ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ – ҲАЁТИЙ ЭҲТИЁЖ

Мамлакатимиз ҳаётининг иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жа­мия­ти барпо этиш билан боғлиқ бунёдкорона ўзгаришларга Конституциямиз бевосита ҳуқуқий таянч ҳисобланади.

Конституциямиз тарихан синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Бинобарин, амалдаги Асосий қонунимиз 30 йилдан ортиқ муддатдан буён муҳим вазифаларини таъминлаб келмоқда.

Ўз навбатида, кейинги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлат суверенитети принциплари асосида амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар Конституциямизга зарурий ўзгартиришлар киритишни тақозо этди. Шунга кўра, бу борада конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва халқимиз муҳокамасига киритилди.

Лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди. Бу юртдошларимизнинг ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганига яққол далолатдир.

Жорий йил 10 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қарорда лойиҳанинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Конституциявий судга юбориш белгиланди. Шунга мувофиқ, Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказди ва парламентимиз қуйи палатаси қарорини Конституцияга мувофиқ деб топди.

Олий Мажлис Сенатининг 14 март куни бўлиб ўтган мажлисида янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича 30 апрель куни умумхалқ референдуми ўтказилиши белгиланди.

Янги Конституция лойиҳасидаги асосий ўзгаришлар ҳақида сўз борганда унда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияси, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Шу маънода, янги Конституцияда “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил кафолатланмоқда.

Бу – барчанинг қонун олдида тенглиги ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, деганидир. Бу тамойил судларнинг том маънода мустақил бўлиши ҳамда адолатли қарорлар чиқариши, давлат органлари халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Янги Конституция матнида илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишдир.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилмоқда.

Лойиҳада белгиланишича, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Бундан ташқари инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Муҳим янгиликларга яна мисол: ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас.

Жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ, хусусан, “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидалари” инс­титутлари негизида кучайтирилмоқда. Жумладан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги белгиланмоқда.

Ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Инсонни давлат органларининг суиистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлиги ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Энг асосийси, агар шахснинг ўз айбини тан олгани унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

Шахснинг судлангани ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳам инсон озодлиги, шаъни ва қадрини қатъий ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим ҳуқуқий қадам ҳисобланади.

Янги Конституция матнида адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланиши белгилангани ҳам янги Конституция лойиҳасининг нечоғлик халқчил руҳда ишлаб чиқилганидан далолатдир.

Жамшид Садинов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Ташкилий-назорат бошқармаси бошлиғи

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: