ҚАНОАТЛАНТИРИЛГАН ДАЪВО

Бугунги кунда юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қатъият билан амалга оширилмоқда. Айни жараёнда суд орқали фуқароларнинг ҳу­қуқ ва эркинликларини ҳи­моя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суд тизимининг энг юқо­ри бў­ғини бўлган Олий суд қуйи турувчи судлар томонидан йўл қўйилган баъзи хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиб, адолатни қарор топтираётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Шаҳзод Асатов судга Самарқанд вилояти Давлат солиқ бошқармасига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, бошқарманинг шу йил 27 майдаги 00365-шт-сонли буйруғини бекор қилиб, иш­га тиклаш ҳамда жавобгардан мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самар­қанд шаҳар судининг 2022 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ Ш. Асатовнинг даъво талабларини қа­ноатлантириш рад қилинган. Самарқанд вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 22 сентябрдаги ажрими билан суднинг ушбу ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Бундан норози бўл­ган Шаҳзод Асатов Олий судга мурожаат қилган.

Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар Ш. Асатов 2018 йил 1 ноябрдан Пайариқ тумани Давлат солиқ инспекция­сида қоровул вазифасида иш бошлаб, 2021 йил 18 мартдан инспектор лавозимига ўтказилган.

Самарқанд вилояти Давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 27 майдаги 00365-шт-сонли буй­руғига кўра, даъвогар Ш. Асатов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилинган.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос сифатида Ш. Асатов Давлат солиқ инспекцияси раҳбария­ти билан қў­пол муносабатда бўлгани, ходимлар ўртасида маънавий-руҳий муҳитга таъсир ўтказишга урингани, ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилмагани, топшириқларни ўз вақтида бажармагани каби важлар кўр­сатиб ўтилган.

Ўз навбатида, Ш. Асатов Давлат солиқ инспекциясининг важлари асоссизлиги, шартномани бекор қилишда бир ойлик муддат ўтказиб юборилгани, иш берувчи томонидан Меҳнат кодекси талаблари бузилганини таъкидлаган.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишдаги ҳужжатларни атрофлича ўр­ганиб чиқиб, тарафларнинг тушунтиришларини эшитиб, қу­йи турувчи судларнинг фуқаролик иши бўйича қа­­бул қилган қа­рорларини бекор қи­лди ва даъво аризасини тўлиқ қа­ноатлантириш тўғрисида қа­рор қабул қилди. Чунки иш ҳужжатлари ўрганилганда, иш берувчи томонидан меҳнат шарт­номасини бекор қилишда қилмишнинг оғирлик даражаси, уни содир этиш ҳолатлари, ходимнинг хулқ-атвори ҳамда тушунтириш хатида ёзган ҳолатлар қуйи турувчи судлар томонидан ўрганилмагани ва ҳуқу­қий баҳо берилмагани, шунинг­дек, интизомий жазо қонунда белгиланган бир ойлик муддатдан кечиктириб қўлланилгани аниқланди.

Ҳозирги пайтда Олий суд томонидан ишга тикланган Ш. Асатов Пайариқ тумани давлат солиқ инспекцияси солиқ тўловчиларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш хизмати со­лиқ бўйича инспектори лавозимида фаолият юритмоқда. Ун­га мажбурий прогул юрган кунлари учун иш берувчидан 19 422 075 сўм ундириб берилди. Бу мамлакатимизда инсон ҳу­қуқлари қонун, ижтимоий адолат ва холислик асосида тў­лиқ таъминланаётганининг амалдаги намунасидир. Зеро, демократик ҳуқуқий давлатда барча низолар суд орқали ҳал этилади.

Фируза Азимова,

Олий суд катта консультанти

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: