, Р. Тўражоновани кодекснинг 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.
Ҳаётда тўғри йўл қолиб, нафс йўриғига кирганлар ҳамиша адашади. Бу — аллақачон исботини топган ҳақиқат. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Саловат АТАБАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Тўрткўл тумани суди раиси
Фикр қолдириш