ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИ БУЗАДИГАН БЎЛСА, СУД ТАРТИБИДА БЕКОР ҚИЛИНАДИ

Ҳаётда турли сабаблар туфайли болани фарзандликка олиш ҳолатлари учраб туради. Хўш, бу борада қонунчиликда қандай тартиб ва қоидалар белгиланган? Қуйида шу ҳақида фикр юритамиз.

Маълумки, болани фар­занд­ликка олишдан кўз­ланган асосий мақсад — ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун тўлақонли турмуш тарзини шакл­лантиришдан иборат. Шунинг учун қонун талабига кўра, фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади.

Бундан ташқари фарзандликка олиш, болани фарзанд­ликка олишни истаган шахсларнинг аризасига асосан суд томонидан амалга оширилади.

Бунда, албатта, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бо­ла манфаатларига тўғ­ри келиши ҳақи­даги хулосаси инобатга олинади.

Ҳаётда қонун талабига кў­ра, ҳар бир вояга етган эркак ёки аёл фарзандликка олиш ҳуқу­қига эга. Аммо:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;

фарзандликка олганлиги бекор қилинган со­биқ фар­занд­ликка олувчилар;

гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласидан иборат жиноятлар, жамоат тартибига қарши жиноятлар ва ҳарбий мансабдорлик жиноятлари содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар;

оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар; 

жиноят содир этгани учун ўзига нисбатан жиноят иши айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб тугатилганлар;

фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинганлар фарзандликка олувчилар бўла олмайди.

Шунингдек, бир қатор жиноятларни содир этган шахс­ларнинг ҳам фарзандликка олишга йўл қўйилмайди. Хусусан:

ҳаётга, соғлиққа қарши жиноятлар;

ҳаёт ёки соғлиқ учун хавф­ли бўлган жиноятлар;

ои­лага, ёшларга ва ахлоққа қарши;

шахснинг озодлигига, шаъни ва қадр-қимматига қарши;

фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши;

тинчликка ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши;

давлатга қарши жиноятлар;

ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар;

жиноий йўл билан топилган мол-мулкни олиш ёки ўтказиш;

тижоратда пора эвазига оғдириб олиш ёхуд нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш;

бошқарув тартиби, шу­нинг­дек, одил судловга қар­ши жиноятлар;

қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш;

жамоат хавфсизлигига қарши жиноятларни содир этиш.

Айни чоғда, қонунчиликда бу борада муайян истиснолар ҳам борлигини қайд этиш лозим.

Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўл­маслиги шарт. Бундан ўгай ота ва ўгай она ёхуд фарзанд­ликка олинувчининг яқин қариндошлари томонидан фарзандликка олиш ҳоллари мустасно.

Албатта, фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги ва бош­қа ҳужжатлардаги фарзандликка олувчилар фар­занд­ликка олинганларнинг ота-онаси эмаслигини билдирадиган мазмундаги ёзувлар билан таништириш, бу ёзувлардан кў­чирмалар ва бош­қа маълумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз, агар улар вафот этган бўлса, васийлик ва ҳо­мийлик органининг розилигисиз бериш тақиқланади.

Таъкидлаш жоизки, фар­занд­ликка олувчи ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига хилоф равишда фарзандликка олиш сирини ош­кор қилган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Айтиш керакки, болани фарзандликка олиш учун фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси розилиги ҳам талаб этилади. Ота-она боланинг муайян бир шахс ё шахслар томонидан фарзанд­ликка олинишига розилик бериши ёки фарзандликка беришга розилик билдириб, фарзандликка олувчиларни танлаш ихтиёрини васийлик ва ҳомийлик органига ҳавола қилиши ҳам мумкин.

Ота-онанинг болани фар­занд­ликка олинишига розилиги нотариал тасдиқланган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола жойлашган муассаса раҳбари томонидан ёки фарзандликка олиш амалга оширилаётган жойдаги ёхуд ота-она доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тас­диқ­ланган аризада баён этилган бўлиши керак.

Шунингдек, бундай розилик фарзандликка олиш тўғ­рисида иш юритилаётганда бевосита судда ҳам баён этилиши мумкин.

Суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар ота-она боланинг фарзандликка олинишига берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.

Айтиш керакки, амалдаги қо­нун талабига кўра, фар­занд­ликка олиш қуйидаги ҳолларда:

ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;

ота-она ота-оналик ҳуқу­қи­дан маҳрум қилинган бўл­са;

ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;

ота-она бир йилдан ор­тиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса, ота-онанинг розилигисиз амалга оширилади.

Суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ор­ганлари фарзандликка олинаётган боланинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўз­гартиришлар киритиши лозим.

Фарзандликка олувчилар боланинг туғилиши ёзилган дафтарга, агар бу ҳақда суднинг ҳал қилув қарорида кўр­сатилган бўлса, унинг ота-онаси деб ёзилиши керак.

Шунингдек, зарур ҳолларда боланинг фамилияси, ис­ми, отасининг исмигина эмас, балки туғилган санаси ҳам бир йилдан ортиқ бўлмаган фарқ билан ўзгартирилади. Агар бола ўн ёш­дан ошмаган бўлса, туғилган жойи ҳам мамлакатимиз ҳу­дуди доирасида ўзгартирилиши мумкин.

Яна шуни қайд этиш жоизки, қонун талабига биноан фарзандликка олиш агар фарзандликка олувчилар:

ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаётган ёки уларни лозим даражада бажармаётган;

ота-оналик ҳуқуқини суи­истеъмол қилаётган;

фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлсалар;

муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўл­ган бўлса, бекор қилинади.

Шу билан бирга фарзандликка олинувчининг хулқ-атвори фарзандликка олувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солаётган бўлса, фарзандликка олинувчи воя­га етганидан сўнг фарзандликка олиш бекор қилиниши мумкин.

Фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибида йўл қўйилади.

Фарзандликка олишни бекор қи­лиш тўғ­рисидаги ишларни ҳал қи­лишда ўн ёшга тўл­ган боланинг фикри инобатга олинади.

Фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ҳал қи­лув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб, суд уч кун ичида ушбу ҳал қилув қа­роридан кўчирма нусхани фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Фарзандликка олиш бекор қилинганда бола суднинг ҳал қилув қарори билан ота-онасига олиб берилади. Боланинг ота-онаси йўқ бўлса, шунингдек, болани ота-онасига бериш унинг манфаатларига зид бўлса, у васийлик ва ҳомийлик органлари қа­рамоғига берилади.

Кўриниб турганидек, қо­нунчиликда фарзандликка олиш тартиби аниқ белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, бола ҳуқуқ­ларининг ишонч­ли ҳимоясига хизмат қилади.

Феруза Ибратова,

юридик фанлар доктори

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: