ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР: МАХФИЙЛИК, ДАХЛСИЗЛИК ВА ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Бутун дунёда 2007 йилдан буён ҳар йили 28 январь – Халқаро шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш куни (Data Protection Day) сифатида нишонланади. Айрим мамлакатларда у «Махфийлик куни» (Data Privacy Day) деган ном билан ҳам аталади. Ушбу сана Интернет тармоғидан фойдаланувчилар бу борадаги одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши виртуал ва реал ҳаёт хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашишини унутмасликлари учун таъсис этилган.
Ушбу халқаро сананинг тарихи ва аҳамияти
Айни кунни нишонлаш тўғрисидаги қарор Европа Кенгашининг Вазирлар қўмитаси томонидан 2006 йил 26 апрелда қабул қилинган. Бинобарин, у Европа Кенгашининг Шахсларни шахсга доир маълумотларига автоматлаштирилган тарзда ишлов берилиши муносабати билан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенцияси қабул қилинган 1981 йил 28 январь кунига мувофиқ равишда танланган.
Ушбу Конвенция шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида мажбурият юклайдиган биринчи халқаро ҳужжат ҳисобланади. Унда, шахсий ҳаёт дахлсизлигини назарда тутган ҳолда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари белгилаб берилган. Шунингдек, “шахсга доир маълумотлар” тушунчасига аниқлик киритилган.
Шахсга доир маълумотлар – инсон ҳақидаги ҳар қандай маълумотдан иборатдир. Шахсга доир маълумотлар уч турга:
биринчидан, умумий маълумотлар;
иккинчидан, махсус маълумотлар;
учинчидан, биометрик маълумотларга бўлинади.
Умумий маълумотлар қаторига инсоннинг исм-фамилияси, паспорти ва бошқа шахсий ҳужжатларидаги қайдлар, туғилган санаси ва жойи, e-mail манзили, яшаш, ўқиш ва ишлаш жойлари, оилавий, ижтимоий ва мулкий ҳолати, қаерда таълим олгани, қайси касб эгаси экани, даромади қанчалиги каби маълумотлар киради.
Телефон рақамлари фақат эгасининг исм-фамилияси билан бирга қайд этилган ҳоллардагина шахсга доир маълумотлар тоифасига киради.
Транспорт воситасининг давлат рақами, коммунал-тураржой хўжалигининг ҳисоб рақами кабилар шахсга доир маълумот ҳисобланмайди. Чунки улардан биринчиси бевосита автомобилга тегишли бўлса, иккинчиси уй-жойга тааллуқлидир.
Махсус маълумотлар деганда, шахснинг ирқий ва миллий мансублиги, сиёсий, диний ва фалсафий қарашлари, соғлигининг ҳолати, шунингдек, маиший ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар тушунилади.
Биометрик маълумотлар – инсоннинг шахсини аниқлаш имконини берадиган физиологик ва биологик хусусиятга эга шахсий маълумотлардир. Масалан, шахснинг ДНКси, овози, кўз қорачиғи, бармоқ излари, юз қиёфаси, бўйи, вазни билан боғлиқ маълумотлар шулар жумласига киради.
Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш деганда, нималар англашилади?
Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш – шахсга доир маълумотларга нисбатан амалга ошириладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзида қамрайди. Шахсга доир маълумотларни:
• тўплаш;
• ёзиш;
• тизимлаштириш;
• жамғариш;
• сақлаш;
• аниқлаштириш – янгилаш ва ўзгартиришлар киритиш;
• кўчирма олиш;
• фойдаланиш;
• узатиш, яъни тарқатиш, тақдим этиш, танишиш имконини яратиш;
• шунингдек, шахссизлантириш;
• блоклаш;
• ўчириб ташлаш;
• йўқ қилиш шулар жумласидандир.
Мисол учун иш берувчи ўз ходими билан меҳнат шартномасини тузиши асносида кадрлар бўлимида ўша ходимнинг шахсий ҳужжатларидан нусхалар жамланган жилд юзага келади. Демак, иш берувчи шахсга доир маълумотларни тўплаш, ёзиш ва сақлаш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширади.
Иш берувчи ўз ходимининг ташриф қоғозига буюртма бериш учун унинг шахсга доир маълумотларни босмахонага юборди, дейлик. Бунда у шахсга доир маълумотларни узатган бўлади.
Яна бир мисол: сотувчи харидорларга оид маълумотлар жамланган ҳужжатларни ёқиб юборар экан, шахсга доир маълумотларни йўқ қилади.
Ёки бўлмаса, сотувчи ва харидор Интернет орқали маҳсулот савдоси жараёнида сайт эгасига ўзларининг шахсга доир маълумотлари – исм-фамилия, манзил, почта ва телефон рақамларини тақдим этганига тўхталайлик. Бу маълумотлар ўша сайтнинг электрон хотирасида сақланади – демак, сайт эгаси шахсга доир маълумотларни йиғиш, ёзиш ва сақлаш билан шуғулланган.
Ушбу мисоллардан яна бир оддий ҳақиқат аён бўлмоқда. Яъни шахсга доир маълумотлар нафақат қоғоз, балки электрон манбаларда ҳам сақланиши мумкин.
Хулоса сифатида айтганда, бугунги глобаллашув жараёнларида шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айрим оммавий ахборот воситалари ёки баъзи бир блогерлар шахснинг обрўси, шаъни ва қадр-қимматини туширадиган ахборот тарқатгани учун суд олдида жавобгар бўлаётгани ҳам статистик маълумотларда кўриниб қолмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамиятга эгалигидан далолатдир. Шу боис айни соҳага оид қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш ва унинг мазмун-моҳиятини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб этиш зарур.
Ғулом МИРЗО
Фикр қолдириш