СУД ЖАРИМАЛАРИ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ
Аввало шуни айтиш керакки, фуқаролик суд ишларини юритиш жараёнида процесс иштирокчилари ва фуқаролик ишига алоқадор бошқа шахслар ҳам суд томонидан жаримага тортилиши мумкин. Процессуал тартибда иш юритиш усулларидан бири бўлган суд жаримасининг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтиш фойдадан ҳоли эмас.
Суд томонидан жарима қўллашдан кўзланган асосий мақсад — судда фуқаролик ишларини ўз вақтида ва тўғри кўрилишини таъминлашдан иборат. Бунда суд процессида белгиланган тартибни сақлаш ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз зиммаларидаги процессуал бурчларни бажаришига эришиш кўзда тутилади.
Суд жарималари давлат ҳисобига ундирилади. Суд процесси иштирокчилари ҳамда процессга жалб этилган бошқа шахслар томонидан тартиб-интизомга риоя қилинишини таъминлаш ва шу орқали фуқаро ва ташкилотларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу чоранинг аҳамияти катта.
Фуқаролик процессуал қонунчилигига кўра, суд жарималари тегишли суд томонидан ажрим чиқариш орқали амалга оширилади. Судья томонидан қўлланиладиган жариманинг миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ошмаслиги керак.
Жарима қўлланилган шахс суддан жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтиришни суд ажримининг кўчирма нусхасини олганидан сўнг беш кун ичида илтимос қилиши мумкин. Бу ариза жарима солинган шахсни хабардор қилган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади.
Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, аввалги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексда фуқаролик процесси иштирокчиларини судга мажбурий келтириш мақсадида процессуал мажбурлов чорасини қўллаш ҳақида алоҳида норма мавжуд эмас эди. Гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатма бергани, суд узрсиз деб топган сабабларга кўра, кўрсатма беришни рад этгани ёки ундан бўйин товлагани учун Жиноят кодексининг 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланганди.
Шунингдек, кодексда гувоҳга нисбатан мажбурий келтириш процессуал мажбурлов чоралари қўлланиши ҳам назарда тутилмаган эди. Гарчи гувоҳнинг кўрсатмалари ҳал қилув қарори қабул қилишда катта таъсир кўрсатса ҳам, аввалги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексда гувоҳга нисбатан суд жаримасини қўллаш қайд этилмаганди.
Шуни айтиш керакки, суд жарималари янги қабул қилинган Фуқаролик процессуал кодексга мувофиқ қуйидаги шахслардан ҳам ундирилади.
Масалан, Фуқаролик процессуал кодекснинг 60, 62, 86, 92, 110-моддаларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан жарималар қўллаш асослари ва уларнинг миқдори кўрсатилган.
Хусусан, суд томонидан ишда иштирок этмаётган ташкилот ёки фуқароларга ҳам, агар ташкилот ёки фуқаролар томонидан суд талаб қилаётган ёзма ёки ашёвий далиллар судга тақдим этилмаса ёки узрли сабаблар мавжуд эканлиги маълум қилинмаса, Фуқаролик процессуал кодекснинг 146-моддаси бўйича жарима қўлланиши мумкин. Аҳамиятли жиҳати шундаки, жарима жазоси қўлланиши фуқаро ёки ташкилотнинг мажбуриятни бажаришдан, яъни ёзма ёки ашёвий далилларни тақдим этишдан озод қилмайди.
Суд жарималари эксперт ёки мутахассисларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин. Масалан, агар эксперт суд узрсиз деб топган сабабларга кўра, суд чақируви бўйича келмаса, унга нисбатан жарима қўлланилади.
Ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд томонидан қўлланилган жарималар уларнинг шахсий маблағи ҳисобидан ундирилади.
Суд томонидан жарима қўллаш тўғрисидаги ажрим чиқарилгач, унинг нусхаси дарҳол айбдор шахсга юборилади. Суднинг жарима қўллаш тўғрисидаги ажрими устидан ўн кунлик муддат ичида хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
Фуқаролик процессуал кодекснинг 148-моддасига кўра, фуқаролик судлари томонидан белгиланган жарима миқдорини камайтиришни ёки бутунлай озод қилишни сўраб, суд ажрими чиқарилган кундан эътиборан беш кун ичида илтимос қилиш мумкин ва ушбу илтимоснома, шахсни хабардор қилган ҳолда, суд мажлисида кўриб чиқилади. Бундай вазиятда аризачининг судга келиш ёки келмаслиги аҳамиятга эга эмас.
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексда ёзма далилларни тақдим этиш мажбуриятини бажармаган шахсларга нисбатан ҳам жарима жазоси қўлланиши белгиланган.
Ашёвий далиллар деганда, ишни ҳал қилиш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш воситаси сифатида хизмат қиладиган нарсалар тушунилади.
Ашёвий далиллар суд томонидан кўздан кечирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга, вакилларга, зарур ҳолларда эксперт ва гувоҳларга тақдим этилади.
Ашёвий далилларни аниқлашда фан, санъат, техника ёки ҳунар соҳасида махсус билим талаб қилинган ҳолларда, ашёвий далиллар суд экспертизасининг текшириш предмети бўлиши мумкин.
Демак, фуқаролик ишини қонуний ва асосли ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлган ашёвий далилларни суд ёки суд томонидан белгиланган шахсга бермаслик тегишли тартибда жарима қўлланишига сабаб бўлади ва жарима шахсни мажбуриятини бажаришидан озод қилмайди. Бундан ташқари даъвони таъминлаш чораларига риоя қилинмагани учун ҳам жарима қўлланиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтганда, суд томонидан қўлланилган жарималар процесс иштирокчилари ҳамда процессга жалб этилган бошқа шахслар томонидан тартиб-интизомга риоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Қолаверса, шу орқали фуқаро ва ташкилотларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни назарда тутади.
Асал Хайрулина,
Тошкент давлат юридик
университети ўқитувчиси
Фикр қолдириш