МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ИШ ЮРИТИШ: ОШКОРАЛИК ВА ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ УСУЛЛАРИ
Жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончи мустақил ва одил судловнинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Судга бўлган ишончни шакллантиришда судлар фаолиятининг очиқлиги ва судда иш кўришнинг ошкоралиги муҳим ўрин тутади.
Суд ишларини юритишнинг ошкоралиги барча суд ишларини очиқ кўриб чиқиш, ҳукмларни (қарорларни) эълон қилишдан иборат бўлган суд жараёнининг демократик принципидир.
Суд ҳокимиятига нисбатан қўлланиладиган очиқлик ва ошкоралик тамойиллари адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқни амалга оширишнинг муҳим кўринишларидан бири сифатида бир қатор халқаро ҳужжатлар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенцияда ўз ифодасини топган. Ушбу талаблар қатъий бўлиб, ҳеч қандай истисноларга йўл қўйилмайди.
Шу ўринда хорижий давлатлар қонунчилигида ушбу масала қандай тартибда ҳал этилган, деган савол туғилиши табиий.
Таъкидлаш жоизки, бу борада хорижий давлатларда турлича йўл тутилганини кузатиш мумкин. Масалан, баъзи давлатларнинг Асосий қонунида суд мажлисларида фуқароларнинг иштирок этиши белгилаб қўйилган. Хусусан, Aвстрия Конституциясида (91-моддаси) «одамлар одил судловни амалга оширишда иштирок этади» деган меъёр белгиланган.
Япония Конституциясининг 82-моддасида судда иш кўриш ва иш юзасидан қабул қилинган қарорни эълон қилиш суднинг очиқ мажлисида амалга оширилиши қайд этилган. Фақат суд «ошкоралик жамоат тартиби ёки ахлоқ учун хавф туғдиради», деган қарорга келса, иш кўриш ёпиқ мажлисда амалга оширилади. Бироқ сиёсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар, нашр билан боғлиқ жиноятлар ёки фуқароларнинг Япония Конституциясининг III бобида кафолатланган ҳуқуқларига дахл қилувчи ишлар ҳар доим очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши шарт.
Бир сўз билан айтганда, кўплаб хорижий давлатларнинг Асосий қонунларида суд фаолиятининг очиқлиги ҳамда судда иш кўришнинг ошкоралигини кафолатлашга қаратилган қоидалар белгилаб қўйилган бўлиб, бу фуқаро ва ташкилотлар иштирокидаги ишларнинг очиқ суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.
Хорижий давлатлар тажрибаси яна шуни кўрсатадики, маъмурий суднинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида, ушбу суднинг қарорлари кучга киргач, интернет саҳифаларида жойлаштирилади. Фақат суд ҳужжатлари матнлари интернетда жойлаштирилганда, суд процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шахсий ҳужжатлар чиқариб ташланади. Масалан, Германия ва Францияда суд ҳал қилув қарорлари жамоатчилик учун очиқ бўлиб, фақат жиддий асослар мавжуд бўлганда томонларнинг номлари ошкор қилинмайди. Францияда Олий суд инстанциялари ва маъмурий судлар қарорлари интернетдаги ҳуқуқий ахборот сайти орқали тарқатилади. Буюк Британияда эса, қизиқарли бўлган суд қарорлари оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда чоп этиб борилади.
АҚШда суд ҳал қилув қарорларини нафақат электрон шаклда, балки босма шаклда ҳам олиш имконияти мавжуд. АҚШнинг барча суд қарорлари, жумладан, маъмурий суд қарорлари ҳам шу судларга тегишли бўлган нашрларда тўплам сифатида чоп этиб борилади. Бундай нашрлар билан юридик кутубхоналарда танишиш мумкин.
Бугунги кунда тараққий этган давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида электрон ахборот алмашуви орқали судларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга эътибор кучайиб бормоқда. Бу кенг жамоатчиликни кўпроқ маълумот билан хабардор қилишда намоён бўлмоқда. Хусусан, суднинг иш бўйича якуний тўхтами — суд қарорларининг интернетдаги маълумотлар базасини яратиш оммалашиб бормоқда. Масалан, Австрияда электрон ҳуқуқий маълумотлар базаси жуда кенг ривожланган. Уларнинг энг машҳури «RIS» деб номланган ҳуқуқий ахборот тизими ҳисобланади. Бундан ташқари суд ходимлари ва бошқалар ris.bka.gv.at веб-сайтида қонун ҳужжатлари билан танишиши, «Қонунлар ахборотномаси», олий инстанция судлари ва бошқа суд инстанцияларининг энг муҳим қарорларидан электрон шаклда фойдаланиши мумкин.
Францияда кенг жамоатчилик олий суд инстанциялари ва маъмурий судларнинг қарорлари билан интернет тармоғидаги «Legifrance.gov.fr» номли ҳуқуқий ахборот сайти орқали танишиш имкони яратилган.
Буюк Британияда лордлар Палатасининг http://www.publications.parlament.uk/pa/Id деб номланган махсус сайтида қиролликнинг барча ҳудудидаги суд қарорлари эълон қилиб борилади. Бу фойдаланувчилар учун жуда қулай бўлиши баробарида судлар фаолиятининг очиқлигини ҳам таъминлайди.
Хорижий мамлакатлар қонунчилигидаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш ва уларнинг фойдали жиҳатларини миллий қонунчиликда акс эттириш долзарб аҳамиятга эга. Зеро, бундай ёндашув тараққиётга хизмат қилиб, амалиётда одил судлов сифати ҳамда аҳолининг суд тизимига бўлган ишончининг ортишига ҳисса қўшади.
Сардор Сувонов,
Гулистон туманлараро
маъмурий суди судьяси
Фикр қолдириш