БАХТЛИ ОИЛА – ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ
Жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилада эркак ва аёлга ўзига яраша масъулият, бурч ва вазифалар юклатилган. Айнан оила умримизга мазмун, ҳаётимизга файз бағишлаб, жамият равнақи ва юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Зеро, соғлом муҳит барқарор бўлган оилаларда соғлом ва юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатадиган фарзандлар камол топади. Аммо ҳаётда ўз оиласи олдидаги масъулияти, бурч ва вазифаларини унутган кимсалар ҳам учраб туради.
Мисол учун айтадиган бўлсак, қаршилик Лазиз Валиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида, айни навқирон вақтида ўзидан 7 ёш кичик бўлган, бувисининг уйида вояга етган Камола Ўринова билан турмуш қуради.
Улар дастлаб тинч-тотув яшашди. Ҳамма воқеа Камола қиз фарзандли бўлгач, бошланди. Дастлаб Л. Валиев арзимас сабаблар билан жанжал чиқаришни одат қилади. Бу орада фарзандининг тоби қочгани Л. Валиев учун яна бир баҳона бўлади. У К. Ўриновани уриб, камситиб, уйдан ҳайдаб юборади. К. Ўринова бувисининг уйига боргач, фарзандини касалхонага олиб борганини эшитган Л. Валиев “Қизимни сенлар касал қилгансанлар!” — деб турмуш ўртоғини кўпчилик олдида ҳақорат қилгани етмагандек, унга қўл ҳам кўтаради. Шундан сўнг улар ўртасидаги низо маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокама қилиниб, ёш оила яраштириб қўйилади.
Афсуски, Л. Валиевнинг оиласига, фарзандининг тақдирига нисбатан муносабати ўзгармайди. У ўз қилмишларини давом эттириб, К. Ўриновани уриб, жисмоний азоб беришдан ўзини тиймайди.
Охир-оқибат К. Ўринова яна маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилади ва маҳалланинг аралашуви билан ёш оила яраштириб қўйилади.
Аммо бундай жанжаллар шундан сўнг ҳам давом этиб, ҳар сафар айнан маҳалланинг аралашуви билан Л. Валиев ва К. Ўринова муросага келтириб қўйилади.
Л. Валиев турмуш ўртоғи иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганидан сўнг ҳам қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олиш, оила бошлиғи, оталик маъсулияти ҳақида ўйлаб кўрмайди. К. Ўриновани мутассил ҳақоратлаб, камситиб, жисмоний куч ишлатиб, азоб бериб келади.
Охир-оқибат унинг қилмишларига чидай олмаган К. Ўринова ўз жонига қасд қилади.
Суд Л. Валиевни Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “а”, “б” банди билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хотин-қизларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик, руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказилаётгани билан боғлиқ хабарлар кўпчиликни ташвишга солмоқда.
Тўғри, бу тоифадаги жиноятлар учун жазо муқаррарлигини амалда таъминлаш мақсадида Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритилиб, жазо чоралари кучайтирилди. Бироқ амалиёт фақат жазо чораларини қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этмаслик, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби олижаноб фазилатларни сингдириш, фуқароларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган профилактика ва маърифий тадбирларни изчиллик билан амалга ошириш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бу эса, барчамиздан сергаклик, ҳушёрлик, ён-атрофимиздаги воқеаларга бефарқ бўлмасликни тақозо қилади. Шу мақсадда тарғиботнинг энг таъсирчан воситаси бўлган матбуот ва оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла, таълим, ўқув муассасалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, жамғармалар, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари имкониятларидан унумли фойдаланиш, эзгу мақсад йўлида жамиятимиздаги барча куч ва имкониятларни мувофиқлаштириш лозим. Зеро, мамлакатимиздаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — шу юртда яшаётган ҳар бир инсонинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш ҳамда унинг учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборатдир.
Шаҳзод Бахтиёров,
Қашқадарё вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш