ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ СУДДА ТИКЛАНДИ
Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад — иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборатдир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, бизнес юритиши учун солиқ ва бошқа соҳаларда кўплаб имтиёзлар қўллаш ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш борасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор Н. Л. ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб, белгиланган тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётганди. Н. Л. тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда «Avtotransport vositalariga xizmat ko’rsatish» давлат унитар корхонасига тегишли бинодан 2021 йил 19 мартда тузилган ижара шартномаси асосида фойдаланган.
Аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси тадбиркор томонидан ижара тўловлари ўз вақтида тўланмаганини қайд этиб, 17 050 484,57 сўм асосий қарз ва 9 345 894,36 сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Айтиш керакки, Тошкент туманлараро иқтисодий суди ишдаги ҳужжатларни синчиклаб ўрганмасдан ва тарафларнинг фикрини эшитмасдан туриб, тадбиркор ҳисобидан даъвогар фойдасига 17 050 484,57 сўм асосий қарз, 2 500 000 сўм пеня ва суд харажатлари ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.
Ушбу иш апелляция инстанциясида қайта кўрилганда, тадбиркор ижара шартномасига асосан фойдаланиб келган ҳамда давлат мулки объекти ҳисобланган бино 2021 йил 20 майдаги 20-сонли шартномага асосан «C.» масъулияти чекланган жамиятига сотилгани ва бу ҳақида 2021 йил 3 августда 14-сонли мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери берилгани, шу боис якка тартибдаги тадбиркор билан «C.» масъулияти чекланган жамият ўртасида 2021 йил 24 сентябрда 11-сонли ижара шартномаси тузилгани, тадбиркор томонидан ижара тўлови тўлиқ тўлаб келингани аниқланди. Айнан шу даврлар учун тадбиркорга даъво аризасида кўрсатилган асосий қарздорлик ва шунга мутаносиб равишда пеня ҳисоблангани сабабли биринчи инстанция судининг қарори бекор қилиниб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Тадбиркорлик ва бизнес соҳасининг ривожланиши қонунда ва шартномада белгиланган қоидаларга оғишмай риоя қилишга бевосита ва билвосита боғлиқдир. Агар шу оддий ва қонуний талабга риоя қилинмаса, суд одилликни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда тадбиркорга камарбаста бўлади.
Асқар Мамараимов,
Тошкент шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш