ТЕРГОВДА АЙБЛАНГАН ШАХС СУДДА ОҚЛАНДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигини яна бир карра исботлади. Буни ҳар бир юртдошимиз қалбан ҳис этиб турибди.
Аввало, давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлади. Бу борада гап кетганда тергов жараёнида ва муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланаётганини эътироф этиш ўринли.
Келинг, фикрларимизнинг исботи тариқасида бир жиноят ишига эътибор қаратайлик.
Қува туманида яшовчи Хуршидбек Усубжонов 2 йилдан буён гиёҳванд моддаларни оз-оздан истеъмол қилиб келган. 2021 йил куз ойларида у қишлоқ даласидаги ариқ бўйида ёввойи ҳолдаги “наша” ўсиб чиққанини кўриб қолади. Сўнг ўсимлик баргларини териб, истеъмол қилиш учун уйига олиб келади. Уйда “наша” баргларини эзиб майдалайди ва целофон пакетга ўраб, тайёрлаб қўяди. 2022 йил 7 май куни эса туман марказида ИИБ ходимлари уни тўхтатиб текширишганда чўнтагидан гиёҳвандлик моддаси чиқади. Ушбу модда холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд-кимёвий экспертизасининг 2022 йил 8 май кунги 427-сонли хулосасида Х. Усубжоновнинг чўнтагидан олинган ўткир ҳидли ашё таркибида “тетрагидроканнабинол” мавжуд бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси бўлиб, оғирлиги 0,18 грамм эканлиги қайд этилган. Қолаверса, Хуршидбекнинг ўзига нисбатан судга оид наркологик экспертиза ўтказилади. Мазкур экспертизанинг 2022 йил 13 май кунги 254-сонли хулосасида Х. Усубжонов наркологик касалликлар билан оғримаслиги ва гиёҳвандлик касаллигидан мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги кўрсатилган.
Шундан кейин унга нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига биноан суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат Жиноят-процессуал кодекисда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим. Шу маънода айтганда, жиноят ишлари бўйича Қува туман суди мазкур ишни атрофлича ўрганиб, текшириб чиқди. Натижада, Хуршидбекнинг айбсизлиги аён бўлди.
Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги 878-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати”да “гашиш” гиёҳвандлик моддасининг 0,20 грамм ва унда ортиқ миқдори (озгинадан кўпроқ) жиноят таркибини ташкил этиши белгиланган. Айни қарор талабидан келиб чиқиб айтилса, Х. Усубжоновнинг чўнтагидан олинган ашёвий далил 0,18 грамм бўлгани боис жиноят таркибини бермайди.
Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига мувофиқ, иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим. Ана шу асосларга таянган суд Хуршидбек Усубжоновни айбсиз деб топиб, оқлади. Қолаверса, оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Бироқ Х. Усубжоновнинг 0,18 грамм оз миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасини ўзида сақлаганлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Бинобарин, суд мазкур ҳолатга тегишли тартибда баҳо бериш учун ишни Қува тумани прокурорига юборди. Бир сўз билан айтганда, баён этилган воқеа бўйича адолат қарор топди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инсон қадрини улуғлаш қонун устуворлиги ва адолат мезонига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Шу боис Президентимиз Мурожаатномасида “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак” дея таъкидлаб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни 2023 йилдаги учинчи устувор йўналиш сифатида белгилаб берди. Зеро, бу ҳамюртларимизнинг давлатга, амалдаги қонунларимизга бўлган ишончини янада оширади.
Зафаржон ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қува туман судининг раиси
Фикр қолдириш