ТЎҒРИЛИК ВА АДОЛАТ — СУДЬЯЛИКНИНГ ЎЗГАРМАС ШИОРИДИР
Ҳазрат Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» («Қалблар севгилиси») асарида қозилар (судьялар) ҳақида шундай деган: «Қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги — тўғри йўлдан чиқмаслиги лозим… Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим».
Ҳайратланарли томони шундаки, ушбу фикрлар битилганига беш асрдан ошди, аммо судьяларга нисбатан аввал ҳам, ҳозир ва келажакда ҳам қўйиладиган талаб ўзгаргани йўқ: қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим.
Айтиш керакки, судьянинг адолатни таъминлаши фақат бир фуқаронинг ҳуқуқи тикланди, деган маънони англатмайди. Бунинг замирида жамиятда адолат барқарорлиги, эл-юрт тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш каби кенг кўламли масалалар ҳам мужассам. Чунки эл-юрт тинчлиги, мамлакат тараққиёти ижтимоий адолат барқарорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса, суд ҳокимияти зиммасидаги энг асосий вазифадир. Зеро, суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган («Судлар тўғрисида»ги қонун, 4-модда). Судьялар эса, қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслар бўлиб, уларнинг барчаси (туман суд судьясидан то Олий суд раисигача) бир хил мақомга эга эканлиги сабаби ҳам шу билан изоҳланади.
Ҳаётда ҳар бир соҳа, ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати ва масъулияти бор, албатта. Айниқса, судьянинг зиммасидаги масъулият юки ўта залворлидир. Шу боис судьяларга нисбатан нафақат хизмат пайтида, ҳатто хизматдан ташқари пайтда ҳам бежизга муайян чекловлар қўйилмаган. Негаки, судьянинг ҳатто хизматдан ташқари пайтда ҳам билиб-билмай қилган хатти-ҳаракати суднинг нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳуқуқий давлатда ҳар қандай жиноят, фуқаролик ёки маъмурий ҳамда иқтисодий низолар айнан судда қонуний якунини топади.
Шунинг учун ҳам судьялар ўзининг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.
Янги Ўзбекистон, янги давр судьядан нафақат қонунни ва уни қўллашни яхши билиш, балки юксак маънавиятга эга инсон бўлишни ҳам талаб этади. Зеро, маънавиятли инсонгина масъулиятни чуқур ҳис қилади.
Масъулият чуқур ҳис этилган жойда адолатга озор етмайди. Судья бирор-бир ишни кўриб чиққач, ҳукм ёки қарор чиқарар экан, қабул қилаётган ҳужжати инсон қисмату аъмоли билан бевосита боғлиқ эканини доимо ёдда тутиши лозим. «Ишни бугун бўлмаса, эртага кўраман, хато қилсам, юқори суд тузатар, иш ҳажми кўп, хатоликка сабаб бор, вазифамни баҳоли қудрат бажаряпман-ку?» — деган қабилда фикр юритадиган судья қаттиқ янглишади. Бу ўта масъулиятсизлик, бошқалар тақдирига лоқайдлик билан қарашдан далолат беради.
Ҳолбуки, судья ҳар бир ишга юксак масъулият билан ёндошиши, таъбир жоиз бўлса, ўзини судланувчи, жабрланувчи ёки жавобгар ёинки маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган шахс ўрнига қўйиб кўриши лозим. Шундагина йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликларнинг олди олинади. Қисқаси, давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлаганидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарур.
Суддаги адолат судьянинг қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишига боғлиқ. Бу тўғри, аммо суддаги том маънодаги адолат шу билангина чекланмайди. Суд ишларини ўз вақтида кўриш, одамларни ортиқча овора қилмаслик, суд қарорини қонуний муддатда ижрога қаратиш каби масалалар замирида ҳам ижтимоий адолат ётади. Зеро, ишни белгиланган вақтда кўрмай бошқаларнинг вақти зое кетишига сабабчи бўлиш ўша инсонга нисбатан қилинган адолатсизлик ҳисобланади. Суд қарорини вақтида ижрога қаратишни турли сабаблар билан пайсалга солиш ҳақида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин. Суд қарори чиқишининг ўзигина бузилган ҳуқуқ тикланганини англатмайди, бунинг учун унинг ижроси таъминланиши лозим. Шунингдек, инсонларга адолат бугун керак.
Кечиккан адолатнинг ҳам маънавий, ҳам моддий товони бор.
Судьянинг олий мақомига яраша ижтимоий муҳофазаси, таъминоти таъминланган экан, шунга монанд тарзда масъулиятни чуқур ҳис этиб фаолият юритиш лозим.
Судьяликнинг масъулияти ҳам, шарафи ҳам шунда эмасми?!
Ўн йилни қўяйлик, беш йил наридаги ҳолат қандай эди?
Бугунги кун билан таққосланганда ер билан осмонча фарқ бор. Биргина мисол: кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида тарихий ишлар амалга оширилганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Бугун давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганди. Суд ҳокимияти ҳам бундан истисно эмас. Аксинча, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, мавжуд қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини таъкидлаган ҳолда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрь куни имзоланган ПФ-6127-сонли фармонини алоҳида таъкидлаш жоиз. Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга доир қатор чора-тадбирлар белгиланган ушбу фармон судьяларнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш баробарида масъулиятини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Янги Ўзбекистон барпо этилаётган ҳозирги пайтда очиқлик, шаффофлик қатори сўз эркинлиги нечоғлик муҳим бўлса, одил судловни амалга оширувчи судьяларнинг дахлсизлиги ундан кам аҳамият касб этмайди.
Такрор бўлса-да, қайд этиш жоизки, ҳалоллик, холислик ва салоҳият — судья учун энг бирламчи талаблардир. Мазкур талаблардан ташқари судьяда ўз ҳуқуқига нисбатан даъвогарлик ҳисси ҳам шаклланган бўлиши керак. Дахлсизлик – ҳуқуқ, демак, унинг самарали ҳимояси биринчи навбатда судьянинг ўзига боғлиқ. Шуни доимо ёдда тутиш керакки, судья ўз дахлсизлигини муҳофаза қилиш орқали бошқаларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.
…Сўзимизни ҳазрат Алишер Навоийнинг асаридан иқтибос келтириш билан бошлагандик. Ниҳоясида ҳам яна ҳазратга мурожаат этамиз: «…қози ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда бўлмоғи лозим. …Унинг билимдонлигидан ва қалби поклигидан кишилар кўнглида унга ҳурмат ва шукуҳ; ишга диққат-эътибор ва фаросат билан муносабатда бўлишидан бедиёнат-виждонсизларнинг юрагида ғам-андуҳ… (пайдо бўлмоғи) зарур…».
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши раиси
Фикр қолдириш