ҚИНҒИРЛИК ЮКИ

Фириб билан поранинг ораси бир қадам. Одатда, бундай нопок йўлгакирган кимсалар порани фириб амаллари асносида қўлга киритиш пайида бўлишади.

Ўтган йили янгиариқлик Гул­­­ҳаё Жуманазарованинг дугонаси қўшни Қозоғистондаги олий ўқув юртларининг бирида ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳол талабалик бахтига эришолмаган Гул­ҳаёнинг ҳавасини келтирди. Шу боис Гулҳаё талабалик мақомига эришиш йўлини ахтара бошлади. Унга Янги­ариқ туманининг «Янгиобод» маҳалласида истиқомат қи­лувчи Суҳроб Қурбонбоев ўз ёрдамини таклиф қил­ди. У Гул­ҳаёнинг хорижий олий таълим муассасасига кириш учун зарур ҳужжатларини тайёрлаш, яқин «та­ниш»­лари ор­­қали ўқишга киритиш ва шартнома тўловини тўлаш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига ол­ди. Бироқ Суҳроб бу хизматлар текин эмаслигини, балки 2 минг 160 АҚШ доллари эвазига битишини айт­­ди. Қисқаси, «ҳо­жатбарор» ваъ­да­ларни қа­лаштириб ташлади.

Та­ла­ба­ликка талабгор қизнинг ўқи­шини бир йиллик таҳ­­силдан сўнг мамлакатимизга кўчириб ўтказишга ҳам ваъда берди.

Аммо Гулҳаё Суҳробнинг мўмай пул илинжида берилган ваъдаларига шуб­ҳа билан қаради. Шу аснода ўзини ҳар ишга қодир шахс сифатида кўрсатаётган бу кимсанинг асл ния­тини ҳам англаб етди. Шу боис ҳу­қуқ­ни муҳофаза қи­лувчи идорага ариза билан мурожаат қил­ди. Суҳроб Урганчдаги Амир Темур номидаги истироҳат бо­ғи яқинида Гулҳаёдан 2 минг 160 АҚШ долларни олаётган чоғида қўлга олинди.

Албатта, Суҳроб судда қилмишлари учун жавоб берди. У айбини қисман тан олиб, кечирим сўради. Бу қинғир иш­га йўл-транспорт ҳодисаси боис ши­кастланган автомашинасини соз­лаш учун пул­га муҳтожлик туғилгани боис қўл уришга мажбур бўл­ганини баён этди. Айни пайт­­да «мижози»дан хизмат ҳақи сўрамагани, пул бошқа шахс томонидан талаб этилганини рўкач қилди.

Шу ўринда айтиш керакки, суд жараёнида барча ҳолатларга тўлиқ аниқлик киритилди. Содир этилган айб ўз тасдиғини топди. Айбланувчини Жиноят­ кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми бўйича айблаш юзасидан чиқарилган хулоса асосли, деб топилди.­ Бироқ судланувчи ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўл­­га киритгани юзасидан Жиноят ко­дексининг 168-моддаси 1-қисми бўйича қў­йилган айб ўз тасдиғини топмади. Чунки С. Қурбонбоев пул­ни алдов йў­ли билан эгал­лаган бўлса-да, уни тасарруф этиш ёхуд ўзга шахс­га пора бе­риш мақсадлари учун сарфлашга муваффақ бўлмаган. Бу иш унга боғлиқ бўл­маган сабабларга кўра, амалга ошмаган.

Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бў­йича суд амалиёти тўғрисида» қарори 7-бандига кўра, мулк­ни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бош­қа шахс­ларнинг ғайриқонуний эгалигига ўт­ган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилиши керак.

Ушбу қарорнинг 22-бандида қайд этилишича, мансабдор шахс томонидан у мансаб ваколати йўқлиги ёки ўз хизмат мавқеидан фойдалана олмаслиги туфайли аслида амалга ошира олмайдиган муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун пул, қимматли қоғоз ва бошқа моддий қимматликлар олиниши, унда мазкур қимматликларни эгаллашга нисбатан қасд мавжуд бўлган тақдирда, фирибгарлик сифатида малакаланиши лозим. Башарти шу тоифадаги шахс мансаб эгасига пора си­фатида бериш учун пул ёки бошқа қимматликларни олиб, бироқ аслида бундай нияти бўлмасдан, уларни ўзлаштирган ҳолатлар ҳам фирибгарлик сифатида баҳоланмоғи шарт. Агар пул ва бош­қа бойликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан пора беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қў­шимча малакаланиши зарур.

Суд С. Қурбонбоевнинг айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, ои­лавий шароити, муқаддам судланмаганини инобатга олди. Бу унга нисбатан тайинланиши зарур бўлган жазони енгиллаштиришга асос бў­­лди. Жиноий қилмиш мансабдорлик ёки моддий жавобгарлик билан ёки бевосита иш фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир қилинмагани ҳам назарда тутилди ва ун­га нисбатан энг кам иш ҳа­қининг 60 баравари миқдоридаги жарима жазоси та­йинланди.

Навқирон ёшдаги С. Қурбонбоевнинг қинғир иши шу тариқа якунланди. У бундан тўғ­ри хулоса чиқарадими ёки йўқ — буни холис ҳакам бўл­ган вақт кўрсатади.

Суҳроб Ҳамроқулов,

жиноят ишлари бўйича

Хонқа тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: