ОДИЛ СУДЛОВ ШАРТИ СУД МУСТАҚИЛЛИГИ ВА СУДЬЯ ДАХЛСИЗЛИГИГА БЕВОСИТА БОҒЛИҚ

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров билан суҳбат

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган туб ўзгаришлар шулар жумласидандир. Бу борада ҳам Судьялар олий кенгашининг ўз ўрни ва аҳамияти бор.

— Холмўмин Буврабоевич, суҳбатимиз бошида Судьялар олий кенгашининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоби ва жорий йилдаги янги режалари ҳақида тўхталсангиз.

— Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом этмоқда. Ўтган беш-олти йилда тизимда озмунча ишлар қилингани йўқ, натижалар ҳам кўп куттирмаяпти. Бироқ амалга ошириш лозим бўлган ишлар ҳам етарли.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг яқинда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари қабул қилинди.

Олдинда мазкур фармонларнинг сифатли ижросини таъминлаш вазифаси турибди. Бу ҳар биримиздан алоҳида масъулият, фидойилик ва ғайрат-шижоат талаб қилади. Айни жараёнда судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

— Судьяларнинг мус­тақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш масаласини тилга олдингиз. Кенгаш бу борада ваколати доирасида муайян ишларни амалга ошириб келаётганидан жамоатчилик яхши хабардор.

— Албатта, Кенгаш судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини ҳимоя қилиш йўналишида ваколати доирасида қатор таъсирчан ишларни амалга ошириб келмоқда. 2022 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 2 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, натижалари бўйича Бош прокурорга киритилган тақдимномаларга асосан 1 та жиноят иши қўзғатилди. Бундан ташқари халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг судларга турли вазифалар юклаш ҳақидаги 14 та қарори бекор қилинди.

Шу кунларда яна учта ҳолат бўйича судьялар дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш борасида Бош прокуратурага тақдимнома киритилди. Юқорида тилга олинган фармонлар бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга мустаҳкам замин яратади. Айни пайтда мазкур фармонлар ижросини таъминлаш мақсадида судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда суд ишларини соддалаштириш, судьяларни ўзига хос бўлмаган қўшимча ишлардан халос қилиш, бунинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш бўйича ҳам таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда.

— Профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш йўналишида-чи?

— Судьялик лавозимларига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёни очиқ танлов ва муқобиллик асосида ўтказилаётганидан хабардорсиз. Очиқ танловларда жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари мунтазам иштирок этиб келмоқда. 2022 йилда очиқ танловлар асосида 459 нафар судьялик лавозимига тайинловлар амалга оширилди. Тайинланганларнинг 71 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи 5 йиллик, 169 нафари 10 йиллик, 2 нафари муддатсиз даврига, 210 нафари ваколати муддатига қайта тайинланди. Жорий йил 1 февраль ҳолатига кўра, суд тизимида вакант ўринлар сони 14 тани ташкил этди, ўтган (2022 йил) йили бу пайтда бўш судьялик лавозимлари сони 145 та эди.

— Тизимда хотин-қизлар улуши ҳам анча ортиб бормоқда.

— Албатта, айни пайтда тизимда аёл судьялар 179 нафарни ташкил этади, шундан 25 нафари раҳбар судьялик лавозимларида фаолият юритмоқда.

— Илк бор судьялик лавозимига тайинланганлар-чи?

— Агар Судьялар олий мактаби битирувчиларини назарда тутаётган бўлсангиз, ўтган йили 75 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 59 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди. Жорий ўқув йилида Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимига тайёрлаш курсларида 138 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Яқин келажакда улар орасидан муносиблари судьялар корпусини тўлдириши кутилмоқда.

Умуман, Судьялар олий мактаби фаолияти бошлангандан буён ушбу даргоҳнинг судьялик лавозимига тайёрлаш курсларида таҳсил олган 207 нафар номзоддан 179 нафари лавозимга тайинланган.

— Илк бор судьялик лавозимига тайинланганларнинг умумий сони қанча?

— Саволингиз кенгроқ жавоб талаб қилади. Айни пайтда судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланганлар 480 нафарга (36,8 фоиз) етди. Ўн йиллик муддатга тайинланганлар 775 нафарни (59,3 фоиз), муддатсиз даврга тайинланганлар (сайланганлар) ҳамкасбларимиз эса, 50 нафарни (3,8 фоиз) ташкил қилади.

— Тайинловлар ҳақида гап кетганда ваколати муддатидан илгари тугатилган судьялар ҳақида сўз очмасликнинг иложи йўқ. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Бу мавзуда гапириш оғриқли. Катта ишонч ва умидлар билан судьяликка тайинланса-ю ишонч оқланмаса… Ўз хоҳишига кўра ёки бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилганларни тушуниш мумкин. Бироқ одил судловни амалга оширишда қонунийликни ёки Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани сабабли айрим судьяларнинг лавозимидан озод қилиниши тизим учун оғриқли масала.

Ўтган йили 58 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди.

Улардан 2 нафари вафот этгани, 2 нафари бошқа ишга ўтгани, 30 нафари аризасига биноан, қолганларини эса, минг таассуф, судьялик қасамёди ва одобини бузганлиги боис тизимдан четлатишга тўғри келди…

— Гап судьялик масъулиятига бориб тақаляпти. Судья қандай бўлиши кераклиги маълум. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: “Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик устувор бўлиши лозим”.

— Ҳақ гап. Бунга эришиш учун қонунларни мукаммал билишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун судья ўз маънавий дунё­сини бойитиш устида доимий изланиши лозим. Чунки адолат ва маънавият доим ёнма-ён туради. Маънавий юксалиш орқали ирода тобланади. Бу судья учун ўта муҳим сифат. Маънан юксак шахсгина лавозим ва ваколатни имтиёз эмас, масъулият эканини теран ҳис қилади, ўз виждони олдида ҳисоб беришни ўрганади. Масъулият чуқур ҳис этилган жойда адолатга озор етмайди.

Судья бирор-бир ишни кўриб ҳукм ёки қарор чиқарар экан, қабул қилаётган суд ҳужжати инсон тақдири билан боғлиқ эканини доимо ёдда тутиши лозим. Шундай экан, судья “ишни бугун бўлмаса, эртага кўраман ёки хато қилсам, юқори инстанция суди тузатар, иш кўп жойда хатоликлар бўлади-да”, деган хаёлга боришига ҳаққи йўқ. Кенгаш ташаббуси билан “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби нашр этилиб, ҳар бир судьяга тақдим этилгани сабаби ҳам шунда.

— Кенгаш томонидан бу борада амалга оширилган ишлар билан суҳбатимизни давом эттирсак.

— Ўтган йили Кенгаш судьялар масъулиятини ошириш борасида қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Яъни вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судлар судьяларининг малака ҳайъатлари қошида Судьялар одоб комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ишга туширилиб, 900 нафардан зиёд судьялар психологик тестдан ўтди. Психологик тест натижаларидан келиб чиқиб, жойларда психологик тренинглар ўтказилмоқда. Бундай ишлар, албатта, судья масъулиятини янада ошириш, уларнинг осон бўлмаган фаолиятига кўмаклашувчи чоралар сирасига киради. Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Ўтган йилги натижалардан келиб чиқиб, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган 20 нафар судья «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланди. Рейтинг баллари – судьяларимиз учун ойна. Масъулиятни теран ҳис қилиб, яхши ишласа, мана шундай рағбатлантирилади. Шунингдек Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида узоқ йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган 107 нафар судья ҳамда нафақадаги устозлар “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Суд фахрийларининг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоблар, ҳужжатли фильмлар тасвирга олиниб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқдаки, булар ёш судьялар учун ибрат мактаби бўлиши шубҳасиз. Рейтинг натижаларига қайтсак, унга кўра, ўтган йили 646 нафар судьянинг фаолияти “намунали”, 339 нафар судьянинг фаолияти “яхши”, 141 нафар судьянинг фаолияти ”қониқарли”, деб баҳоланди. Бу ёмон кўрсатгич эмас. Фаолият кўрсаткичи қониқарсиз (56 баллдан паст) 30 нафар судьянинг малакасини ошириш бўйича эса, комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

— Кенгаш томонидан судьялар касбий билимини ошириш, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулар ҳақида ҳам батафсил тўхталсангиз.

— Мавзуни давом эттирсак, Кенгаш ташаббуси билан «Судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги: суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари» қўлланмаси нашр қилинди. Судьяларнинг касбий билимини ошириш, ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида “Халқаро ҳуқуқ нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши”, “Судлар фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари” қўлланмалари (ушбу қўлланма тегишли вазирлик қарори билан олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик сифатида ҳам тавсия этилди), тадбиркорлик фаолиятини билан шуғулланаётган фуқаролар учун «Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида» амалий қўлланмаси, судьялар учун ибрат мактабини яратиш мақсадида “Уч машҳур ўзбек аёли” ва «Муносиб яшамоқ бахти» номли бадиий-публицистик тўпламлар чоп этилди.

— 2022 йил яна нимаси билан эсда қолди?

— Ўтган йили Канаданинг Оттава шаҳрида бўлиб ўтган Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) халқаро конференциясида вакилларимиз иштирок этиб, кадрларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш борасида амалга оширилган ишлар, хусусан, Кенгашнинг бу борадаги фаолиятини рақамлаштириш орқали очиқлик ва шаффофлик таъминлангани юзасидан тақдимот ўтказилди. Жорий этилган янгиликлар муносиб баҳоланиб, конференция якунида Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига навбатсиз қабул қилинди. Бу кичкина янгилик эмас. Кенгашда яратилган электрон иш юритув ва миллий платформаларга халқаро ҳамжамият томонидан катта қизқиш билдирилмоқда.

— Энди Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби фаолияти ҳақида гаплашсак.

— Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби шаклланиш босқичидан ўтиб бўлди. Бироқ унинг самарадорлигини ошириш учун изланишдан тўхтамаслик керак. Шу мақсадда бу йил Судьялар клубининг жамоатчилик асосидаги бошқаруви Олий суд судьясига юклатилди. Бу ишга ёндошиш, қарашлар, фикрлар хилма-хиллигига кенг имконият яратади. Клубнинг электрон платформасида муҳокама этилган масалалар юзасидан ҳар олти ойда умумлашмаларни таҳлил қилиб, зарур чоралар кўриш ҳам мақсадга мувофиқдир. Клубнинг электрон платформасида муҳокама этилаётган масалалар сони ойдан-ойга кўпайиб бормоқдаки, бу судьяларимизнинг фаоллиги ошаётганидан дарак беради.

Ўтган йили судьялар клубининг электрон платформасида:

– иқтисодий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 1 350 та;

– маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 850 та;

– жиноят ишлари бўйича судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 904 та;

– фуқаролик ишлари бўйича судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 2 308 та мавзу муҳокама қилинган. Қайсики масалада қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки Олий суд Пленуми қарори шаклида тушунтириш бериш талаб қилса, Судьялар олий кенгаши томонидан тегишли тақдимнома киритиш амалиёти йўлга қўйилди. Айнан клубдаги муҳокамалар натижасида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш­лар киритилгани бунга мисол.

Жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик хусусида нима дейсиз?

— Очиқлик ва шаффофлик – Кенгаш фаолиятининг асосий принципи экани қонунда белгилаб қўйилган. Қолаверса, бу — бугунги кун талабидир.

Очиқлик ва шаффофликни эса, оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорликсиз таъминлаб бўлмайди. 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган журналист ва блогерлар учун икки ҳафталик бепул ўқув-машғулотлари ташкил этилди. Якунда фаол иштирок этган 81 нафар журналист ва блогерларга махсус сертификат ва “Судлар фаолиятини ёритишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзига хос жиҳатлари” номли амалий-ҳуқуқий қўлланма тақдим этилди. Бундай тадбирлар суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив мулоқот сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, Кенгаш томонидан ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган журналист ва блогерлар учун танлов эълон қилинди. Уч йўналишда (телерадио, босма ва интернет жуналистикаси, блогерлар) ўтган танлов натижаларига кўра, ғолиб деб топилган 9 нафар ОАВ ходимлари ва блогерларга махсус соврин ва дипломлар топширилди. Бу йил ҳам шундай танлов ўтказиш орқали судлар фаолияти ҳақида ишончли ахборотларни кенг жамоатчиликка етказишни таъминлаш, бунда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга шарт-шароит яратган ҳолатларни тўғри ва асосли ёритишни йўлга қўйиш орқали жиноятчиликнинг олдини олишга ҳам эътибор қаратамиз.

Т. АКБАРОВ суҳбатлашди

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: