КЕЛИШУВ БИТИМИ – МУАММО ЕЧИМИ

Ҳаётда баъзида кимдандир нажот кутамиз. Пайти келса ёрдам сўраймиз, муҳтож бўлсак моддий кўмак оламиз, баъзида қарз сўраймиз. Олмоқнинг бермоғи бор, дейишади. Аммо орамизда олган қарзини вақтида қайтармай, қарз берувчини сарсон қилаётганлар ҳам учраб туради.Яқинда судда шунга ўхшаш иш кўриб чиқилди.

Г. Г. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар С. Б. ҳисобидан 79 900 000 сўм миқдоридаги қарзи ва суд харажатини ундириб беришни сўраган.

Аниқланишича, С. Б. 2021 йил 15 августда Ангрен шаҳрида жойлашган “Марварид” чойхонаси олдида Г. Г. дан бир ой муддатда қайтариш шарти билан дастлаб 64 000 000 сўм, иккинчи марта эса 15 900 000 сўм, жами бўлиб 79 900 000 сўм қарз олган ва бу қарзни қайтариш ҳақида шахсан тилхат ёзиб берган.

Суд мажлисида сўралган даъвогар ўз тушунтиришида жавобгар билан қарзни қайтариб олишга келишиб олганликларини, сиртдан чиқарилган суд қарори ижроси эса Б. С. нинг моддий аҳволини ёмонлаштириб қўйишини айт­­ди. Шунингдек, даъвогар қарзни тўлиқ қайтариб олишга Б. С. билан келишиб олганлигини ҳамда у яна муддат сўраганлигини маълум қилди.

– Майли, – деди суд мажлисида даъвогар, – суд харажатларини ўзим тўлайман. Биз келишув битимини тузишга келишиб олдик. Ана шу келишув битимини тасдиқлашингизни сўрайман.

– Қарз олганлигимни тан оламан, – деди судда жавобгар. – Айрим сабаб­ларга кўра, пулни вақтида қайтара олмадим. Мен қарзимни қайтариш учун яна муддат сўрадим ва у киши рози бўлди. Шунинг учун келишув битимини тасдиқлаб, иш юритувини тугатишингизни сўрайман.

Суд тарафларнинг гапларини тинг­лаб, келишув битими ҳақидаги аризаларни ва иш ҳужжатларини муҳокама қилиб ажрим чиқарди. Суд даъвогар ва жавобгар ўртасида қарзни ундириш юзасидан тузилган келишув битимини тасдиқлади.

Шунга ўхшаш яна бир мисолни келтириб ўтсак. Бу галги иш машина олди-сотдиси билан боғлиқ.

– 2020 йил 12 февралда ўзимга тегиш­ли “Дамас” автомашинани Т. Д. га 4 800 АҚШ долларига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотдим, – деди суд мажлисида даъвогар. – У ҳар ойда 300 АҚШ долларидан берадиган бўлди. Бир йилу тўрт ойда машинанинг пулини тўлиқ тўлаши керак эди, аммо у ваъдасида турмади. Машинани олаётганда ҳатто тилхат ҳам ёзиб берганди. Суд жараёни бошланиши олдидан Т. Д. келишайлик, деди. Мен рози бўлдим. Шуларни инобатга олиб, келишув битимини тасдиқлашингизни сўрайман.

– Ҳақиқатан ҳам, Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқародан “Дамас” автомашинасини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 4 800 АҚШ долларига сотиб олганман, – деди судда жавобгар. – Айрим сабабларга кўра, пулни вақтида бера олмадим. Қарзни тўлаш муддати хусусида биз келишиб олдик, сотувчи ҳам рози.

Суд тарафлар ўртасида тузилган келишув битими амалдаги қонун ҳужжатларига зид эмаслиги, у бошқа шахсларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларига зарар етказмаслигини инобатга олиб, аризаларни қаноатлантирди. Келишув битими тасдиқланди.

Фуқаролар ўртасида ўзаро олди-бердиларда қарзнинг вақтида қайтарилмаслиги оқибатида кўнгилсизликлар ҳам бўлаётганлиги бор гап. Ана шундай нохушликларга ўзимиз сабабчи бўлаяпмиз. Имкониятингиз йўқми, қарз олманг, олдингизми, вақтида қайтаринг. Шунда ортиқча гап-сўзлар бўлмайди, низо судгача етиб келмайди.

Дилноза ШОМАТОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Оҳангарон туманлараро судининг судьяси

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: