ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИЛАНИБ БОРАЁТГАН СУД ҲОКИМИЯТИ
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартлардан биридир. Чунки инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари айнан адолатли ва мустақил суд томонидан ҳимоя қилинади.
Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнида тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта, давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга Президентимиз 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага тўхталиб ўтиб, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини қайд этди.
Шу муносабат билан 2023 йил 16 январь куни Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди.
Мазкур тарихий ҳужжатларда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Стратегия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, соҳага илғор халқаро стандартларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг 10 та йўналиши бўйича 28 та чора-тадбирлар белгилаб қўйилди.
Жумладан, уларга кўра, тергов устидан суд назоратини кучайтириш мақсадида “Хабеас корпус” институти амалиётга янада кенгроқ жорий этилади.
Кези келганда шуни айтиш керакки, тараққий этган давлатларда жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган фуқаронинг адолатли суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқини «Хабеас-корпус» деб номлаш одат тусига кирган. “Хабеас-корпус” атамаси лотинчадан олинган бўлиб, “шахсни (судга) келтириш” деган маънони англатади. 1679 йил 26 май куни инглиз парламенти томонидан қабул қилинган қонун – “Хабеас Корпус Акт” атамасидан олинган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур институтни миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаш мақсадида 2008 йилдан бошлаб судга қадар иш юритиш босқичида жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи, 2012 йилдан бошлаб айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, 2014 йилдан эса, уй қамоғини белгилаш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини ҳам фақат судьянинг санкцияси асосида амалга ошириш тартиби жорий этилган.
Бундан ташқари 2017 йил 29 мартдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан айрим қонунчилик ҳужжатларига, хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 29-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари ҳам судларга ўтказилди.
Шу сабабли Стратегияда келгусида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш, тарафларнинг ташаббусига кўра, тайинланган эҳтиёт чорасини суд томонидан юқори қийматда (жумладан, етказилган зарарга нисбатан) гаров эҳтиёт чорасига алмаштириш тартибини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланди.
Маълумки, низоларни муқобил ҳал қилиш институтини ривожлантириш, яъни айрим тоифадаги ишларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда ҳам қадимдан бирон-бир оила ёки маҳаллада низо келиб чиқадиган бўлса, ўша маҳалланинг ёши улуғ оқсоқол ва кайвонилари низолашаётган тарафларни инсофга чақириб, уларни яраштиришга, низони тинч йўл билан бартараф этишга ҳаракат қилишган ва бу амалиёт ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган.
Шу ўринда 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисида”ги қонун ушбу институтни амалиётга кенгроқ жорий этишга замин яратганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Таҳлилларга кўра, сўнгги 3 йилда фуқаролик судлари томонидан медиация тартиб-таомили қўлланилиб ва медиатив келишув бўйича кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 16 баробарга ошган.
Медиацияни қўллаш низолашаётган тарафларнинг вақти ва ресурсларини тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, низо бўйича ўзаро мақбул ечим топишга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Фармонга асосан эндиликда самарали йўналиш сифатида низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан янада кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади. Хусусан, медиация институтини қўллаш доирасини кенгайтириш ва низоларни судгача ҳал қилиш механизмлари қўлланилиши лозим бўлган фуқаролик ишлари тоифасини кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрланади.
Судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун “Электрон одил судлов” тизими жорий этилди. Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими, шунингдек, Advice.uz ҳуқуқий маълумотлар тизимининг имкониятларини кенгайтириш ҳамда фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар хизматини кўрсатувчи “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.
Шу боис илғор хорижий тажриба асосида, суд иш юритувида тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципини амалда таъминлаш имкониятлари яратилади.
Суд мажлисида тарафларга шахснинг айбли ёки айбсиз эканлигини исботлаш, далилларни тақдим қилиш учун тенг имкониятларни яратиш бўйича хорижий тажриба ўрганилади.
Бунда айбланувчининг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи амалда тўлиқ таъминланиши бўйича таъсирчан механизмлар яратиш ҳамда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар қайта кўриб чиқилиб, унинг ваколатлари кенгайтирилади, жумладан, шартнома асосида мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади.
Фармонга мувофиқ суд жараёнида айбловни фақат қонунга асосланиб, холис ва сифатли қувватлаш, суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда тергов ходимларининг амалий кўникмаларини оширишга кўмаклашиш мақсадида Бош прокуратура, вилоят, туман прокуратураларидаги тегишли бўлимлар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланмоқда.
Бунда Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан, Жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланади.
Яна бир муҳим масала, судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш мақсадида мураккаблигига кўра, ихтисослашувни талаб этадиган йўналишлар, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпуси шакллантирилади.
Бу эса, ушбу тоифадаги ишларни малакали судьялар томонидан сифатли кўрилишини ва ягона суд амалиёти шакллантирилишини таъминлайди.
Маълумки, давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга оширишни таъминлашга хизмат қилаётган маъмурий судлар фуқаролар, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.
Мисол учун 2017-2022 йилларда маъмурий судлар томонидан 87 мингдан ортиқ ариза (шикоят) кўриб чиқилиб, уларнинг 62 фоизи қаноатлантирилган. Жумладан, ҳокимларнинг 7,5 мингдан ортиқ қарорлари ноқонуний деб топилган ҳолда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Бугунги кунда давлат органлари билан муносабатларда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш айниқса, муҳимдир.
Шунинг учун ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш асосида ҳамда хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Ушбу мақсадда жорий йил якунига қадар Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Унда маъмурий суд иш юритуви принципларини кенгайтириш, маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиш ва даъво турларини аниқ белгилаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилишда, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш, маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро – аризачининг хоҳишига кўра, экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этишни белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Фармон билан тасдиқланган Ҳаракатлар дастурида суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофлик принципини янада кенгроқ жорий этиш, суд ҳокимиятининг нуфузи, мавқеи ва обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш каби муҳим чора-тадбирлар ҳам белгиланди
Албатта, ҳар қандай жамиятда адолат мезони – фуқароларининг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир.
Адолат эса, фақат мустақил суд ҳокимияти томонидан таъминланади.
Бу борада Фармонда одил судлов фаолиятига ташқи ва ички тарафдан аралашиш имкониятларини бартараф этиш чоралари кўзда тутилмоқда.
Хусусан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.
Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Хорижий амалиётга кўра, бундай нормалар Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатлар қонунчилигида мавжуд.
Амалиётда судга босим ўтказилаётгани, судьянинг дахлсизлигига таҳдид қилингани, судьянинг ишига аралашишга ҳаракат қилингани ҳақида хабарлар кенг муҳокама қилинса-да, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ҳолати бўйича юритилган жиноят ишлари ҳақида кенг жамоатчилик етарли даражада хабардор қилинмайди.
Шу муносабат билан одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартиби жорий этилиши белгилангани судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Бундан ташқари Стратегияда келгуси йилларда ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, судьялик штат бирликлари сонини босқичма-босқич ошириб бориш мақсади белгиланди. Бу эса, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, судьялар ҳамжамияти органларини шакллантириш, судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам яқин истиқболдаги устувор вазифалар бўлади.
Судьялар ҳамжамияти органларининг вазифалари, функциялари, ваколатлари ва уларнинг фаолияти механизмларини тартибга солувчи “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантиришда судьяларнинг роли ва ўрнини белгилаш мақсадида унинг бир қисмини судьялар томонидан сайлаш тартиби жорий этилиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Президентимизнинг “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш ҳамда айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш борасида асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш вазифалари ҳамда бир қатор ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар белгиланди.
Ушбу янги механизмларни жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликларини самарали тақсимлашга эришиш кўзда тутилган.
Мазкур Фармонларда белгиланган муҳим вазифаларни ҳаётга тадбиқ этилиши судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд ишларини юритишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Робахон Махмудова,
Олий суд раисининг
биринчи ўринбосари
Фикр қолдириш