АДОЛАТЛИ ЖАЗО ҚОНУН ВА СУДГА БЎЛГАН ИШОНЧНИ ЯНАДА ОШИРАДИ

Қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончи ҳимоя қилиш одил судловнинг асосий мезони ҳисобланади.

Айтиш керакки, одил судловни таъминлаш, адолатни қарор топтириш моҳият-эътибори билан одамларнинг суд тизимига бўлган ишончи ва ҳурматини янада оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, суднинг адолатли жазо тайинлагани судланувчиларнинг тўғри йўлни топиб олишига имкон яратаётганига амин бўламиз.

Булунғурлик Рамазон Аҳмадқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Жиззах шаҳрига борганида бозорда тасодифан Турсунқул Хўжаниёзов деган одам билан танишиб қолади. Турсунқул талабгорларни Жанубий Корея давлатига ишга жўнатиш билан шуғулланишини, кўпчиликка бу масалада ёрдами текканлигини айтиб, уни қизиқтириб қўяди.

Р. Аҳмадқулов анчадан буён ўғли Алишерни хорижга ишга жўнатиш ниятида юрган эди. Янги таниши унинг кўнглида умид уйғотди. У Т. Хўжаниёзовдан ўғли билан яна бир қариндошини хорижга ишга юбориш учун ёрдам беришини илтимос қилади.

Эртаси куни Р. Аҳмадқулов Т. Хўжаниёзовнинг олдига ўғли Алишер билан қариндоши Мирмуҳсинни эргаштириб боради. Йигитлар билан танишган Турсунқул уларнинг олдида Нуриддин Қўчқоров деган одам билан телефон орқали гаплашади. “Икки кишини Жанубий Кореяга юборишимиз керак”, дейди у. Нариги томондан эса, “эртага Тошкентга келинглар, шу ерда гаплашиб оламиз”, деган жавоб эшитилади.

Буни эшитиб, Рамазон ака Турсунқулдан ким билан гаплашганини сўрайди. У эса, талабгорларни хорижга ишга Нуриддин Қўчқоров орқали юбораётганини айтади.

Орадан икки кун ўтгач, Т. Хўжаниёзов уларни Тошкентга олиб боради. Н. Қўчқоров эса, уларни уч ой ичида Жанубий Кореяга ишга жўнатиб юборишга ваъда беради.

– Хорижга ишга боришнинг ўзи бўлмайди, – дея гапида давом этади Н. Қўчқоров. – Бунинг учун ҳар бир киши 6 минг АҚШ долларидан тўловни амалга ошириши керак. Бу маблағнинг ярмини олдиндан, қолганини жўнаб кетаётганда бериш керак…

Аслида Н. Қўчқоров ва Т. Хўжаниёзов одамларни чет элга ишга юбориш ваколатига эга бўлмаса-да, ўзаро жиноий тил бириктириб, жабрланувчиларнинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали А. Аҳмадқуловнинг 3 минг 500, М. Файзибоевнинг 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағини қўлга киритишади. Аммо орадан анча вақт ўтса-да, уларнинг ваъдаси ваъдалигича қолиб кетади. Охир-оқибат жабрланувчилар фирибгарларга чув тушишганини англаб етгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилишади.

Дастлабки тергов органи томонидан Н. Қўчқоров ва Т. Хўжаниёзов Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилади.

Судда жиноят ишини мазмунан кўриш жараёнида судланувчи Н. Қўчқоров ва Т. Хўжаниёзов жабрланувчилардан олаётган пулни бирор-бир юқори лавозимда ишловчи шахсга бериши тўғрисида айтмагани маълум бўлди.

Жабрланувчилар А. Аҳмадқулов ва М. Файзибоев ҳам берилган пул қонун доирасида тўлов қилинишига ишонгани, бошқа бирор-бир мансабдор шахсга берилиши айтилмаганини қайд этишди. Қолаверса, иш ҳужжатларида ҳам Н. Қўчқоров ва Т. Хўжаниёзовнинг жабрланувчиларни мансабдор шахсга пора беришга далолат қилганини тасдиқловчи бирон-бир далил мавжуд эмас.

Айтиш керакки, тергов органи томонидан судланувчиларнинг ҳаракатларини малакалашда уларнинг мансабдор шахсга пора беришга далолат қилмаганлик важлари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилмаган. Яъни судланувчиларни ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланмаган. Натижада асоссиз равишда судланувчиларга Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 2-қисми “а” бандида белгиланган жиноятни содир этганлик айби эълон қилинган.

Амалдаги Жиноят кодексининг 211-моддасига кўра, пора бериш объектив томондан давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахс­нинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этишдан иборат.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли қарори 16-бандида “айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим” дея қайд этилган. Ушбу қарорнинг 26-бандида “Эълон қилинган айбловнинг (айблов эпизодларининг) бир қисми судда ўз тасдиғини топмаган тақдирда, айблов ҳукмининг тавсиф қисмида судланувчининг эълон қилинган айблов қисми бўйича оқланиши сабаблари келтирилади. Ҳукмнинг қарор қисмида, суд шахсни эълон қилинган айблов қисми (эпизодлари) бўйича оқлаш тўғрисидаги қарорни қонуннинг аниқ нормаларига ҳавола қилган ҳолда чиқаради”, деган раҳбарий тушунтириш берилган.

Суд қонун ва Олий суд Пленуми қарори талабларидан келиб чиқиб, судланувчи Н. Қўчқоров ва Т. Хўжаниёзовнинг ҳаракатида Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноят таркиби мавжуд эмас, деган тўхтамга келди. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан Н. Қўчқоров ва Т. Хўжаниёзов айбсиз деб топилди.

Суд Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда Н. Қўчқоровга икки йил олти ой, Т. Хўжаниёзовга эса, икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Шу ўринда судда судланувчилар ўзларига қўйилган айбловлардан қаттиқ хавотирга тушишганини айтиб ўтиш зарур. Чунки улар буни судда алоҳида таъкид­лашди. Уларнинг бу хавотири оила аъзолари ва яқинларини ҳам четлаб ўтмаган. Бу бежиз эмас, албатта. Агар судланувчилар Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланиб, ҳукм қилинганида оиласи, вояга етмаган фарзандларидан олисда умрининг беш йилидан ўн йилигача муддатни совуқ темир панжара ортида ўтказишга мажбур бўлар эди.

Қонунчилигимизда инсонпарварлик ва халқчиллик тамойилига кенг ўрин берилгани, суднинг одиллик мезонига таянгани, жабрланувчиларга етказилган зарар ўрни судланувчилар томонидан қоплангани сабабли энди Н. Қўчқоров ва Т. Хўжаниёзов ахлоқ тузатиш жазосини оиласи бағрида туриб ўташи мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, инсонпарварлик сиёсати ва одил судлов мезони билиб-билмай жиноятга қўл урган одамларнинг кўнглига хотиржамлик ва илиқлик улашмоқда. Бинобарин, суд томонидан тайинланган адолатли жазо судланувчилар ва уларнинг яқинлари кўнглидаги ҳадик-хавотирга бутунлай барҳам бериши баробарида қонун ва одил судловга нисбатан ҳурмат уйғотиши тайин.

Илҳом ҚОРАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Янгиобод тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: