КЕЛАЖАК МАЁҒИ

Бундан ўттиз йил муқаддам ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари акс эттирилган, демократия ва ижтимоий адолат тамойиллари сингдирилган ўзбек халқининг кўп асрлик хоҳиш-иродасини ифода этувчи мустақил мамлакатимизнинг Конституцияси қабул қилинган эди.

Мен амалиётчи ҳуқуқшунос сифатида демократик ҳуқуқий давлатда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши, мамлакат тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилувчи Конституциямизнинг даст­лабки лойиҳасини ишлаб чиқиш, сўнгра жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, такомиллаштирилган ҳол­да қабул қилиш жараёнларида бевосита иштирок этиш бахтига муяссар бўлганман.

Асосий қомусимиз қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан айрим фикр ва мулоҳазаларимни билдиришни фахрий судьялик бурчим деб билдим.

Адолатли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг даст­лабки қадамларидан бири бўлган фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасини ифода этадиган мустақил мамлакатимиз Консти­туция­сини яратиш ва ҳаётга татбиқ этишдек муҳим сиёсий жараёнларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Олий Кенгаш депутати сифатида Конс­титуциявий комиссия таркибида иштирок этган эди.

Бош қомусимизнинг яратиш ва қабул қилиш жараёнларида қизғин тортишувлар билан кечган баҳс-мунозаралар хусусида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларининг бирида Асосий қомусимизнинг икки марта — 1992 йилнинг сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига қўйилган вақтда юртдошларимиз фаол иштирок этиб, лойиҳалар бўйича мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва асослантирилган таклифлар билдиргани сабабли ҳам ҳо­зирги мазмун ва шаклга келган, дея таъкидлаган эди.

Тараққиёт сари дадил одимлаётган ҳар қандай давлатнинг устуни саналадиган Конституциянинг туб ўзаги — бу тузук ёки ту­зилишдир.

Қудратли салтанат барпо этиб, Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг «Темур тузуклари» Конституциямизнинг айрим моддаларида ҳам шаклан, ҳам моҳиятан акс эттирилган десам, муболаға бўлмайди.

«Темур тузуклари»даги «Салтанат тўнини кийгач, адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози этдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан ҳақ­қоният юзасидан ҳукм чиқардим.

Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, сипоҳийларга инъомлар улашдим. Уламолар билан суҳбатда бўлдим ва пок ният­ли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Дарвеш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим. Ақлли кишилар, кенгаш соҳиблари, эҳтиёткор, қатъиятли арбоблар, кейинни ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи кекса ва тажрибали ки­шиларни мажлисларимга киритиб, уларнинг суҳбатларидан тажриба ҳосил қилдим» деган битиклар ўрта асрлардаёқ Соҳибқирон бобомиз томонидан ҳаётий зарурат туфайли қатъий қонунлар яратилганидан далолатдир.

Мамлакатимиз Конституциясида ҳам давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати, шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, ташқи сиёсат, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахс ҳамда жамиятнинг ўзаро муносабатлари, суд тизими тўғрисидаги нормалар қатъий тартибда белгилаб қўйилган.

Конституциямизнинг 11 та моддадан иборат ХХII боби бевосита суд тизимига бағишланган. 106-моддада «Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимия­ти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳол­да иш юритиши» белгилаб қўйилган бўлса, 112-моддада «Судья­лар мустақилдирлар, фақат қо­нунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бў­лади. Судьяларнинг дахл­сизлиги қонун билан кафолатланади» деган қоида киритилган.

Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббуслари билан жорий йилда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — «Жа­мият­ — ислоҳотлар ташаббускори» ғояси асосида Конституциямизни бугунги давр талабларига мос равишда такомиллаштиришга доир ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбари конституциявий ислоҳотларнинг заруратига қисқача тўхталар экан, «Бугунги кун ҳамда келгусида давлат ва жамиятда инсоннинг ўрни, давлат ва жамият фаолиятидаги устувор сиёсий-ҳуқу­қий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, аҳоли фаровонлиги ҳам­да жамият ва давлат тараққиётини таъминлашда конституция­вий ислоҳотларнинг аҳа­миятини аниқлаб олиш давр тақозоси ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, Асосий қо­нунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилашни» талаб этади, деган фикр­ларни илгари сурди. Бунинг замирида кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан депутатлар, сенаторлар, барча ҳудудлардан вакиллар, фуқаролик жамияти инс­титутлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа мутахассислардан иборат Конституциявий комиссия тузилди. Конституциявий комиссия аъзоларининг олдига янгиланаётган Ўз­бекистоннинг Конститу­ция­си ўзининг халқчиллиги билан мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозимлиги, айниқса, «Инсон қад­ри учун» ғоя­си ҳамда ҳозирги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган «Инсон — жамият — давлат» деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётда бош қад­рият­га айлантириш вазифаси қўйилди.

Ушбу конс­титуциявий ислоҳотларни тўлиқ қўл­лаб-қувватлаш баробарида Асосий қонунимизни жамиятдаги бу­гунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларнинг мантиғига мослаштиришга қаратилган ва Конституциявий комиссиянинг эътиборига тақдим этилган айрим таклифларимни ҳам билдирмоқчиман:

Биринчи таклиф: Тобора янгиланиб бораётган Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қи­лиш учун аввало, судларни эмас, балки судьяларни ихтисослаштириш (фу­қаролик ва жиноят ишлари, иқтисодий ва маъмурий суд судьяларини)га ўтиш зарурияти туғилмоқда. Бунинг учун туман ва шаҳарларда биттадан суд ва суд раиси бўлиши мақсадга мувофиқдир. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суддан воз кечиш вақти келгани ҳам айни ҳа­қиқат.

Иккинчи таклиф: ҳар қандай ҳуқуқий-демократик давлатда адвокатларга, яъни адвокатура тизимига эҳтиёж зарурлигини эътиборга олиб, Конституциянинг суд ҳо­кимияти тўғрисидаги бобида адвокатура тизимига алоқадор модданинг бўлиши унинг мазмун-моҳиятига мос келмаслиги сабабли 116-модда ушбу бобдан чиқарилиб, адвокатура тизимига оид алоҳида бобда акс этиши мақсадга мувофиқдир.

Учинчи таклиф: Ўзбекистонда транспорт соҳасининг ўзига хос муҳим стратегик аҳамиятга эга экани, транспорт ва транспорт коммуникацияларининг жадаллик билан ривожланаётгани, трансмиллий транспорт йўллари вужудга келгани ва бу тармоқнинг муттасил кенгайиб бораётганини ҳи­собга оладиган бўлсак, транспорт билан боғлиқ суд ишларини кўриб мазмунан ҳал этишда айрим муаммолар вужудга келаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу борадаги аҳволни тубдан яхшилашнинг энг мақбул йўлларидан бири бу — ихтисослашган «транспорт судлари»ни ташкил этишдир. Чунки Бош прокуратура тизимида транспорт прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги тизимида транспорт милицияси узоқ йиллардан буён самарали фао­лият­ кўрсатиб келмоқда. Агар уларнинг сафига ихтисослашган «транспорт судлари» ҳам қўшилса, айни муддао бўлар эди.

Тўртинчи таклиф: Конс­титуцияда айрим тои­фадаги фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси масаласига янада жиддий эътибор қаратиш лозим. Бунда ёшлар, нуронийлар ва имконияти чекланган ногиронларга алоҳида аҳамият қаратиш фақат давлат иши бўлиб қолмасдан, у барча, шу жумладан, жамоат ташкилотларининг ҳам вазифасига айланмоғи зарур. Ёшлар келажак эгалари бўлса, нуронийлар жа­мия­тимиздаги барча тармоқларнинг пойдевори ва ҳаётимиз файзи. Имконияти чекланган ногиронлар замондошимиз, шунинг учун улар меҳрга, эътиборга муҳтож шахслар сифатида давлат ва жамоат ташкилотларининг ғамхўрлиги ва эътиборида бўлиши зарур.

Ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида ташланаётган стратегик қадамлар Янги Ўз­бекистонда давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга тўлиқ эришиш ҳамда қо­нунийликни мустаҳкамлаш борасида Конституциянинг ўрни нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ортга қайт­майдиган ислоҳот сифатида ҳис қилмоқдамиз. Зе­ро, Конс­титуция жамия­тимиз тараққиёти, Ватанимиз келажагига етакловчи маёқ вазифасини ўтайди.

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Ўзбекистон Судьялари

Ассоциацияси раиси,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган юрист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: