МЕНИНГ ТАҚДИРИМ, МЕНИНГ КОНСТИТУЦИЯМ!
Янги Ўзбекистон учун янгиланаётган Конституция адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир. Референдумда овоз бериш учун киритилган янги Конституция матни 65 фоизга янгиланган.
Хусусан, янги Конституциянинг 20-моддаси бешинчи қисмида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб қайд этилган.
Бу қоиданинг янги Конституцияга киритилиши мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаати ҳамма нарсадан устун эканлигини яққол тасдиқлайди.
Шунингдек, янги Конституциямизда Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда.
Айбсизлик презумпцияси янада кучайтирилмоқда. Жумладан, Конституциянинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги қайд этилган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Яна бир масала: янги Конституциямизда шахснинг судлангани ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда. Ушбу қоида айби йўқ шахсга нисбатан айбдор сифатида қараш каби собиқ тузумдан қолган иллатларга тўлиқ барҳам беришга қаратилган.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланиши ҳам кафолатланмоқда.
Шу маънода, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумига ҳеч ким бефарқ эмас. Бинобарин, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга барча юртдошларимиз Бош қомусимиз янги таҳрирда қабул қилинадиган ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнда фаол иштирок этиши шубҳасиз.
Музаффар Мухитдинов,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Кадрлар бошқармаси бошлиғи
Фикр қолдириш