ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ
Маълумки, ҳаётда жиноий қилмишларни содир этилишига одатда, кимнингдир нафс қутқусига учиши, қонун талабларига беписанд муносабати ва ўзгалар ҳуқуқини ҳурмат қилмаслик каби иллатлар сабаб бўлади.
Буни Учкўприк туманида яшовчи Илҳом Қўчқоров, Мўйдин Мингбоев, Дилмурод Аминов, Шермуҳаммад Собиталиев ва Мадумар Очилдиев (исм-шарифлар ўзгартирилган)лар қилмиши мисолида ҳам кўриш мумкин.
Гап шундаки, И. Қўчқоров, М. Мингбоев ва Д. Аминов 2022 йил 20 апрель куни кечқурун маҳала ҳудудида айланиб юришганда, кўча бошида – ҳеч ким яшамайдиган ҳовли дарвозаси олдида “Некия-2” русумли автомашина турганига кўзлари тушади. Кейин улар автомашина кимга тегишли экан, деган қизиқиш билан унинг деразаси орқали ичига қарашади. Аммо автомашина ичида ҳеч ким йўқ эди.
— Яхшиси, шу ерда кутиб турайлик, эгаси келса, автомашина кимники эканини билиб оламиз, — деди М. Мингбоев.
Шундан сўнг уччовлон ўша ерда ўзаро суҳбатлашиб, кутиб туришади.
Орадан кўп ўтмай бошқа бир автомашина келиб тўхтайди ва ундан уларнинг таниши Шермуҳаммад Собиталиев тушади.
— Ҳа, тинчликми, нима қиляпсизлар?! Бу машина кимники?, — деб сўрайди у салом-аликдан сўнг.
— Биз ҳам шуни билиш учун эгаси келишини кутиб турибмиз, — дейди Илҳомжон Қўчқоров.
Орадан чамаси, бир соатларча вақт ўтгач, нотаниш бир йигит келиб, автомашинага ўтиради. Шунда тўрттовлон унинг олдига бориб, ким экани, бу маҳаллага қандай юмуш билан келганини сўрашади.
— Шифокорман, шу маҳаллада Аҳрор исмли танишим яшайди, у билан кўришгани келгандим, — дейди у ва исми Мақсуд эканини айтади.
Чиндан ҳам, унинг исм-шарифи Мақсуд Бегимқулов эди. Аммо у Аҳрор деган танишим билан кўришгани келгандим, дея ёлғон гапирганди. Аслида у шу маҳаллада яшайдиган Шаҳодат Ҳамидова билан пинҳона учрашиб юрарди.
— Бизни алдама, — деди Ш. Собиталиев жаҳли чиқиб. – Бу маҳаллада Аҳрор деган одам яшамайди.
Шундан сўнг Ш. Собиталиев ҳудуд профилактика инспекторининг телефон рақамини олиш мақсадида таниши М. Очилдиевга қўнғироқ қилади.
Бинобарин, бироздан сўнг М. Очилдиев етиб келади. Шунда И. Қўчқоров билан Ш. Собиталиев ёлғон гапиргани сабабли М. Бегимқуловга бир-икки мушт уришади. Лекин М. Бегимқулов “лом-лим” деб оғиз очмайди. Бундан баттар жаҳли чиққан И. Қўчқоров уни тепиб юборади. Ш. Собиталиев эса, унинг қўлидан уяли телефонини тортиб олади.
— Махфий кодини териб, телефонни очиб бер! — дея ўшқиради у.
Аммо М. Бегимқулов бунга рози бўлмайди. Шу тариқа орадан яна икки соатча вақт ўтади. Кейин эса, Ш. Собиталиев М. Бегимқуловни баттар сиқувга олади. Ноилож қолган М. Бегимқулов уяли телефони кодини айтишга мажбур бўлади.
Буни қарангки, Ш. Собиталиев телефон аппаратини кўздан кечираётиб, “меҳмон”нинг “сир”ини билиб олади. Яъни телефонда М. Бегимқуловнинг шу маҳаллада яшайдиган Ш. Ҳамидова билан Телеграм орқали амалга оширилган ишқий ёзишмаси, “SMS” хабарлари, шунингдек, аёлнинг беҳаёларча тушган фотосуратлари бор эди.
Буни кўриб, ғазаби қайнаган И. Қўчқоров М. Бегимқуловни яна уриб кетади. Кейин эса, улар М. Бегимқуловнинг телефонидаги ёзишмалар, фотосурат ва хабарларни Мўйдинжон Мингбоевнинг уяли телефонига кўчириб олишади.
Шундан сўнг улар очиқ-ойдин товламачилик йўлига ўтишади. Аниқроқ айтганда, Ш. Собиталиев М. Бегимқуловга “сир”ни ошкор қилмаслик, яъни телефонидаги Ш. Ҳамидованинг ярим-яланғоч фотосуратлари ҳамда ёзишмаларини ҳеч кимга кўрсатмаслик эвазига ўзи, И. Қўчқоров, М. Мингбоев, Д. Аминов ва М. Очилдиевга 100 АҚШ долларидан, жами 500 АҚШ доллари беришни талаб қилади. Аммо М. Бегимқулов 500 АҚШ доллари миқдорида маблағи йўқ экани, фақат 200 АҚШ доллари бериши мумкинлигини айтади. Сўнг у гаров тариқасида уларга автомашинасининг ҳужжатларини қолдиради.
Эртаси кун, яъни 2022 йил 21 апрелда Ш. Собиталиев ва И. Қўчқоров туманининг Қанғил қишлоғида М.Бегимқулов билан учрашишади ва 200 АҚШ долларини олиб, гаровдаги ҳужжатларни қайтариб беришади.
Хорижий валютани эса, “Халқ банки”нинг Учкўприк тумани филиалида 2 200 000 сўмга алмаштириб, пулни ўзаро тақсимлаб олишади. Аммо ҳақиқий можаро шундан сўнг бошланди. Яъни М. Мингбоев телефонига кўчириб олган ҳалиги фотосурат, ёзишма ҳамда хабарларни танишлари И. Холдоров ва Э. Ҳайитовнинг уяли алоқа телефонига юборади. Мазкур воқеадан, аниқроғи, товламачилик жиноятидан хабардор бўлган М. Очилдиев эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бермайди.
Лекин орадан бир неча кун ўтиб, М. Бегимқулов юқоридаги товламачилик юзасидан туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилади. Шу боис ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани суди товламачиларни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик), 141-1-моддаси 2-қисми “б” банди (ғаразли ниятларда шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), М. Очилдиевни эса, кодекснинг 241-моддаси 1-қисми (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.
Албатта, жиноятчининг тегишли жазога маҳкум этилиши бу – қонун талаби. Шунга кўра, айбдорлар тегишли жазосини олди.
Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, М. Бегимқуловнинг хатти-ҳаракатини ҳам оқлаб бўлмайди. Унинг гулдек оиласи, фарзандлари бор.
Аммо у бунга қарамай турмуш ўртоғига хиёнат қилиши, оила деган муқаддас масканни топташини қандай изоҳлаш мумкин?!
Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ҳаётда нотўғри ташланган қадам, инсоф-диёнатни унутиш, турли хил иллатларга рўжу қўйиш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Аксинча, эрта ё кеч ошкор бўлиб, юзшувитликка олиб келади.
Аброр ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Учкўприк тумани суди раиси
Фикр қолдириш