ҲАҚЛИ ДАЪВО СУД ТАРТИБИДА ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ
Мамлакатимиз Конституциясида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур экани қатъий белгилаб қўйилган.
Ушбу қоида халқимизнинг миллий қадрият ва урф-одатларининг ёрқин ифодаси ҳисобланади. Фарзанд ва ота-она ўртасидаги меҳр-оқибат, яхши-ёмон кунда суянчиқ бўлиш, ғамхўрлик кўрсатиш халқимиз табиатига хос.
Айтиш керакки, юртимизда кексайган, қаровга муҳтож ота-онасига ғамхўрлик қилаётган, иссиқ-совуғидан ўз вақтида хабар олиб, уларни меҳр билан парваришлаётган юртдошларимиз жуда кўпчиликни ташкил этади.
Бироқ гуруч орасида курмак учрагани каби авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимизни унутган, кекса ота-онасини ўз ҳолига ташлаб қўйган, уларга моддий таъминот беришдан бўйин товлайдиган кимсалар ҳам оз бўлса-да, учраб туради.
Яқинда очиқ суд мажлисида гулистонлик Янгибой Хушмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) нинг даъво аризаси кўриб чиқилди.
Янгибой Хушмуродов ўз даъво аризасида фарзандлари Нажмиддин, Аслиддин, Аҳлиддин, Азмиддин ва Зуҳриддин Хушмуродовлардан моддий таъминот ундириб беришни сўраган.
Суд мажлисида маълум бўлишича, Я. Хушмуродов ҳозирда саксон ёшдан ошган. Турмуши давомида етти нафар фарзанд кўрган. Улардан бир нафари вафот этган, бир нафари қиз. Қолган беш нафар ўғил унинг ҳолидан хабар олмай қўйган. Соғлиғи яхши эмас, ҳар ойда оладиган пенсияси кундалик эҳтиёжларидан ортмайди. Шу сабабли ота фарзандларидан алимент ундиришни сўраб, судга мурожаат қилган.
Шу ўринда бу борадаги қонун талабларига эътибор қаратсак, Оила кодексининг 110-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласа, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.
Ота-она алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Оила кодексининг 136-моддасига асосан алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Суд даъво талабини муҳокама қилиб, даъвогар Янгибой Хушмуродовга ёшга доир пенсия тайинлангани, моддий ёрдамга муҳтожлиги, жавобгарлар фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётган бўлса-да, ўз ихтиёри билан отасини моддий жиҳатдан таъминламаётганини инобатга олди ва даъвогарнинг алимент ундириш ҳақидаги даъвосини асосли деб топди. Шу боис даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгарлардан Янгибой Хушмуродовнинг фойдасига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 20 фоизи миқдоридан алимент ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Шу тариқа кекса Я. Хушмуродовнинг ҳақли даъвоси суд тартибида қаноатлантирилди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ота-она фарзандини дунёга келтириб, вояга етказиш, таълим-тарбия бериш, уйли-жойли қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун беқиёс машаққат чекади. Ўз навбатида, фарзанд ҳам уларга кексайган чоғида ғамхўрлик кўрсатади, ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди. Халқимизга хос бўлган ушбу инсоний фазилат миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Инсонийлик ва фарзандлик бурчи бажарилмаганда ана шу қонун талаби ёрдам беради. Баён этилган воқеа тафсилоти бунинг ёрқин исботидир. Ундан тўғри хулоса чиқариш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.
Камол НАМОЗОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Гулистон туманлараро
суди раиси
Фикр қолдириш