МЕРОС, МУЛК, ВОРИС ВА ҚАРЗДОР МОЖАРОСИ
Бир вақтнинг ўзида меросни қабул қилмаслик ва ундан воз кечмаслик мумкинми? Бу масаланинг қонуний ечими қандай бўлади? Аслида дунё давлатлари ва Ўзбекистон қонунчилиги мазкур муаммо ечимига қандай ёндашади? Бу борада мавжуд халқаро ва маҳаллий қонун ҳужжатларини кўздан кечирар эканмиз фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонун ҳужжатлари бўйича бир вақтнинг ўзида меросни қабул қилмаслик ва ундан воз кечмасликка йўл қўйилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. На континенталь, на англо-америка ҳуқуқ тизимига кирувчи бирон-бир мамлакат қонунларида бунга йўл қўйилмаган. Хўш, бу нима дегани? Бундай механизм яхшими, ёмонми? Бундан кимга фойда-ю, кимга зиён? Бу борада шаклланиб бораётган суд амалиёти таҳлили қандай? Қонуннинг бундай ёзилиши кимга керак бўлди-ю ва бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин? Қуйида шу хусусда сўз боради.
Азал-азалдан барча халқларда вафот этган кишининг мол-мулкини ворислик асосида мерос қолдиришнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб келган. Бу муносабатлар айниқса ислом динида жудаям мукаммал тартибга солинган бўлиб, унда мерос қолдирувчи ҳаётлик даврида ўзининг вафотидан кейин унга тегишли бўлган мол-мулкни ҳаёт бўлган шахслар томонидан эгаллаш, қабул қилиш, фойдаланиш ёхуд тасарруф қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган аниқ ечимлар берилган. Исломда белгиланган шартлар мавжуд бўлсагина мерос ҳақиқий деб ҳисобланган. Бу шартларга кўра биринчидан, мерос қолдирувчи ўлимининг содир бўлган бўлиши; иккинчидан, мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг меросхўрнинг ҳаёт бўлиши ва учинчидан, мерос олувчининг мерос қолдирувчига нисбатан ким эканлиги, яъни насаби аниқ бўлиши талаб этилган. Шариат қоидаларига кўра марҳум қариндошларининг барчаси эмас, балки уларнинг марҳумга қариндошлигининг узоқ-яқинлиги инобатга олинган ҳолда, яъни тегишли навбат билан улар мерос олишга чақирилганлар.
Мамлакатимиз собиқ иттифоқ таркибида бўлган даврларда жамиятнинг иқтисодий негизини асосан давлат мулки ташкил этганлиги сабабли фуқаролар амалда ҳеч қандай хусусий мулкка эга бўлмаганлар ва шу боис мерос қолдирилиши мумкин бўлган мол-мулкнинг миқдори жудаям чекланган ёки мол-мулкнинг ўзи мавжуд бўлмаган. Шу сабабли бу борадаги қонун меъёрларининг ўрни бугунги кундагидек аҳамият касб этмаган.
Бугунги кунда хусусий мулкнинг авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш 1997 йил 1 мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг тегишли моддалари билан тартибга солинади. Шу билан бир қаторда ворислик ҳуқуқига оид қонун нормаларининг судлар томонидан амалда тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2011 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарори қабул қилинган ва судларга бу борада тегишли тушунтиришлар берилган. Аммо бир нарсани таъкидлаш керакки, ҳозир амалда бўлган ворисликка оид меъёрлар мукаммал эмас, айниқса мерос мулкини қабул қилиш ёки уни қабул қилишдан воз кечиш институти тўлиқ шаклланманган.
Умуман олганда бир тарафдан қонун-қоидалар қанчалар мукаммал бўлмасин, ҳамма замонларда ҳам ворислар ўртасида мерос билан боғлиқ турли низоли вазиятлар, зиддиятлар ва ҳаттоки фожиали ҳолатлар содир бўлган ва минг афсуски бундай ҳолатлар бугунги кунимизда ҳам давом этиб келмоқда. Судлар томонидан мана шундай можароли вазиятларнинг олдини олиш, яқин қариндошларнинг бир-бирига душман бўлиб қолмаслиги учун низоларни тинч йўл билан одилона ҳал қилишга қаратилган ҳаракатлари ҳам баъзан натижа бермайди. Чунки судлар ҳар бир ишни амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида кўриб чиқади. Судья ишда иштирок этувчи шахсларнинг у ёки бунисига “мероснинг бир қисмини унга бер, бунга берма”, дея олмайди. Аммо бундай танлов мерос талашганларда ҳамиша мавжуд. Бир ота-онадан туғилган ака-ука, опа-сингиллар меросни деб, бир-бири билан юз кўрмас душманларга айланишади, қариндошлик алоқалари узилади, меҳр-оқибат йўқолади.
Айтмоқчимизки, қариндошлар томонидан судсиз ҳам бундай низоларни ўзаро келишиб ҳал қилиш имконияти ҳар доим бор. Афсуски буни мерос талашганларнинг ҳаммаси ҳам англаб етавермайди. Бундай ҳолда суд амалдаги қонун асосида ишни кўришга мажбур бўлади. Аммо қонун номукаммал бўлса унда адолатни тиклаш бирмунча қийин кечади.
Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда меросга оид низолар асосан фуқароларимизнинг амалдаги қонун талабларини билмасликлари туфайли келиб чиқаётган бўлса, айрим ҳолларда амалдаги қонунларимизнинг такомиллашмаганлиги ёки нормал ишлаб турган қонунга уни мазмун моҳиятини тушунмасдан уларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг “Меросни эгаллаш” номли 69-бобининг “меросдан воз кечиш ҳуқуқи” деб номланган 1147-моддаси биринчи қисмига Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-255-сонли Қонуни билан тегишли ўзгартиш киритилган.
Ўзгартиш киритилгунга қадар меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросдан воз кечишга ҳақли бўлган. Янги киритилган ўзгартишга кўра бу тартибдан воз кечилган, муддат олиб ташланган.
Хўш, бу билан нима содир бўлди? Гап шундаки, қонун билан илгари меросхўрнинг меросдан воз кечиши учун белгиланган муддат олиб ташлангандан сўнг меросхўр исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли бўлди. Натижада меросхўрнинг меросни қабул қилмаслиги оқибатида вафот этган марҳумнинг кредиторлари манфаатига путур етишига йўл очилди, холос! Меросхўр меросни қабул қилгандан сўнг марҳумнинг кредиторига бу мулкнинг бир қисмини беришга тўғри келишини билгани ҳолда уни беришни хоҳламаслиги мумкин, ҳаттоки мерос қолдирилган мол-мулкни қўлга киритишга ҳаракат қилган ё уни тасарруф этган ёки ўзининг ана шу мол-мулкка бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун мурожаат этган бўлса ҳам.
2010 йилга қадар амалда бўлган тартибга кўра меросхўр мерос қолдирилган мол-мулкни эгаллашга амалда киришган ё уни тасарруф этган ёхуд ўзининг ана шу мол-мулкка бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун мурожаат этган бўлса меросдан воз кечиш ҳуқуқини кўрсатилган муддат ўтмасиданоқ йўқотган. Эндичи, энди йўқ!
Чунки Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-255-сонли Қонуни билан бу модданинг 1-қисмига “Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли”, деган мазмунда ўзгартиш киритилди ва амалдаги модданинг “Меросхўр меросдан воз кечиш учун ўзига берилган муддат ўтганидан кейин бундай ҳуқуқни йўқотади. Агар меросхўр мерос қолдирилган мол-мулкни эгаллашга амалда киришган ёхуд уни тасарруф этган ёхуд ўзининг ана шу мол-мулкка бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун мурожаат этган бўлса ҳам, меросдан воз кечиш ҳуқуқини кўрсатилган муддат ўтмасиданоқ йўқотади”, деган мазмундаги 1147-модданинг 5-қисми чиқариб ташланди.
Бундай ҳолатнинг мутлоқо нотуғри бўлганлигини мазкур суд амалиётидан келтирилган мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига 2022 йил февраль ойида даъвогар Н. жавобгар Р. га нисбатан уни меросхўр деб топиш ва ундирувни мерос мулкига қаратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш талаби билан мурожаат қилган.
Даъвогар Н. судда даъво талабларини қувватлаб, 2012 йил 10 октябрда нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан Тошкент шаҳар “Сайқал” қўчаси 100-хонадонни И. дан 20 000 АҚШ долларига келишиб, 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни сотувчига нақд бериб, қолган 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни 2012 йил 31 декабригача бериш шарти билан тилхат асосида сотиб олганлиги, нақд шаклида берган 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларга И. нинг ўғли, яъни унинг ишончли вакили Р. номига 2012 йил 10 октябрда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 4-мавзе, 1 уй, 1-хонадонни сотиб олишганлигини, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2016 йил 10 октябрдаги қарори билан 2012 йил 10 октябрдаги олди-сотди шартномаси бекор қилинганлиги, суднинг 2019 йил 10 октябрдаги қарори билан И. дан унинг фойдасига таъмир ишлари ҳаражатлари учун 130 млн. сўм ундирилганлиги, қарздор И. 2019 йилда вафот этганлиги, унинг меросхўри жавобгар Р. Қасддан меросни расмийлаштирмасдан келаётганлиги боис жавобгар Р. ни қарздор И. нинг вафотидан сўнг унинг биринчи навбатдаги меросхўри деб топиб, ундирилиши лозим бўлган 130 млн. сўм пуллар ундирувини мерос мулки бўлган Тошкент шаҳар “Сайқал” қўчаси 100-хонадонга қаратишни сўраган ва суд томонидан хонадонни таъмирлаш учун қилинган сарф-ҳаражатларни ундириш ҳақидаги даъво талаблари қаноатлантирилган ва жавобгар И. дан даъвогар Н. нинг фойдасига 130 млн. сўм миқдорида хонадонни таъмирлаш учун қилган харажатлари ундириб берилган. Ҳал қилув қарори аппеляция ва кассация тартибида кўриб чиқилиб ўзгаришсиз қолдирилган.
Суд ҳужжати билан ундирилган 130 млн. сўм қарздор томонидан тўлиқ қопланмаганлиги, жавобгар меросни қабул қилмай юрганлиги ва ҳуқуқий ворис бўлсада, марҳуманинг қарзини тўлиқ тўлашдан бош тортиб келганлиги сабабли даъвогар Н. даъво ариза билан судга такрор мурожаат қилиб Р. ни меросхўр деб топиш ва ундирувни мерос мулкига қаратиш тўғрисида қарор чиқариб беришни сўраган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Фуқаролик Кодексининг 1156-моддасига асосан, мерос қолдирувчининг кредиторлари васиятномани ижро этувчига (меросни бошқарувчига) ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақли эканликларидан келиб чиқиб суд даъвогарнинг даъвосини қаноатлантирган.
Аниқланишича, Тошкент шаҳар “Сайқал” қўчаси 100-хонадон марҳум номига давлат рўйхатидан ўтган. У 2019 йилда апрелда вафот этган ва унинг даъвогар олдидаги мажбуриятлари марҳумнинг ўғли Р. га ўтган, қонун бўйича биринчи навбатдаги бошқа меросхўрлар аниқланмаган.
Даъвогарнинг 130 млн. сўм ундирувини Тошкент шаҳар “Сайқал” кўчаси 100-хонадонга қаратиш тўғрисидаги даъво талабини муҳокама қилиш жараёнида суд қуйидагиларни аниқлаган.
Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасида ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмаслиги тўғрисидаги қоида мустаҳкамланган. Суд мазкур ишда меросхўрга бошқа бир турар жой мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлиги, у мазкур хонадонда доимий рўйхатда туришлиги ва истиқомат қилишлигини, низоли бўлган Тошкент шаҳар “Сайқал” кўчаси 100-хонадонда эса ҳеч ким яшамаслигини ва ушбу мулк унинг ягона уйи (квартираси) ҳисобланмаслигини инобатга олиб, даъвогарнинг ундирувни кўчмас мулкка қаратиш ҳақидаги даъво талабини асосли деб топган.
Ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар Р. томонидан берилган апелляция ва кассация шикоятларии қаноатлантирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 29 ноябрдаги ажримида белгиланишича, қарздор И. 2019 йилда вафот этганлиги муносабати билан биринчи навбатдаги қонун бўйича меросхўр ҳисобланган унинг ўғли Р. га марҳум қарздорнинг даъвогар олдидаги мажбуриятлари ўтган.
Масаланинг қизиқ жойи шундаки, жавобгар Р. кассация шикоятида у мерос мулкини қабул қилмаганлигини ва у васият ижрочиси ҳисобланмаслигини, онасининг мулки унга фактик ва юридик жиҳатдан ўтмаганлигини, мерос қабул қилингунга қадар онасининг мажбуриятлари бўйича жавоб беришга мажбур эмаслигини, меросни қабул қилиш учун муддат белгиланмаганлигини баён қилган. Фикримизча, амалдаги қонун бўйича жавобгар ҳақ бўлиб ҳисобланади, чунки Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигида меросни қабул қилиш учун ҳам, ундан воз кечиш учун ҳам муддат белгиланмаган. Аслида қонун нормаси “адолатсиз” ёзилган.
Масаланинг қатор мунозарали жиҳатлари бор. Шулардан бири суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига асосан фактик ва юридик жиҳатдан меросни қабул қилиб олмаган шахсни меросхўр деб топишга ҳам ҳожат йўқ ва бунинг устига ундирувни қабул қилинмаган мол-мулкка қаратиш қанчалик тўғри бўлиши мумкин? Қолаверса суд Р. Ни меросхўр, деб топиши ҳам шарт эмас, чунки унинг меросхўрлигига ҳеч ким шубҳа қилаётгани йўқ. Ворислигини унинг ўзи ҳам тан олиб турибди, фақат Р. меросни қабул қилишни хоҳламаяти, холос. Чунки меросни қабул қилиш вақти амалдаги қонун бўйича меросхўрнинг ихтиёрида. Гап шундаки, у меросни қабул қилса қарзни тўлаши керак бўлади-да. Ана холос! Қонун шу даражада “ҳалол” бўлмаган тарафни ҳимоя қилиши мумкин экан-да, деб ўйлаб қоласан киши. Ҳатто бугунга қадар ҳам меросхўр мерос мулкини қабул қилмаган бўлиши мумкин, керак бўлса қабул қилмайди ҳам, чунки у бу билан қонунни бузаётгани йўқ, қонуннинг ўзи “бузуқ” соатга ўхшайди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Ана шундай мунозарали масалаларда дунё мамлакатлари қонунчилиги Германия ё Франция модулларидан бирига асосланади.
Германия (немис) қонунчилиги бўйича меросдан воз кечиш қонунда белгиланган муддатда амалга оширилиши керак (2010 йилга қадар бизнинг Фуқаролик Кодексимизда ҳам шундай муддат мавжуд эди). Агар бу муддатда меросдан воз кечилмаса, мерос ўз-ўзидан меросхўр томонидан қабул қилинган ҳисобланади. Немис қонунчилиги бўйича меросхўрга ворислик ҳуқуқи вужудга келганлигини ёки васиятнома мавжудлиги тўғрисида у билган ва билиши лозим бўлган вақтдан бошлаб ундан воз кечиш учун 6 ҳафта, агар шахс мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлса 6 ой муддат берилган (Германия Фуқаролик Уложенияси 1944 &).
Мабодо меросни қабул қилишни рад этмоқчи бўлган шахснинг вояга етмаган фарзандлари бўлса, у фарзандларининг номидан ҳам меросни қабул қилишни рад этиши лозим бўлади. Германияда меросни қабул қилишдан воз кечиш судга мурожаат қилиш йўли билан ҳал этилади.
Демак Германия қонунчилиги бўйича белгиланган муддатда мерос ё қабул қилинади, ё уни қабул қилиш рад этилиши лозим.
Франция модули бўйича эса меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш мерос очилган вақтдан бошлаб 4 ой ичида расмийлаштирилиши керак.
Белгиланган муддатда мерос қабул қилинмаса ва на ундан воз кечилмаса вафот этган шахснинг кредиторлари, бошқа меросхўрлар ва тегишли давлат органлари меросхўрдан унинг тегишли қарорга келишини суд орқали талаб қилишга ҳақли ҳисобланадилар. Нима учун айнан шундай тартиб ўрнатилган? – деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечишга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш учун меросхўрга муддат берилганлигининг сабаби, вафот этган шахснинг кредиторлари ва бошқа меросхўрларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўймасликдир. Меросхўр меросни қабул қилар экан вафот эган шахснинг кредиторлари талабларини қаноатлантириши ёки меросдан воз кечиб мол-мулкни “осилиб” туришига барҳам бериши лозим бўлади. Масаланинг энг муҳим жойи ҳам ана шунда.
Бизнинг Фуқаролик кодексимизда на меросдан воз кечиш ва на уни қабул қилиш бўйича муддат белгиланмаган. Меросдан воз кечиш учун белгиланган муддат эса 2010 йилда Фуқаролик кодесининг 1147-моддасидан чиқариб ташланган. Бунинг устига вафот этган шахснинг кредиторлари ёки бошқа меросхўрлар, манфаатдор шахслар суд йўли билан меросхўрни бу масалада бир қарорга келтиришга ҳам эриша олмайдилар, чунки қонун бу имкониятни ҳам назарда тутмайди.
Мазкур Кодекс Қонунчилик палатасида муҳокама қилиниб тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан қабул қилинган даврда мен депутат эдим. Лойиҳа муҳокамаси жараёнида бир гуруҳ депутатлар таклиф қилинаётган ўзгартиришлар қабул қилинса ворислик ҳуқуқи меъёрлари моҳияти ўзгариб кетиши ва бу ҳолат охир-оқибат бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилишини айтиб, лойиҳага қарши овоз беришга чақирдик. Афсуски, қонун кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Муҳокама жараёнида Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан тушуниб-тушунмай “нотариатлар сейфлари мерос папкалари билан тўлиб кетганлиги, агар меросдан воз кечиш муддати олиб ташланса ҳеч ким ундан воз кечолмайди, мерос мулклари тезда ўз эгаларини топади”, деган жўн қарашлар билан депутатлар “ишонтирилган” эди.
Фикримизча, ўшандаёқ “чўмилтирилган чақалоқ тоғорадаги сув билан биргаликда улоқтириб бўлинган” эди. Меросни қабул қилиш ёхуд ундан воз кечиш муддатининг қонунчиликда белгиланмаганлиги фуқаролик–ҳуқуқий муносабати иштирокчилари ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда ворислик ҳуқуқи институтига жиддий путур етказиши маълум эди. Буни юқоридаги каби ўнлаб-юзлаб суд амалиёти мисолида яққол кўриш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 9-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан қонуний ҳаракат қилишлари назарда тутилган. Фикримизча, Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига ўзгартиш киритилишида мазкур меъёр тамойиллари қўпол равишда бузилган ёки лойиҳа тайёрланиши жараёнида мутахассислар билан муҳокама қилинмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунчилик ташаббусига эга бўлган субъектлар ўз ваколатлари доирасида бу хатони тузатиш мақсадида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб Қонунчилик палатасига зудлик билан киритишлари, бу орқали мерос мулкини қабул қилиш ёки ундан воз кечиш муддатларини қатъий белгилаш лозим бўлади, акс ҳолда ҳуқуқ ўзининг муносабатларни уйғунлаштиришдек муҳим функциясини бажара олмайди.
Илҳом Насриев,
Судьялар олий мактаби Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар доктори
Фикр қолдириш