АТРОФ ТАБИИЙ МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ: КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛОВЛАРИНИ УНДИРИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ДАЪВОЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Бугунги кунда иқтисодий судлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий идоралари томонидан киритилган экология соҳасида компенсация тўловларини ундириш билан боғлиқ даъволарни ҳам кўриб чиқиб, ҳал этмоқда.

Бу ҳақида фикр юритганда, шуни айтиш керакки, ушбу тоифадаги ишларни кўриш жараёнида аксарият компенсация тўловчи субъектлар ушбу тўловларни амалга ошириш юзасидан ҳақли эътирозларини билдирмоқда.

Аввало, бу ҳолат компенсация тўловчи субъектларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари моҳиятини яхши билмаслигини кўрсатади. Қолаверса, бу борада экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий идоралари томонидан тарғибот тадбирлари етарли даражада амалга оширилмаётганидан далолат беради.

Айтиш керакки, бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга. Чунки эндиликда ушбу соҳадаги муносабатлар юқорида қайд этилган қарор асосида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинмоқда.

Низомга мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудида ифлослантирувчи моддаларни атроф табиий муҳитга чиқариб ташловчи, оқова сувларни оқизувчи ва чиқиндиларни жойлаштирувчи юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни нормативдан ортиқча оқизувчи жисмоний шахслар айнан компенсация тўловчи субъектлар ҳисобланиши назарда тутилган.

Шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи тоифалари мавжуд бўлиб, айни тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар учун тўловлар миқдори лаборатория таҳлиллари асосида, агар атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларда назоратнинг автоматик тизими жорий этилган бўлса, бу ҳолатда компенсация тўловлари ушбу тизимнинг маълумотлари асосида ҳисобланади.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, ҳар бир тоифа учун компенсация тўлови суммасини ҳисоблашнинг белгиланган формулалари бор. Ҳар бир тоифага мансуб компенсация тўловчи субъект компенсация тўловларини ҳисоб-китоб қилиб, ўз вақтида амалга ошириши шарт.

Компенсация тўловчи субъектларда атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштиришнинг тасдиқланган экологик нормативлари мавжуд бўлмаган тақдирда ёки уларнинг амал қилиш муддати ўтиб кетганда, I ва II тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар учун 20, III ва IV тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектларга нисбатан 10 шартли коэффициентлар қўлланилади.

Атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик, чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўлови суммаси ҳисоб-китоби I — IV тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар томонидан электрон ёки ёзма шаклда тузилади. Агар ҳисобот электрон шаклда тузилса, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органларининг электрон базасига киритилиши лозим.

Мабодо ҳисобот қоғоз шаклида бўлса, у икки нусхада тузилади. Мазкур ҳужжат ҳисоб-китобларни солиштириш ва келишиш учун компенсация тўловчи субъектлар жойлашган туман ёки шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига белгиланган муддатларда тақдим этилиши лозим.

Шу билан бирга I ва II тоифага мансуб компенсация тўловчи субъектлар ҳар чоракда атроф табиий муҳит ифлослантирилгани, чиқиндилар жойлаштирилгани учун ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунигача аванс компенсация тўловини амалга ошириши зарур. Ўз навбатида, III ва IV тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар атроф табиий муҳитни ифлослантиргани ва чиқиндиларни жойлаштиргани учун компенсация тўловларини йилига бир марта, ҳисобот давридан кейинги йилнинг 5 февралигача амалга оширади.

Бундан ташқари маблағлар ўз вақтида ўтказилмаган тақдирда, муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун компенсация тўлови бўйича қарздорлик суммасининг 0,1 фоизи миқдорида пеня ундирилиши назарда тутилган. Бироқ бу пеня миқдори қарздорлик умумий суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, экология соҳасига масъул идоралар жойларда компенсация тўловчи субъект вакиллари билан тарғибот тадбирларини янада кучайтириши зарур. Бунда, бир томондан, экология соҳасидаги амалдаги қонунчилик бўйича тушунтиришлар берилса, иккинчи томондан, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлик таъминланади. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, бу каби низолар камайиши ва келгусида судда кўрилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: