ОЛИЙ СУД РАИСИ БМТ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ОЛИЙ КОМИССАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б. Исламов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф. Тюрк билан учрашди.

Мулоқотда таъкидланганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва демократиянинг ҳозирги замон талаб ва мезонларига жавоб берадиган тизимини шакллантириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Учрашувда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим шартларидан бири эканлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий жиҳатлари билан таништирилди.

Сўнгги олти йил мобайнида бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланди, жумладан 3 та кодекс янгидан қабул қилинди, қолганларига зарур ўзгартиришлар киритилди, янги “Судлар тўғрисида”ги Қонун, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилингани мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

Қайд этилганидек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ушбу туб ислоҳотлар одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек суд ҳокимияти мутақиллигини, судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини мустаҳкамлашга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Мулоқот давомида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Конструктив ва самимий руҳда ўтган учрашув доирасида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: