ҚАБОҲАТ ЧОҲИ ЁХУД ГИЁҲВАНДЛИК КАСРИ

Дунёдаги барча халқлар ва миллатлар келажагига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик воситаларига рўжу қўйишнинг аянчли оқибатлари ҳақида узоқ гапириш мумкин.

Ҳолбуки, бу офат биринчи галда ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига салбий таъсир кўрсатади. Инсониятни таназзул ботқоғи сари етаклаётган, чегара танламайдиган бу бало аксарият ҳолларда уюшган жиноятчилик билан боғлиқки, бу унинг ижтимоий хавфини янада оширади.

Иккинчидан, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар инсон соғлиғи ҳамда хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади. Чунки гиёҳвандлик воситалари таъсиридан кишининг руҳияти бузилади, фикрлаш қобилияти заифлашади, бош мия ва асаб толалари зарарланади. Натижада одам ўзи, оиласи ва атрофдагиларга нисбатан лоқайд, эътиборсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари гиёҳвандлик моддалари инсоннинг ҳаётий ўта муҳим аъзоларида сурункали оғир хасталикларни келтириб чиқаради.

Энг ёмони, гиёҳвандлик кўчасига кириб қолган одам ҳаёт билан жуда эрта видолашади. Статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили 200 минг нафардан ортиқ гиёҳванднинг ҳаёти завол топмоқда.

Ҳозирги пайтда дунёда 500 миллион нафардан кўпроқ одам гиёҳвандлик балосига йўлиққан. Уларнинг аксарият қисми айнан куч-қувватга тўлган ёшлардир.

Бундан ташқари дунё миқёсида 57 фоиз жиноятлар гиёҳвандлар томонидан содир этилаётгани ҳам ушбу иллатнинг қанчалик хатарли эканидан далолат беради.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси эълон қилган маълумотларга қараганда, дунё бозорида тарқаладиган гиёҳвандлик моддаларининг асосий қисми Афғонистонда етиштирилмоқда.

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, фуқароларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг сиҳат-саломатлигини асраб-авайлаш устувор вазифа ҳисобланади.

“Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”, “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани бунинг ёрқин исботидир.

Қолаверса, қонунчилигимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратадиган бўлсак, Тойлоқ туманида яшаган ака-ука Обид ва Собир Мирзажонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) паррандачиликни йўлга қўйишни режалаштиришади.

Уларнинг фикри ота-онага ҳам маъқул тушади. Ўзаро маслаҳатдан сўнг Обид онаси билан ишлаш учун хорижга кетади ва ҳар ойда укасига пул жўнатиб туради. Ўтган йилнинг 17 март куни хориждан қайтган Обид уйда ҳеч қандай иш қилинмаганини кўриб, ҳайрон бўлади. Тез орада Собир гиёҳвандликка берилгани, акаси жўнатган пулни шунга сарфлаётгани маълум бўлади.

Шундан сўнг ака-ука ўртасида келишмовчилик бошланади. Обид алам устида пулни топиб беришни талаб қилиб, укасини уйдан ҳайдаб юборади.

Шу тарзда ака-ука ўртасидаги низо тобора чигаллашиб бораверади.

Кунларнинг бирида Обид Собирга “бир соат ичида пулни топиб келмасанг, ўлдираман”, дея пўписа қилади. Бундан қаттиқ ғазабланган Собир ошхонада турган ўткир тиғли пичоқни қўлга олиб, акасининг бош ва бўйин соҳаларига кетма-кет санчади. Оғир жароҳат олган Обид воқеа жойида ҳаётдан кўз юмади. Собир акасининг жасади устига кўрпа ёпаётганда отаси келиб қолади. У қонга бўялиб ётган Обидни кўриб, дод сола бошлайди.

Шунда ёвузликдан эс-ҳушини йўқотган Собир пичоқ билан отасига ҳам ташланади. Аммо бехосдан пичоқ қўлидан чиқиб кетгани боис жароҳатланган ота ёнбоши билан ерга йиқилади. Тошбағир Собир эса, ошхонадан яна пичоқни олиб чиқиб, уни дастлаб отаси, сўнгра акасининг кўкрак қафасига санчади…

Шу тариқа ота ва ака аянчли ўлим топади. Қотил эса, қон теккан уст-бошини алмаштиргач, хўжалик моллари дўконидан елим халталар олиб келади. Жасадларни қопга солиб, ҳовлининг бир бурчагига яшириб қўяди.

Сўнгра акасининг хонасидаги темир сейфни очиб, 10 миллион сўм оладида, унга 4,5 грамм “героин” гиёҳвандлик моддасини сотиб олади.

Сўнг уйга келиб, бамайлихотир гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилади.

Эртаси куни “томорқада ҳовуз қазиш керак” дея уч нафар мардикорни бошлаб келади. Улар Собир кўрсатган жойдан ўра қазишади. Ўра тайёр бўлгач, Собир унга жасадлар ва қон теккан кўрпа-тўшакларни кўмиб ташлайди.

Кейинги куни Собир яна мардикор олиб келиб, ҳовли ичидаги ерни белкурак билан ағдартиради. Девор ва гиламга сачраган қон доғларини қум­қоғоз билан тозалаб, хона ичини бўёқ билан бўяб ташлайди.

Қўли қонга ботган Собир акасининг хонасидаги пулнинг қолган қисмини ҳам олиб, яна “героин” гиёҳвандлик моддасини сотиб олиб, истеъмол қилишда давом этади.

Собир отаси ва укасини сўраган қариндошлар, қўни-қўшниларга улар жўжалар олиб келгани Тошкентга кетганини айтади.

Орадан уч ҳафтадан зиёд вақт ўтса-да, ота-боладан дарак бўлмайди.

Устига устак, уларнинг телефони ҳам ўчирилгани одамларнинг кўнглида шубҳа уйғотади. Охир-оқибат қариндошлар ички ишлар бўлимига ота-боланинг бедарак йўқолгани ҳақида ариза билан мурожаат қилишади.

Жиноят қидирув бўлими ходимлари уларнинг яшаш уйига боришганда, Собирнинг автомашинасидан кичик ҳажмли электрон тарози ва “героин” гиёҳвандлик моддасини топишади.

Шундан сўнг тергов-суриштирув ишлари натижасида С. Мирзажонов отаси ва акасини қасддан ўлдирганини тан олади.

Суд С. Мирзажоновни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “и” бандлари, 273-моддаси 4-қисми ва 5-қисми ҳамда 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди ва унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзанднинг назоратсиз қолиши, яъни отанинг иллатга берилган ўғилни ўз вақтида бу йўлдан қайтармагани, онанинг ишлаб пул топиш учун хорижда юргани оилада бўшлиқни юзага келтирган. Қолаверса, қариндошлар, маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар, профилактика инспектори ҳам бу ҳолатга лоқайд муносабатда бўлган.

Агар улар ўз вақтида Собирга эътибор қаратишганда ушбу фожиа рўй бермаслиги мумкин эди. Бу эса, баён этилганлардан тўғри хулоса чиқаришни тақазо этади.

Одил АЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Тойлоқ тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: