ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИ МАСЪУЛИЯТ ВА МАЖБУРИЯТДИР

Халқимиз азал-азалдан болажон. Ўз фарзанди қолиб, бегона болага ҳам меҳр кўрсатишга, бошини силашга тайёр. Иккинчи жаҳон уруши даврида бир эмас, ўн тўрт нафар етим болани асраб олиб, уларни оқ ювиб оқ тараган Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқаси Баҳри Акрамова ҳам миллатдошимиз эди. Халқимизнинг бу фазилатига бутун дунё тан берган.

Кейинги йилларда ҳам­юрт­ларимиз ана шу олижаноб фазилатни яна бир карра намо­йиш этишди. Яъни Президентимизнинг 2021 йил 9 ав­густ­даги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги қа­рорига жавобан «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланаётган болаларни фарзандликка олишди.

Ўзбекистон туманида яшовчи Дилфуза Мадраҳимова ҳам шундай эзгу ишга бош қўшди. У «Янги умид ва ишонч» оилавий болалар уйи­ни ташкил этиб, Қўқон шаҳридаги 12-сонли «Меҳрибонлик уйи»дан бир неча нафар болани ўз тарбиясига олди. Ана шулардан бири Даутбек Мирзакаримовдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Хайрулло Мирзакаримов ва Ўғилчахон Бахтохунованинг фарзанди бўл­ган Даутбек Фарғона шаҳар ҳокимининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарорга асосан «Меҳрибонлик уйи»га жойлаштирилган. Кўп ўтмай у «Янги умид ва ишонч» оилавий болалар уйига қабул қилинди. Бинобарин, фуқаролик ишлари бў­йича Фар­ғона туманлараро судининг 2022 йил 21 январдаги суд буйруғига асосан жавобгарлар — ота-онасидан даъвогар Д. Мирзакаримов фойдасига боланинг моддий таъминоти учун тегишли миқдорда алимент ундириш белгиланган. Кейинги гал эса, оилавий бо­лалар уйи раҳбари судга мурожаат қи­либ, суд қарори билан белгиланган алимент мажбуриятини бажармагани боис Хайрулло Мирзакаримов ва Ўғилчахон Бахтохуновани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўради.

Айтиш керакки, Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Болалар тарбия­си билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўл­лаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 15-бандига кў­ра, ота-онанинг ўз мажбуриятларини ба­жа­ришдан бўйин товлагани уларнинг болалари маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши, таълими, ижтимоий фойдали меҳнатга тайёргарлиги тўғрисида ғам­­хўрлик қилмаганида намоён бўлади.

Оила кодексининг 79-моддасида ота-она узрсиз сабабларга кўра, ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасаси, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, она-оналик ҳу­қуқидан маҳрум қилиниши белгиланган. Қайд этилган ҳолатда ҳам Х. Мирзакаримов ва Ў. Бахтохунова боланинг моддий таъминоти, маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилишмаган ҳамда уни «Меҳрибонлик уйи»­дан олишдан қатъий бош тортиб, ундан воз кечишган.

Суд мажлисида иштирок этган ота фарзандини тар­бия­лаш ва моддий таъминлаш учун шароити йўқлиги, қолаверса, саломатлиги ях­ши эмаслигини айтиб, оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига рози эканини билдирди. Она ҳам деярли худди шундай важ келтирди. Модомики, ўзини дунёга келтирган инсонлар воз кечиб тургандан сўнг Даутбек Мирзакаримов ҳам жавобгарларнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига рози бўлди. Йигитчанинг ўша пайт­даги аҳволини, кўнглидан нималар кечганини тасаввур қилиш жуда оғир…

Бундан ташқари суд мажлисида Фарғона шаҳар ҳо­кимлиги мутахассиси Х. Ҳакимова ҳам даъвони қувватлаган ҳолда Хайрулло ва Ўғилчахоннинг ота-оналик ҳуқу­қи­дан маҳрум этиш мақсадга мувофиқ экани ҳақидаги хулосани тақдим этди. Бинобарин, суд Д. Мадраҳимованинг даъвосини қаноатлантириб, Хайрулло Мирзакаримов ва Ўғилчахон Бахтохуновани 17 ёшли фарзандлари Даутбек Мирзакаримовга нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилди.

Бош қомусимиз — мамлакатимиз Конституциясининг 45-моддасида «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқ­лари давлат ҳимоясидадир» дея қайд этилган. Шу маънода айтганда, Дилфуза Мадраҳимова ҳам, инсонпарвар ҳукуматимиз ҳам Даутбекни ўкситиб қўймайди. Унга ота-оналарча ғамхўрлик кўр­сатилади. Бироқ фарзанд учун ота-она меҳридан ҳам бебаҳо неъмат бўл­маса керак. Ўз боласини ана шундай бахтдан мосуво этган ота-она чинакам бахтиқародир.

Музаффар ҒОФУРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Фарғона туманлараро суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: