ЗИММАДАГИ МАЖБУРИЯТ АМАЛДА ТЎЛИҚ БАЖАРИЛГАЧ, ОТАЛИК ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

Маълумки, Конституциямизнинг 64-моддасида «ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар…» деб белгилаб қўйилган.

Бу ҳар бир ота-она зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Шунингдек, ушбу конс­титуциявий қоида ота-она томонидан бажарилмаса, улар суд тартибида оталик ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳам мумкин.

Аслини олиб қараганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниш ўзини билган одам учун иснод ҳисобланади. Уни бир умр кўтариб юриш жуда оғир. Аммо миллий қонунчилигимизда адолатпарварлик, бағрикенг­лик ва халқпарварлик тамойиллари теран ифодасини топган. Яъни хатосини тушуниб етган, фарзандига меҳр кўрсатиб, унинг тарбия­си ва таъминотида иштирок этиб, ўзининг конс­титуциявий мажбуриятини бажарган ота ёки онанинг бекор қилинган оталик ёки оналик ҳу­қуқи яна тикланиши мумкин.

Яқинда Самарқанд шаҳрида яшовчи Шоҳназар Насимов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ана шундай бағри­кенг­лик ва мурувватдан баҳраманд бўлди.

Суднинг ҳал қилув қарори билан 2009 йил 21 августда туғилган Зоҳида исмли фарзандига нисбатан Ш. Насимовнинг оталик ҳуқу­қи тиклангач, унинг юзлари ёришди, кўнгли қу­вонч­га тўлди.

Зоҳида Ш. Насимов ва Д. Қурбонованинг қонуний никоҳидан туғилган.

Аммо эр-хотин ўртасида келиб чиққан келишмовчилик сабабли 2014 йилнинг 19 майи­да қонуний ажрашишган. 2012 йил 16 июлда суд буйруғига асосан Ш. Насимовдан Д. Қурбонованинг фойдасига фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Аммо орадан роппа-роса бир йил ўтиб, ушбу суд буйруғи суд ажрими билан бекор қилинган.

Д. Қурбонова 2015 йилда Зоҳидани онасига қолдириб, хорижга ишга кетган. Бу пайтда Ш. Насимов ҳам чет элда ишлаётган бўлса-да, фарзанди учун ҳар ойда собиқ қайнонасига пул жўнатиб турган. Шунга қарамасдан Д. Қурбонованинг вакили судга Ш. Насимовни фарзанди Зоҳидага нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида 2016 йил 11 январида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Унда бундан уч ярим йил бурун алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғи бекор қилингани эътибордан четда қолган. Суднинг ҳал қилув қарорида фарзандининг таъминоти ва тарбияси билан шуғулланмаслиги, алимент тўловларидан қарзи мавжудлиги қайд этилиб, Ш. Насимов оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Ш. Насимов 2020 йилнинг декабрь ойида бундан хабар топгач, судга оталик ҳуқуқини тиклаш тўғ­рисида даъво аризаси билан мурожаат қил­ди.

Судларда ишларни кўришда даъвогар ҳам, жавобгар ҳам ўзини ҳақ ҳисоблайди, талаби қаноатлантирилишини истайди. Д. Қурбонова ҳам даъвони тан олмасдан Ш. Насимов боласига нисбатан бирон-бир ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса-да, у фарзандининг тарбиясида иштирок этишини хоҳламаслигини билдирди. Суддан даъвони рад этишни сў­ради.

Суд мажлисида гувоҳ Ш. Қудратова ҳақиқий ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритди. У вояга етмаган Зоҳиданинг бувиси экани, набираси доимий қарамоғида яшаб келиши, у отаси Ш. Насимов билан кўришишни хоҳлагани, уни соғингани сабабли учрашиб туришига эътироз билдирмаганини маълум қилди.

Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳо­мийлик органи даъвогар Ш. Насимовнинг оилавий шароитини ўрганиб чиқиб, судга ёзма хулоса тақдим этди. Ушбу орган ва­кили Қ. Ражабов суд мажлисида даъвогарнинг яшаш шароитлари кўздан кечирилганда боланинг тарбияси учун барча имкониятлар мавжудлиги, унинг оила аъзоларида қизалоқнинг соғлиғи, ахлоқи ва руҳиятига салбий таъсир этувчи ҳолатлар кузатилмаганини таъкидлаб, Ш. Насимовнинг оталик ҳуқу­қини тиклаш ҳақидаги даъвони қа­ноатлан­тиришни сўради.

Айтиш жоизки, фуқаролик ишида Самарқанд шаҳридаги 2-сонли ич­ки ишлар бошқармаси ходимлари томонидан вояга етмаган бола билан ўтказилган суҳбат ва тушунтириш хатлари ҳам мавжуд. Унда Зоҳиданинг отасига нисбатан меҳри борлиги, у билан бирга яшашни­ хоҳлаши баён этилган. Даъвогар фарзандининг тарбиясида мунтазам иштирок этиб келаётгани, оталик мажбуриятини бажаришга қатъий киришгани, бу ҳолат оталар учун камдан-кам учрайдиган фазилат экани қайд қилинган.

Суд ҳал қилув қарори қабул қи­лишда Олий суд Пленумининг «Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори ва Оила кодексининг 82-моддасига таянди. Чунки ушбу ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, судлар ота-оналик ҳуқу­қини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган-ўзгармагани, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмаслигини синчиклаб текшириши лозим.

Суд отанинг вояга етмаган фарзанди Зоҳида тарбиясида иштирок этиши фарзандининг келажакда ко­мил инсон бўлиб вояга етиши учун муҳим эканини инобатга олди. Тарафларнинг 2009 йилда туғилган Насимова Зоҳида Шоҳназар қизига нисбатан даъвогар Ш. Насимовнинг оталик ҳуқуқини тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, фарзандга ҳам ота, ҳам она меҳри ва тарбияси керак. Конститу­ция­мизда белгиланган мажбуриятини бажаргани сабабли Ш. Насимовнинг суд томонидан оталик ҳуқуқи тикланди. Энди у ўз фарзандини эмин-эркин тарбия қилиб, вояга етказиши мумкин.

Азиза ИСМАТОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: