ЯНГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИДА ХОДИМЛАР УЧУН ҚАНДАЙ АФЗАЛЛИКЛАР БЕЛГИЛАНГАН?
Ҳар ким меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Шахсларнинг мазкур ҳуқуқи Конституциямизда ҳам, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси нормаларида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституция нормасининг ишлашини таъминлаш, шахсларнинг бандлик ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тартибга солиш мақсадида мамлакатимизда илк бора 1995 йилда Меҳнат кодекси қабул қилинган эди. Лекин мазкур кодекс нормаларининг ҳозирги замон талабларига тўлақонли жавоб бера олмаётганлиги, ундаги баъзи нормаларнинг амалиётга татбиқ қилинишида қатор муаммолар юзага келганлиги ушбу соҳадаги муносабатларни тубдан ислоҳ қилиш заруратини юзага келтирди. Натижада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди ва мазкур лойиҳа Олий Мажлис палаталари томонидан маъқулланди. 2022 йилнинг 28 октябрь куни давлат раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Қабул қилинганидан 6 ой ўтиб, яъни 30 апрелдан бошлаб кучга кирадиган мазкур кодексда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш, уларнинг мажбуриятларини белгилашга доир кўплаб янги нормалар киритилган. Қуйида янги Меҳнат кодексида назарда тутилган ва ходимлар учун аҳамиятли бўлган бир нечта ўзгартишларни келтириб ўтамиз.
Янги Меҳнат кодексига киритилган муҳим ўзгаришларнинг аксарияти ходимларнинг дам олиш ҳуқуқи билан боғлиқ. Масалан, агар дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, дам олиш кунининг байрамдан кейинги кунга кўчирилиши белгиланди. Бундан ташқари, иш куни давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусларнинг давомийлиги ҳам қонунда кўрсатиб ўтилди ва ўттиз дақиқадан икки соатгача бўлган муддат билан чегараланди. Aмалдаги қонунчилигимиз нормаларига кўра, ушбу танаффусларнинг миқдори ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки бошқа ички локал ҳужжатларда белгиланади.
Йиллик асосий меҳнат таътиллари энг кам муддатининг давомийлиги ҳам узайтирилди. Aмалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътили ўн беш иш кунини ташкил этади. Янги Меҳнат кодексида эса, мазкур муддат йигирма бир календар куни этиб белгиланди. Чунки Меҳнат халқаро ташкилоти “Ҳақ тўланадиган таътил тўғрисида”ги конвенциясининг 3-моддасида бир йиллик иш учун бериладиган таътил миқдори ҳар қандай ҳолатда уч иш ҳафтасидан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Киритилган ушбу ўзгаришга кўра, ходимларнинг йиллик асосий таътили муддати халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Шунингдек, ходимларга йил давомида берилиши мумкин бўлган иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг муддатларига ҳам ўзгартишлар киритилди. Aмалдаги Меҳнат кодексида ходимга ҳар қандай ҳолатда ҳам бир йилда узоғи уч ойгача иш ҳақи сақланмаган таътил берилиши мумкинлиги назарда тутилган. Лекин янги Меҳнат кодекси нормаларига кўра, карантин чоралари амалга оширилаётганда, фавқулодда ҳолат жорий этилганда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходим олти ойгача иш ҳақи сақланмаган таътил олиши мумкин. Шунга алоқадор бўлган муҳим янгиликлардан яна бири ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътиллар бериш тўғрисидаги нормалар ҳам киритилди. Aмалдаги Меҳнат кодексида бундай нормалар ўз ифодасини топмаганди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, амалдаги Меҳнат кодексида юқорида келтирилган карантин ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар давридаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи нормалар ҳам йўқ. Шунинг учун юртимизда авж олган пандемия даврида ходим ва иш берувчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида анчагина муаммолар юзага келди ва мазкур соҳани ислоҳ қилиш зарурати янада яққол намоён бўлди. Янги Меҳнат кодексида масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган нормалар кўзда тутилган. Бундан ташқари, ушбу кодексда касаначилик, вахта услубида ишлаш, спортчилар, тиббиёт ходимлари, педагог ходимларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларда ва алоҳида жисмоний шахсларда ёлланиб ишлаётганларнинг меҳнат фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи нормалар ҳам акс эттирилди.
Ходимлар учун манфаатли бўлган ўзгаришлардан яна бири шундаки, эндиликда улар иш ҳақи ёки бошқа тўловларнинг тўлаш муддати кечиктирилган кунлар учун компенсация олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Мазкур пулли компенсация Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда тўланади ва унинг миқдори кечиктирилган ҳар бир кун учун ушбу қайта молиялаштириш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланди. Маълумки, ходимлар учун иш ҳақларини тўлаш муддати ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Масалан, ходимга тўланиши зарур бўлган икки миллион сўмлик иш ҳақи уч кунга кечиктирилди. Ҳозирги кунда қайта молиялаш ставкасининг миқдори ўн беш фоиз бўлиб, шундан келиб чиқадиган бўлсак, ходим маошининг ўн беш фоизи уч юз минг сўмни ташкил этади. Демак, ходимга ушбу ҳолатда ҳар бир кечиктирилган кун учун мазкур сумманинг ўн фоизи (ўттиз минг сўм) миқдорида, жами тўқсон минг сўм пуллик компенсация тўлаб берилади.
Бундан ташқари, янги Меҳнат кодексида ходимнинг иш стажига қараб ишдан бўшатиш нафақасини табақалаштириш ва бунда айнан ушбу ташкилотда ишлаган муддатини инобатга олиш назарда тутилган. Яъни ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан, уч йилдан беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан, беш йилдан ўн йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг юз фоизидан, ўн йилдан ўн беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг бир юз эллик фоизидан, ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг икки юз фоизидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Aсосий ўзгаришлардан яна бири – янги Меҳнат кодекси кучга киргандан сўнг иш берувчилар ўз ташаббусига кўра, ходимни пенсияга чиққанлиги муносабати билан ишдан бўшата олмайди. Aмалдаги Меҳнат кодекси нормаларида иш берувчининг ташаббусига кўра, камида 2 ой олдин огоҳлантирган ҳолда, ходимни қонунда назарда тутилган пенсия ёшига тўлгач, ишдан бўшатиш мумкинлиги келтирилган эди. Лекин янги Меҳнат кодексида ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан бўшатилиши мумкинлиги тўғрисидаги банд олиб ташланди. Чунки амалдаги қонунчилигимизнинг ушбу нормаси ходимнинг ёшига нисбатан камситиш сифатида баҳоланди. Зеро, амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам, янги Меҳнат кодексида ҳам ходимларнинг ишчанлик қобилиятлари ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатлари, яъни жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва бошқаларга қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмаслиги ва бу камситиш деб баҳоланиши белгиланган.
Янги Меҳнат кодексида кўзда тутилган энг муҳим ўзгаришлардан яна бири бу ходимларнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилишга қаратилган нормаларнинг киритилганлигидир. Бундан ташқари кодексда хизмат текширувлари ўтказиш тартиби, муддати, ходим ва иш берувчининг бу жараёндаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, текширув давомида ходимни ишдан четлаштириш ва унинг ўртача ойлик иш ҳақини сақлаб қолишга қаратилган нормалар ҳам келтириб ўтилган.
Хуллас, янги Меҳнат кодексида ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид кўплаб янгиликлар ўз ифодасини топди.
Наргиза Шарипова,
Тошкент давлат юридик
университети талабаси
Фикр қолдириш